Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Осиё Ер шарини ҳайратга солганида...

Баҳо:
+ | -

Сеул кўчаларида тўпланган қизил либосли оломон ва хурсандчиликдан ўзларини Осака бўйлаб оқадиган Дотонбори дарёсига ташлаётган қувноқ мухлислар.

Булар - 20 йил олдин Жанубий Корея|Япония-2002 мундиали вақти бутун дунёга тарқалган тасвирлар. Ҳа, 2002 йили улкан Осиё жаҳон кубоги баҳона дунёга ўз бағрини ҳар қачонгидан кенгроқ очган ва чинакам футбол байрами оғушига тушганди. Afc.com сайти бўлажак ЖЧ старти тобора яқинлашаётган паллада 20 йил аввал 30 кун давом этган ўша ажойиб феерияга назар ташлаш асносида барчани яна бир бора Қатарга чорлади: «Ишонтириб айтамизки, футбол оламини олдинда oсиёча беқиёс байрам кутиб турибди».

*** 

20 йил бурун жаҳон ва Осиё футболининг ўзаро уйғунлашувида янги давр бошланган эди. 2002 йилнинг ёзида «сариқ қитъа»даги икки мамлакатга жаҳоннинг энг кучли 32та миллий жамоаси тўпланди. Мақсад футбол форумида қатнашиш ва танланган 20та стадионда жаҳоннинг нав­батдаги чемпионини аниқлаш эди. Бу - Осиё футболи учун чиндан ҳам, тарихий лаҳзалар. Ахир ер юзидаги энг сераҳоли қитъа бунга қадар жаҳон чемпионатига бирор марта мезбонлик қилмаганди. Бошида мундиал мезбонлик ҳуқуқининг ОФК таркибидаги икки энг кучли футбол салтанати ва ўзаро рақибларга берилгани жамоатчиликда турлича қабул қилинди. Лекин бу вазият тақозоси эди, чунончи, Жанубий Корея ва Япония энг нуфузли турнирни биргаликда ташкиллаштириш йўлида баҳамжиҳат иш тутди. Шу тариқа 31 май - 30 июнь кунлари оралиғида корейс-япон жуфтлиги ҳамкорлиги бутун дунё эътиборида бўлди. Асосийси, глобал форум баҳона нафақат етук футболчилар, балки ер юзининг турли нуқталаридаги мухлислар ҳам мундиал учун махсус қурилган стадионларда ўтказилган ўйинлар воситасида Осиё маданиятидан тўлиқ баҳра олишди.

*** 

Аслида жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиш йўли анча чалкаш эди, аммо Сеулда жойлашган улкан стадионда, 62561 мухлис қаршисида бўлган очилиш маросими ва илк ўйин барча шубҳа-гумонларни тарқатиб юборишга кифоя қилди. Шу ондан бутун дунё диққат-эътибори бир ойга чўзилган чексиз ҳаяжонли учрашувларга қаратилди. Бунда дебютант сифатида қатнашган Сенегал термаси турнир сюрпризларга бой ўтишига ишора қилди: марҳум Бруно Метсю бошқарувида майдонга тушган «шерлар» жаҳон ва Европанинг амалдаги чемпионини ягона гол эвазига доғда қолдиришди. Эътиборлиси, Папа Буба Диоп ҳисобни очган паллада ўйиннинг энди 30-дақиқаси бошланган эди, бироқ қудратли таркибга эга Франция термаси қолган вақтда ўзини ўнглолмади ва мағлубликка маҳкум бўлди. Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган, аммо жаҳон чемпионати каби асосий футбол турнирига боғлиқ иштиёқни ҳеч қачон бошидан кечирмаган Жанубий Корея|Япония учун драматик старт! «2002 йилги жаҳон чемпионати давомида бутун Япония футбол билан қоришиб кетганди, - дейди Япония футбол ассоциация­си президенти Козо Ташима. - Бунга қадар Японияда футбол маданияти одамлар ҳаётига ҳали сингиб улгурмаганди. Мундиал эса барчасини кескин ўзгариб юборди. Ваҳоланки, бизда J League турнири 1993 йилиёқ йўлга қўйилганди. 2002 йилга келиб, Япония дунё спортидаги энг йирик тадбирлардан бирига бағрини очгач, миллий лигага қизиқиш ҳам юқори нуқтага кўтарилди. Яъни одамлар ўйин кўламини бошдан кечириш асносида футболнинг асл қадрини англаб етишди. Шу тариқа Япония футбол маданиятига асос солинди».

