Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Месси кинода роль ўйнади, Роналду ТикТокни забт этди. Футбол юлдузлари таътилни қандай ўтказмоқда?

Баҳо:
+ | -

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Европада миллий чемпионатлар якунланди. Аммо ҳамма ҳам дарҳол таътилга чиқмади. 1 июндан 14 июнгача Миллатлар лигасида кўплаб юлдузлар терма жамоага жалб қилинди. Баъзилари икки ҳафта ичида тўртта ўйин ўтказди!

Жанубий америкаликларга омад кулиб боқди: масалан, Бразилия ва Аргентина бор-йўғи иккита учрашув ўтказди. Терма жамоалар олдидаги қарзини тўлаб, олий чемпионат футболчилари ниҳоят таътилга чиқишди. Оғир ўтган мавсумдан сўнг футболчилар ўз вақтини қаерда ўтказмоқда?

“Манчестер Сити”га трансфери амалга ошган ва “Боруссия” билан хайрлашган Холанд терма жамоага йўл олди. Миллатлар лигасининг тўртта ўйинида норвегиялик футболчи 5 гол ва бир голли узатма қайд этиб, таътилга яхши кайфиятда чиқди. Бир йил аввал форвард Грециянинг “Миконос” оролидаги ресторанлардан бирида тушлик учун 500 000 евро сарфлаб, дўстлари билан кўнгилхушлик қилган эди. Бу йил эса ҳужумчи ўзини анча камтарроқ тутмоқда.

Таътилга чиқиш олдидан Неймар Жанубий Кореяга қарши ўйинда дубл қайд этди ва Япония дарвозасига битта гол урди. Энг қизиғи уларнинг барчасини пенальтидан киритди. Миллий терма жамоа йиғинидан сўнг форвард ўзининг қиз дўсти, актриса Бруна Марчесин билан Маямига йўл олди ва Лас-Вегасдаги бутунжаҳон покер сериясида ўзини синаб кўрди. Бундан ташқари, таътилда бразилияликнинг йўли Оделл Бекхэм (америкача футбол юлдузи) ва “Ювентус” ярим ҳимоячиси Артур Мело билан кесишди.

Финалиссимада ғалаба қозониб, Эстонияга бешта гол урган Месси оиласи билан таътилга чиқди. Бунгача аргентиналик Лотин Америкасида “Ҳимоячилар” сериалининг суратга олиш жараёнларида иштирок этган. Лео иштирокидаги саҳна 2023 йилда намойиш этилиши кутилмоқда. Таътилда Месси футболни унутмайди. Ҳужумчи ўз фарзандлари Тиаго ва Матео билан бирга тўп тепмоқда. Ўйиннинг мақсади тўпни иложи борича бош билан узоқ вақт ҳавода ушлаб туришдир.

“ПСЖ” билан янги шартнома имзолаган Килиан Мбаппе камтарона дам олмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бассейндан битта, шунингдек, ниқобли кўринишдаги бир суратни эълон қилган. Эслатиб ўтамиз, Мбаппе нафақат “ПСЖ”, балки Голливуднинг “WМЕ Sports” агентлиги билан ҳам шартнома имзолаган.

Чемпионлар лигасининг энг яхши тўпурари Карим Бензема таътилни Биг-Бен тахаллуси остидаги қўшиқчи билан бирга ўтказяпти. Унинг қўшиқлари остида Карим спорт залида машқ қилади ва жисмоний ҳолатини сақлаб қолади.

Аргентиналик футболчилар – Анхел Ди Мария, Леандро Паредес ва Жовани Ло Чельсо дам олиш кунларини бирга ўтказмоқда. Футболчилар фил ҳайкалига сакраш бўйича мусобақалашишга қарор қилишди. Агар Ди Мария ва Паредес бу вазифани уддалай олишган бўлса, 26 ёшли Ло Чельсода бироз муаммолар кузатилган.

“Бавария”га янги келган Мане эса ўз қишлоғига йўл олди ва у ерда маҳаллий йигитлар билан даҳшатли шароитда футбол ўйнади. Сенегалликлар ўйинни лой футбол майдонида ўтказишди. Ёмғирга қарамай, юздан ортиқ одам юлдузли ватандошини кузатиш учун йиғилди.

Икки дўст – Квинcи Промес ва Мемфис Депай ҳам Африкада бўлиб турибди. Улар ўз вақтларини Ганада ўтказмоқда. У ерда “Спартак” ва “Барселона” футболчилари ўз мухлислари билан рақсга тушишди.

Роберт Левандовски ўзининг рафиқаси ва икки фарзанди билан Францияда дам оляпти. Ҳужумчи теннис ўйнади ва ҳатто Рафаэль Надал билан ҳам беллашишга муваффақ бўлди.

Роналду эса барчани ҳайрон қолдирди. У қиймати 5,5 миллион фунт стерлинг турадиган яхтада машқ қилади, спорт залига ташриф буюради ва жияни Алисия Беатрис Авейру ва ўғли Криштиану Жуниор билан ТикТокда видео ёзиб олади. Бойларга мазза...

Энг шовқинли таътил – Англия чемпиони Жек Грилиш иштирокида содир бўлди. У Лас-Вегасда зиёфат уюштирди ва у ерда маҳаллий барлардан бирининг VIP имтиёзларидан фойдаланди. Бу хизмат “Ман Сити” футболчисига 95 000 еврога тушди ва унда 116 шиша шампан виноси бўшатилган. Грилиш жамоасининг АПЛдаги ғалабаси учун “тост” кўтарди. Зиёфатда Грилишга “Ливерпуль” ҳимоячиси Эндрю Робертсон ҳамроҳлик қилган.

Грилиш аввал бўлгани каби зиёфатдан сўнг “ўчиб қолган”.

Манба: www.championat.com
Киритилди: 13:47, 26.06.2022.
Ўқилди: 15191 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.