«Барселона» сардори Серхио Бускетс маошини камайтиришдан бош тортди.
11 июнь куни Каталония клуби директори Матеу Алемани футболчининг вакили Хосе Мария Оробит билан учрашиб, маошни қисқартириш масаласини муҳокама қилган. Алемани ҳозирги иқтисодий танг аҳволда «Барселона» футболчилари маошларининг бир қисмидан воз кечиши кераклигини тушунтирган. Фақат шу туфайли жамоа ёзда кимнидир сотиб олиши мумкин бўлади.
Marca нашрининг хабарига кўра, биринчи йиғилиш натижаларига кўра, ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган — Бускетс маоши қисқариши рози бўлмаган.
Серхионинг амалдаги шартномаси бир йилдан сўнг ўз ниҳоясига етади. «Барселона»нинг бошқа ўйинчилари сингари Бускетс ҳам коронавирус пандемияси таъсири туфайли маошларини қисқаришига розилик билдирган. Аммо каталонияликлар жамоа сардорлари Бускетс, Херард Пике, Хорди Альбани яна бир бор маоши камайишига рози бўлишига кўндириш истагида.
Аввалроқ, Хави билан суҳбатда Пике маоши қисқаришига рози бўлгани хабар қилинганди. «Барселона» раҳбарияти аксарият футболчиларининг маошини 50 фоизга қисқартирмоқчилиги, бу яқинда шартномасини узайтирган ва қишки трансфер ойнасида жамоага қўшилганларга тааллуқли эмаслиги хабар қилинганди. «Барселона» Европанинг энг кўп қарзга эга клублари рўйхатида етакчилик қилаётгани маълум бўлганди.
Серхио Бускетс 2021/22 йилги мавсум «Барселона» сафида барча мусобақаларда 50 та ўйинда майдонга тушиб 3 та голга муаллифлик қилган.