Бир неча кун олдин “Барселона”нинг янги ҳариди ҳисобланмиш, Пабло Торренинг ўйин услуби, устун жиҳатлари ва Хави ишониши мумкин бўлганлиги ҳақида ёзгандим. Таҳлил якунида яна бир исм ҳақида гап бошланган ва у йигитча катта эҳтимол билан “Реал”да пайдо бўлиши ҳақида айтгандим. Тўғри ҳали Альваро Лейва “қироллик клуби”да эмас. Аммо биз билган “Галактикос” ўзига бу даражада мос тушадиган футболчини беэтибор қолдирмаса керак. Келинг, қуйида Альваро Лейва исмли вундеркинднинг ўйин услуби ва нима сабабдан “Реал”га мос келиши ҳақида гаплашамиз.
Альваро Лейва (2004, “Альгеcирас”)
Альваро Лейва - 17 ёшли испаниялик вингер, у ўзининг болаликдан клуби "Алгесирас"да РФЕФ Примерасининг 2-гуруҳида ўйнайди. У ўтган мавсумда 16 ёшида дебют қилган ва ўшандан бери у 27 ўйин ўтказиб, 3 гол урган.
У 2022 йил бошида Испания U-19 терма жамоасида дебют қилган ва яқинда Испания U-19 жамоасига чақирилган ва у ерда Пабло Торре билан бир таркибда майдонга тушган.
Лейва одатда “Алгеcирас”нинг 4-4-2 чап қанот ярим ҳимоясида ўйнайди, лекин ҳужумчининг ўнг томони ёки ортида ҳам ўйнаши мумкин, бу уни турли тактикаларга мослаша оладиган футболчига айлантиради.
Пабло Торре сингари, Лейва ҳам 1,73 метрли жуссага эга, бу уни жуда кичик прототип қанот ҳужумчисига айлантиради. Табиийки, ўнг оёқли, у ажойиб даражада тезлашув, чаққонлик ва тезликка эга, бу унга кичик ва катта майдонларда ўйинчиларни осонгина ўтиб кетишига имкон беради.
Унинг тезлигидан ташқари, Лейва яккама-якка курашда рақибни доғда қолдириш учун жуда кўп қобилият ва маҳоратга эга ва бу унинг энг яхши хусусияти ҳамда уни бошқа ёш вингерлардан ажратиб турадиган жиҳатидир.
Лейва энг кўп дриблингга уриниш (90 дақиқада ўртача 9,01) ва муваффақиятли (90 дақиқага ўртача 4,96) вингерлар қаторига киради. Унинг дриблингдаги муваффақияти 55,03% ўртача кўрсаткичдан юқори ва шунча кўп дриблинг қилишга уринган вингер учун жуда яхши. Унинг тўпни олиб юриш қобилияти лигадаги энг яхши прогрессив югуриш кўрсаткичларидан бирига эга бўлишига олиб келади – 90 дақиқада ўртача 3,31.
У тўпни қабул қилиши биланоқ ўгирилиб, жуда тез дриблинг қилишга ҳаракат қилади. У дриблингларни ёқтиради, у шунчаки бўш жойларга югуриб, рақибларини осонлик билан ортда қолдиради.
Лейва дарвоза чизиғига жуда осон этиб боради ва у ердан тўпни яхши вазиятдаги шерикларига кўп етказади. У буни деярли автоматик тарзда амалга оширади, шунинг учун ҳам жамоадошлари уни тушунишлари кўп нарсани ҳал қилади. Айни пайтда у жамоасида муносиб ассистентлик қилмоқда, аммо зарбали узатмаларда (90 дақиқага ўртача 0,43) ёки асосий пасларда (90 дақиқага ўртача 0,21) ажралиб турмайди.
У ташқаридан дриблинг қилиш ва тўпни ортдан узатиш ўрнига чапдан жарима майдончасига етказганда, у паслар орқали ўйнаш учун қандайдир сифат ва қарашни намойиш этади ва бунда 90 дақиқага ўртача 0,85 узатма билан ажралиб туради.
