Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бутса бўйича энг қимматбаҳо келишувлар (топ-10)

Баҳо:
+ | -1

Adidas, Nike ва Puma - бу компаниялар жаҳон спортида катта мавқега эга. Хусусан, 3та  гуруҳ ҳам футболга тараққиётнинг бош майдони сифатида қарайди. Ривожланиш ва даромад салмоғида эса юлдуз футболчилар билан тузилажак тижорат битимлари муҳим. Зеро, бугунги ҳаётда ҳар қандай маҳсулот кучли рекламага муҳтож. Айниқса, спорт атрибутлари, жумладан, бутса моделлари. Табиийки, юлдузлар текинга реклама қилишмайди. Демак, бугунги фотожамланмада  бутса рекламаси ортидан катта пул олаётган футболчиларга эътибор қаратамиз, аниқроғи, бу борадаги энг йирик 10та келишувга.

10-ўрин: Муҳаммад Салоҳ - Adidas 
Шартнома қиймати: йилига 2,5 миллион фунт
Мисрлик голеадор айниқса, охирги 3-4 мавсум «Ливерпуль» ўйинида катта роль бажармоқда. Салоҳ ўз юртида Pepsi ва Vodafone компания­лари маҳсулотларини тарғиб этади. Футбол майдонида Adidas томонидан ишлаб чиқарилган «Х18» моделига мансуб бутсадан фойдаланиш асносида йилигa нақ 2,5 миллион фунтни қуртдек санаб олади.


9-ўрин: Марко Верратти - Nike
Шартнома қиймати: йилига 2,5 миллион фунт
Италиялик кўплаб футболчилар Puma тарафидалар аслида. «ПСЖ» футболчиси эса 2017 йили бу компания билан алоқани узиб, Nike томон оғди. Верратти шундан буён АҚШ компаниясига тегишли Hypervenom Phantom III бутсасини кийиб, йилига қўшимча 2,5 миллион фунт топяпти. 


8-ўрин: Поль Погба - Adidas
Шартнома қиймати: йилига 3 миллион фунт
Франциялик футболчи спорт оламида улкан маркетинг объектига айланиб улгурди. Чунончи, Погба ижтимоий тармоқларда фаол, обуначилари ҳам кўп. Поль жумладан, Adidas билан бутса масаласида умумий қиймати 30 миллион фунт стерлингга тенг 10 йиллик битимга эга. Бу шартнома 2024 йилгача амалда бўлади. 


7-ўрин: Антуан Гризманн - Puma 
Шартнома қиймати: йилига 3,5 миллион фунт
Гризманн - Европада Puma билан фаол ҳамкорлик қилаётган футболчи. У Германия компанияси билан 2015 йили шартнома тузганди. Шундан буён ғазнасига ҳар йили 3,5 миллион фунт тушмоқда. Puma ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш учун 2019 йили ҳаттоки, Future 4.1 NETFIT Grizi номи остида чекланган миқдорда бутса ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.


6-ўрин: Гарет Бэйл - Adidas
Шартнома қиймати: йилига 4 миллион фунт
Уэльслик юлдуз «Реал» мухлисларини ҳафсаласизликка туширган бўлсада, Adidas бренди учун беназир маркетинг мақомида қолмоқда. У Германия компанияси бутсаларини реклама қилиш асносида йилига «атиги» 4 «лимон» топяпти. Айтиш ўринли, Гарет фаолиятининг чўққисига чиққан пайт EA Sports ва Lucodze билан ҳам фаол ишлаганди.


5-ўрин: Марио Балотелли - Puma 
Шартнома қиймати: йилига 5 миллион фунт
31 ёшли фахрий охирги мавсумда «Демирспор» (Туркия) шарафини ҳимоя қилди. Лекин италиялик «бебош» вақтида Европанинг энг салоҳиятли футболчилари қаторига кирган ва аввалига Nike, кейин Puma билан 10 йиллик мўмай шартнома тузганди.


4-ўрин: Килиан Мбаппе - Nike
Шартнома қиймати: йилига 14 миллион фунт
«ПСЖ»да қолиб, «Реал»ни кўп ранжитган франциялик голеадор футбол маркетингида Криштиану Роналду ва Лио­нель Мессининг энг асосий рақотчиси саналади. Nike Килиан билан келишувга эришиш йўлида катта харажатдан қочмади: 2019 йили расмийлаштирилган шартнома (10 йиллик)нинг умумий суммаси - 140 миллион фунт.


3-ўрин: Криштиану Роналду - Nike
Шартнома қиймати: йилига 15 миллион фунт
Португалиялик юлдуз Nike билан муддати чексиз (умрбод) шартнома тузган 3 нафар спортчидан биридир (баскетболчилар - Майкл Жордан ва Леброн Жеймс каби). Айрим маълумотларга қараганда, келишув қиймати 780 миллион фунтга тенг. Хусусан, бутса тарғиботи учун белгиланган йиллик сумма - 15 миллион фунт. 


2-ўрин: Лионель Месси - Adidas
Шартнома қиймати: йилига 18 миллион фунт
Аргентиналик юлдуз эса Adidas билан бир умрга боғланган. 34 ёшли футболчида Adidas Messi номи остидаги шахсий бутса бренди ҳам бор. Факт шуки, Лео бу атрибут ортидан Роналдуга нисбатан кўпроқ топяпти.


1-ўрин: Неймар - Puma
Шартнома қиймати: йилига 23 миллион фунт
Бразилиялик юлдуз 2020 йили фақат футбол эмас, бутун спорт тарихидаги энг қимматбаҳо шартномани расмийлаштирди. Энг қизиғи, Puma Неймарни қачонгача йилига 23 «лимон» билан сийлаши сир тутилмоқда. Муҳими, у ҳозирда шунчаки, бутса ки­йиб, майдон ва суратга тушгани учун йилига 23 миллион фунт олмоқда.


Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:30, 14.07.2022.
Ўқилди: 7108 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.