*** 

Ҳар икки мамлакат бутун дунёдан ташриф буюрган мухлисларга бағрини очди. Кундан кунга карнавал муҳити ошиб борди, минг-минглаб одамлар кўчаларга чиқишди, ҳаттоки, Ниигата ва Ульсанда жойлашган стадионлар оралиғидаги масофани конга рақси билан босиб ўтишга одатланишди. Тўғри, Осиё шарафини ҳимоя қилган ОФК жамоалари қарама-қарши таассурот уйғотди. Дейлик, Хитой термаси жаҳон чемпионатидаги дебютида қандайдир каромат кўрсатолмади. Лекин инсоф юзасидан айтиш керак, Чин юрти вакиллари гуруҳ босқичида ўта кучли рақибларга дуч келишганди - Бразилия, Туркия ва Коста-Рика жамоалари. Катта умид уйғотган Саудия Арабистони миллий жамоаси эса Саппорода германияликларга асло қаршилик кўрсатолмади (1:8), кейин шу мағлубият таъсиридами, Камерун ва Ирландия термаларига қарши баҳсларда ҳам салбий натижа қайд этди.

*** 

Икки мезбон жамоа аксинча, Осиё футболи ҳам чакки эмаслигини амалда исботлади. Чунончи, Япония ва Жанубий Корея термалари синхрон равишда, яна тетик футбол билан «плей-офф» босқичига чиқди. Умуман, бу жуфтлик шунинг баробарида Осиёнинг энг яхши натижасини кўрсатишга ҳам зимдан ўзаро рақобатлашди, гўё. Биринчи бўлиб «самурайлар» бошлашди: 4 июнь, шовқин-эҳтиросли «Саитама» стадиони, рақиб - Бельгия термаси. Мазкур учрашувда жанговар дуранг натижа қайд этилди - 2:2. Кейин навбат Жанубий Корея миллий жамоасига келди: нидерландиялик Гус Хиддинк тайёрлаган «Тэжу жангчилари» Пусанда Польша термасига қарши кечган баҳсда ишончли ҳаракатланиб, якунда дастлабки 3 очкони расмийлаштиришди - 2:0. Taeguk Warriors яна 3 кун ўтиб, анча кучли таркиб ҳосил қилган АҚШ миллий жамоаси билан куч синашди ва 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлди. 2-турда осиёча ғалаба шодиёнасини эса японлар давом эттиришди. Россия термасига тўқнаш келган мезбонлар ягона гол эвазига ўз ҳисобларига дастлабки 3 очкони, Осиё жамғармасига эса иккинчи ғалабани ёзиб қўйишганди. Гуруҳ босқичининг якуний турига келиб, мезбонлар жуфтлигининг натижаси деярли бир хил кўриниш олди. Яъни японлар тунисликларни 2:0 ва корейслар португалларни 1:0 ҳисобида доғда қолдириб, ўз квартетларида 1-ўринни эгаллашди. Алоҳида айтиш керак, бу ҳам Япония, ҳам Жанубий Корея футболи учун ЖЧ «плей-офф» босқичига илк марта бош суқиш эди. 