Бироқ, Лейванинг тўп узатиши, айниқса, дриблингдан сўнг тўпни тез узатганида, статистикалар унчалик яхши эмас. Унинг аниқлик кўрсаткичи 65,45 фоизини ташкил қилади. У комбинацияларда фаол иштирок эта олмайди ва кўпинча узатмаларига аниқлик етишмайди.
Майда тўп узатишнинг аниқлиги ёмон бўлмаса-да, Лейва мисолида, агар у тўпни узатишдан олдин бироз секинлаша олса ва ҳар доим ҳам жуда юқори тезликда ўйнамаса, у сезиларли даражада ошади. 17 ёшли вингернинг жуда тез ўйнаши одатий ҳол, шунинг учун вақт ўтиши билан у табиий равишда яхшиланиши керак.
Ўзи гол уриш бўйича Лейва жуда яхши. У 90 дақиқада ўртача 0,14 дан 0,15 та гол уради, бу яхши, аммо ажойиб эмас. Унинг зарба танлаши ҳам, тугатиш техникаси ҳам яхшиланиши керак. У узоқдан жуда кўп спекулятив зарбаларни йўллайди. Бу зарбалар асосан ноаниқ ёки блокланган (унинг зарбаларининг атиги 30% аниқ чиққан).
Лейва жуда меҳнаткаш футболчи сифатида ажралиб туради. Бундай ёшлигида у мудофаа вазифаларини бажаришда жуда фаол ва уларда жуда самарали. У 90 дақиқада ўртача 7,62 та ҳимоявий дуэлда қатнашади ва уларнинг 60,84 фоизида ғалаба қозонади.
Статистик жиҳатдан "Барселона" ёки "Реал Мадрид"нинг Лейвага ўхшаш ўйинчилари Эз Абде (79%) ва Гарет Бэйл (78%). Қуйидаги радарлар унинг Барселонадаги Эз Абде билан таққосланганини кўрсатади. Кўряпмизки, иккаласи ҳам жуда яхши дриблингчилар ва ҳимояда жуда қаттиқ меҳнат қилишади, лекин Абде тўпни тез-тез олдинга олиб чиқмаса ҳам, Лейвадан кўра кўпроқ ва яхшироқ имкониятлар яратади.
Агар Торре "Барселона"нинг классик ўйин услубига мослашган бўлса, Лейва "Реал Мадрид"га кўпроқ мос тушади. Унинг дриблинг қобилияти ва тезлиги "Реал Мадрид" каби тез-тез қарши ҳужумга ўтадиган жамоада катта бойлик бўларди. Қайсидир маънода, Лейва бизга Винисиус Жуниорни эслатади, у ҳали ҳам имкониятлар яратиш ва гол уришда бироз оқсайди.
Лейва ўз ўйинини янада кучайтириш эҳтимоли юқори. Негаки ҳали 17 ёшда. Ўзининг тезлиги, иқтидори ва дриблинги билан ажралиб турадиган 17 ёшидаги футболчи камдан-кам учрайди. У қаерга бормасин, у “Алгеcирас”нинг тарихидаги энг қиммат трансферига айланади.
Хулоса
Б жамоалари иккинчи дивизионгача катталар футболини ўйнай олгани учун Испанияда кўп иқтидорларга эга бўлса ҳам, баъзи клублар борки, улар иқтидорларни ишлаб чиқаришга қодир ва уларни асосий жамоада майдонга тушмагунча сақлаб қолишади.
Айни дамда Торре ва Лейва бунга яққол мисол бўла олади, бироқ, масалан, “Депортиво” ҳам юлдуз ўйинчиларни етиштиришда ажойиб иш олиб бормоқда, уларнинг U-19 жамоаси ўтган мавсумда лигада ғолиб чиқди ва бу мавсумда ҳам УЕФА Ёшлар лигасида ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Бу футболчиларнинг кўпчилиги аллақачон асосий жамоада ўйнаган ва Испаниянинг турли ёшлар терма жамоаларида ўйнашган.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.