Кириш Регистрация

“Барселона” катта ўзгаришлар остонасида: ҳатто афсоналарга ҳам чиқиш эшиги кўрсатилади

Баҳо:
+ | -

"Барселона" 2021/22 йилги мавсумни яхши якунлади. Каталонияликлар Ла Лига турнир жадвалида  2-ўринни эгаллади. Муҳими эса “кўк-анорранглилар” чуқур инқироздан бироз чиқа олди. Улар ўтган ёзда молиявий қийинчиликлар туфайли Лионель Месси билан хайрлашишга мажбур бўлганди. Бу клубнинг ўйинига жиддий таъсир ўтказди. Аммо ҳозир барчаси нисбатан яхшироқ.

Жоан Лапортанинг президентликка қайтиши ва Хавининг бош мураббий этиб тайинланиши билан вазият аста-секин яхшилана бошлади. Бироқ, ҳозир ҳам "Барселона" қийин аҳволда. Мисол учун, клуб таркибга янги қўшилган Андреас Кристенсен ва Френк Кессиэ билан шартнома имзолай олмайди. "Бавария"дан келиши кутилаётган Роберт Левандовски трансфери билан ҳам худди шундай воқеа. Ҳамма нарса молиявий фейр-плейга олиб келади.

"Бизнинг маошимиз 560 миллион евро, бу "Бавария"дан икки баравар кўп, "Реал Мадрид" берадиган иш ҳақи эса 400 миллион еврони ташкил қилади. Ёзда ҳар бир футболчи билан алоҳида музокара олиб борамиз. Аввало, энг катта шартномага эга футболчилар билан мулоқот қиламиз”, - дейди "Барса" вице-президенти Эдуард Ромеу.

“Mundo Deportivo” нашрининг ёзишича, бу ёзда "Барселона" катта ўзгаришлар остонасида турибди ва деярли барча асосий таркиб ўйинчиларининг маошларини 50 фоизга қисқартирмоқчи. Асосий таркибга лойиқ бўлмаган футболчиларга янги клублар қидиради ёки шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш бўйича музокаралар олиб боради. Бу осон бўлмаслиги аниқ, чунки ўтган мавсумда ҳам бир қатор ўйинчиларнинг маошлари қисқартирилган эди.

Миш-мишларга кўра, клуб афсонаси ва испан футболининг яхши футболчиларидан бири Жерар Пикега ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилади. Гап шундаки, ҳимоячи бонусларни ҳисобга олсак, йилига 20 миллион еврога яқин маош олади. Шартнома бўйича қолган икки йиллик солиқларни ҳисобга олсак, "Барса" унга 80 миллион сарфлашга мажбур бўлади. Ҳозирги шароитда клуб 35 ёшли фахрийга бундай пул тўлашга қурби етмайди.

Яна бир муаммо шундаки, Пике ўтган йили раҳбарият билан учрашгани борган ва маошини вақтинча камайтиришга рози бўлганди. Шу сабаб, клуб Жерардан ҳозир қарздор ва "Барса" ҳимоячига 50 миллион евро тўлаши керак. Миш-мишларга кўра, Жоан Лапорта уни фаолиятини тугатишга ёки ўзаро келишув асосида амалдаги шартномани бекор қилишга кўндирмоқчи.

Френкие Де Йонгнинг сотилиши "Барса"нинг молиявий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. Голландиялик футболчи ҳеч қачон жамоанинг асосий ўйинчисига айланмаган ва Хавининг ўйин услубига тўғри келмайди. "Манчестер Юнайтед" ярим ҳимоячига жиддий қизиқиш билдирганди, аммо футболчи инглиз клуби сафига ўтишдан бош тортди, чунки “қизил иблислар” Чемпионлар лигасида иштирок этмайди. “ПСЖ”га ўтиш варианти қолмоқда ва унинг трансфер нархи 70 миллион еврога баҳоланмоқда.

“Diario Sport” нашри хабарига кўра, "Барса"нинг ёзги трансфер ойнасида катта “тозалаш” ишларини олиб боради. Шунингдек, клуб 8 нафар янги футболчи билан шартнома имзолашини кутилмоқда. Рўйхатдан Кессиэ, Кристенсен ва Левандовскидан ташқари Сезар Аспиликуэта, Маркос Алонсо (иккаласи ҳам “Челси”), Рубен Невеш (“Вулверхэмтон”) ва Рафинья (“Лидс”) ўрин олган.

Лапорта Хавига олдингига қараганда кучлироқ таркибни ваъда қилмоқда, аммо бунинг учун "Барса" биринчи навбатда маоши катта футболчилар билан музокара ўтказиб, мураббийнинг фалсафасига тўғри келмайдиган футболчиларни сотишдан пул топишга ҳаракат қилиши керак. “Diario Sport”нинг қўшимча қилишича, кўра, Хави янги мавсум олдидан жамоани тарк этиши керак бўлган футболчилар билан гаплашиб бўлган: булар Оскар Мингеса, Самуэль Умтити, Клемент Ленгле, Адама Траоре, Рики Пуч, Мартин Брейтвэйт ва Люк де Йонг. Клуб катта эҳтимол билан ёзда ушбу футболчилар билан хайрлашади ёки шартномани бекор қилади. 

Булар “Барселона”  учун қанчалик фойда бериши мумкин?! Бу ҳозирча номаълум. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам “кўк-анорранглилар” молиявий ҳолатини яхшилаш ва кераксиз футболчилар билан эртароқ хайрлашиши керак. Шундан кейингина клубда ўсиш ва олдинги каби совринлар учун кураша оладиган “Барселона”ни кўрамиз.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 17:13, 09.06.2022.
Ўқилди: 11334 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.