Тармоқларда U-23 Ўзбекистон-Саудия Арабистони финал ўйинига билет масаласи Конституция муҳокамасини ортда қолдириб кетди. Тармоқлардаги шовқин қоидаси доим шундай ишлайди, уни пасайтиришга уриниш шарт эмас, бир шовқинни бошқа янада баландроқ шовқин босиб кетиши мумкин холос.
Билет масаласига қайтсак. Асосий норозилик адашмасам, билет қимматлиги ва олиб-сотарлар билан боғлиқ. Твиттерда Беҳзод Ҳошимов шундай ёзди: "Билет қимматлашишига имкон беринглар".
Диққат марказидаги топ спорт тадбирларида энг асосий муаммо шу. У супероғир вазнлилар ўртасидаги Бокс кечасими ё Жаҳон чемпионати финалими ёки чемпионлар лигаси финали. Йиллар давомидаги хатолар ва тажрибалар бундай тадбирлар учун ташкилотчиларга ягона дарс берган:
"Билет қиммат бўлиши керак".
Чунки таклиф ҳаддан зиёд чегараланган, талаб эса ҳаддан зиёд юқори. Имконияти чекланган ва меҳмонлар учун мингта билет захираланган тақдирда ҳам, ташкилотчилар қолган 29 минг билетни сотишдан максимал фойда кўриши зарур. Бу йўлда уларнинг энг катта душмани олиб-сотарлар, энг яқин иттифоқчиси эса нарх. Шу билан бирга олиб сотарларга қарши маъмурий йўл билан курашиш керак эмас. Чунки улар айни вақтда нарх бўйича сигналчи ҳам, ҳам талабни янада оширувчи промоутер бўлиб хизмат қилишади.
Best practice моделларида лот ва нарх порцияларга бўлиб сотишдан аукционларгача бўлган вариантлар мавжуд. Лекин уларни битта стержень ушлаб туради: билетлар талаб юқорилигига мувофиқ қиммат нархларда ва имкон қадар инсон омилини четга чиқарган ҳолдаги онлайн тарзда сотилиши керак.
P.S. Илтимос сўкманглар, бу футбол мухлиси ўлароқ эмас, иқтисодий ҳодиса кузатувчиси сифатидаги фикрлар.