*** 

Японча сериал «ҳаёт-мамот» жангларининг биринчи раундидаёқ хотима топди: «Мияги» стадионида туркларга қарши кечган ўйин мезбонларга шунчаки, алам улашди. Бинобарин, Умит Даваланинг тезкор голидан кейин Филипп Трусье бошқарувидаги «самурайлар» барчасини тўғрилашга қаттиқ уринишган, аммо якунда мағлубликни тан олишганди. Корейсча сериал аксинча, мўъжизавий тарзда давом этди. Хиддинк жамоаси аввалига «овертайм»да ўша вақт Италияда ўйнаган Ан Жун Хван томонидан урилган гол эвазига итальянларни мундиалдан четга чиқаришди. Корейслар шундан кейин Испания термаси билан баҳслашишди ва мағлубиятдан сеҳрли тарзда қочиб, пенальтилар серияси воситасида ярим финалга йўл очишди. Осиё футболи учун мислсиз натижа! Уларнинг ажойиб юришларини фақат тартибли Германия термаси тўхтатиб қолди. Финалда Бразилия термаси ва Роналдо олдида ожиз қолган немислар айнан тартибли ҳаракат эвазига мезбонлар йўлини тўсган ва бу билан миллионлаб корейслар қалбини парчалангандилар. «Хон Мён Бо, Парк Жи Сун, Ан Жун Хван - мундиал-2002да воқеалар ривожини айнан шу йигитлар бутунлай ўзгартириб юборишганди, - деди Гус Хиддинк яқинда Best Eleven журналига берган интервьюсида ўша сеҳрли юришни эслаб. - Алоҳида тан олишим керак, ўз ролларини мукаммал бажарадиган футболчиларга эга бўлмаганимда, ҳеч нарсага эришолмасдим. Ўша вақт Осиё жамоасининг ЖЧ ярим финалига чиқиши чинакам мўъжиза саналарди. Футболчилар ва аҳил жамоа туфайли шундай мўъжиза қайд этгандик. Яширмайман, ҳар бир раунддан кейин бошқасининг иложи йўқлиги ва манзилга етиб келганимиз ҳақида ўйлаган, лекин буни футболчиларга сездирмаганман. Ҳаммасини вақт ўз ўрнига қўйганди».

***

Зимдан олиб борилган рақобатда кореяликлар 4-ўринни эгаллаб, японлардан устун эканликларини исботлаган бўлсаларда, франциялик Филипп Труссье ҳам «самурайлар» бошқарувидаги даври, айниқса, ЖЧ-2002ни катта ғурур ва кучли энтикиш билан эсга олади: «Ўша жаҳон чемпионати шахсан мен учун - алоҳида саҳифа, катта ютуқ. Олдимга 4 йил ичида рақобатбардош жамоа шакллантириб, мезбон иштирокчига муносиб натижа кўрсатиш вазифаси қўйилганди. Очиқ айтиш керак, ўшанда Япония футболи учун мундиал гуруҳ босқичидан чиқиш катта натижа саналарди. Ғурур бағишлайдиган томони, биз шунга эришдик. Ваҳоланки, нисбатан ёш таркиб билан ўйнагандик. Дейлик, атиги 1-2 нафар футболчимиз Европада ўйнашарди, қолганлар маҳаллий лига вакиллари эдилар. Ўйлайманки, бундай жамоа билан ЖЧда «плей-офф»га кўтарилиш - қойилмақом натижа. Шунингдек, жаҳон чемпионатидек мусобақада мезбонлар жамоасини бошқариш ўзига хос тажриба бўлганди. Бу мен мен учун сира ёддан кўтарилмайдиган ажойиб воқелик. Эҳтимолки, бутун мураббийлик фаолиятимдаги энг катта ютуқ ҳам шу, менимча».

Ҳа, 2002 йилги жаҳон чемпионати Осиё футболи учун тарихий воқеа сифатида муҳрланган. Бу йил эса дунё футболи яна бир осиё­ча тарих гувоҳига айланса, ажамас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 17:00, 26.06.2022.
Ўқилди: 3176 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.