Шундай спорт турлари бор-ки, улар фақатгина маълум бир минтақа ёки давлатлардагина ривожланади, жон сақлайди. Масалан, "Сумо" деганда ўз-ўзидан Япония эсланса, "Хоккей" сўзи тилга олинганда ҳамманинг ҳаёлига Россия ёки Канада ўлкалари келади.
Лекин "Футбол" дейилса, фикрлар бир зумда тарқалади. Ҳамманинг футболга боғлиқ ўз хаёллари, ном ва манзиллари ҳамда хотираси бор. Ҳамма ўз маҳалласи, ўзи тўп сурган майдонни эслайди. Кўплаб мамлакатларга назар солсангиз, уларда футболнинг алоҳида ўрни бор эканлигига гувоҳ бўласиз. Агар спорт турлари ҳаммасини алоҳида сайёраларга қиёсланса, футболнинг бир ўзи алоҳида галактика.
Футбол мамлакат имижини тез ва таъсирли кўринишда намойиш қилишнинг бир воситага ҳам айланиб бўлган. Тўғри, анча қиммат бўлган восита бу. Ундан ўша имижни яхшилаш, потенциални намойиш қилиш йўлида муваффақиятли фойдаланаётган ўлкалардан бири — Қатар!
Қатар раҳбарияти томонидан охирги 15 йилда тизимда қилинган уринишлар ҳозир ўз меваларини бериб бошлаган. Миллий жамоа тарихда илк бор Осиё-кубогини қўлга киритди (2019). Мана энди 2022 йилнинг бош турнири, сўнгги тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси ва, Жанни Инфантино таъбири билан айтганда, тарихдаги энг яхши жаҳон чемпионати Қатарда ўтади.
Қатар раҳбарияти томонидан ёшлар футболига қаратилаётган эътиборни алоҳида тилга олиб ўтмоқ керак. Мамлакат сўнгги йилларда кўплаган футбол академияларини бино қилди ва шу орқали маҳаллий аҳолини футболга бўлган эътиборини янада оширди.
Ҳозирги кунда "Барселона" жамоаси муруаббийи сифатида катта натижаларни қўлга киритаётган Хави ҳам Қатарнинг "Ас-Садд" жамоасида тўрт йил (2015-2019 йилларда) тўп тепган. Фаолиятини шу жамоада якунлагач, "Ас-Садд"нинг сардори сифатида майдон ичида жамоани бошқарган футболчи, кейинчалик мураббий сифатида икки йил (2019-2021 йилларда) шу жамоани бошқарди. Хави бошчилигидаги жамоа икки йил ичида нақд олтита кубокни қўлга киритди. Хави "Ас-Садд"ни Қатарнинг "Барселона"си қилмоқчи бўлди ва қисман бунга эришди ҳам.
Хави каби яна кўплаб ёши ўтиб қолган, тажрибали футболчилар Қатарга ташриф буюрмоқда. Бу трансферлар қай даражада фойда бераётганини Хави мисолида кўришимиз мумкин. У каби катта футболчилар, маҳаллий футболчиларга ҳақиқий ўрнак бўлади ва мотивация беради.
Қатарликларнинг қўлга киритган ютуқларини мадҳ этиш билан бирга, уларни камчиликлари ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим.
"Асални ҳам ози ширин" дейдилар. Авом тилида асрдан-асрга кўчиб келаётган бу мақол худди араб футболчилари учун айтилгандек. Араблар (шу жумладан Қатар ҳам) футболчиларга улар лойиқ бўлмаган маошни тўлаб, уларни ўсишдан тўхтатиб қўйгандек гўё. Агар эътибор бериб қаралса, ҳеч қайси футболчи араб диёрларига янги чўққиларни забт этиш, футболчилик карьерасида ўсишга эришиш учун бормайди. Бу ерга келган футболчилар класс жиҳатидан эмас, молиявий тарафдан ўсадилар холос.
Европада, ёшлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда агар бир жамоа порлаб чиқса, шулардан ҳеч бўлмаса икки-учтаси топ-футболчи бўлиб етишади. Масалан, уч йил аввал ўтказилган "U-19 Euro-2019" мусобақасида чемпион бўлган испанлардан Эрик Гарсия, Ферран Торрес каби ўйинчилар ҳозир ҳам катта футболда ўз ўринларига эга.
Бундан бир неча йил аввалги Қатар ёшлар жамоасида ҳам Абдулкарим Ҳассан, Акром Афиф каби истеъдодли ўйинчилар ёриб чиққан, ҳозир эса улар маҳаллий "Ас-Садд" жамоасининг ўйинчилари. Кўплаб ёш иқтидор эгалари турли хил сабаблар ила ички чемпионатда, маҳаллий жамоалар сафида қолиб кетади, бу эса ўсиб келётган Қатар футболи учун бир қадам ортга ташлаш билан баробардир.
Қуш бир қанотлаб учолмагани каби, футболчи ҳам бир қанотда парвоз қилолмайди. Футболчи учун икки қанот (меҳнат ва қобилият) мужассам бўлиши керак. Қатарлик полопонларда эса фақат биттаси (қобилият) бор эди, холос.
Қатар жойлашган "А гуруҳи"да мезбонлар билан бир қаторда Сенегал, Нидерландия ва Эквадор терма жамоалари ҳам бор. Қатарнинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини чамалайдиган бўлсак, бу мезбонлар учун анча мушкул иш эканлигига гувоҳ бўламиз. Тўғри, жамоа ўз мухлислари ичида, ўз уйида ўйнайди. Тўғри, бошқалар учун ноқулай иқлим, мезбонлар учун анча қулай. Лекин, бу факторлар, Қатарни гуруҳдан чиқишу учун "трамплин" вазифасини бажара олмайдигандек гўё. Чунки, мезбонлар Сенегал ва Нидерландия каби таркибида юлдуз футболчилар бор жамоалар билан бир гуруҳда. Қатар бу гуруҳда аутсайдер эканлиги бир қараштаёқ кўзга ташланади.
Лекин унутмаслигимиз лозим-ки, "2019-йили Қатар Осиё Чемпиони бўлади", дейилса ўша вақтда кам сонли мухлислар бу фикрга қўшилган бўларди. Лекин кўрдик-ки, алал-оқибат Қатар бу ишни уддасидан чиқди!
Норбой муаллим.