"Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких "Динамо" билан дебют ўйинидан (3:2) кейин матбуот анжуманида қатнашди.
- Биз мухлислар учун ўйнаймиз. Ўйлайманки, улар бугун биздан рози бўлишди. Очиқ футбол кўрдик ва шунга яраша 5 та гол гувоҳига айландик. Бизда камчиликлар кузатилди. Энг муҳими, 3 очкони қўлга киритдик. Ўйинимизни батафсил кўриб чиқиб, хатолар устида иш олиб борамиз.
Бир футболчимизни қайдномага киритишга улгурмадик. Ўйлайманки, кейинги баҳсгача бу масалани ечамиз. Ҳамробековни марказий ҳимояда ўйнатишга тўғри келди. У бу чизиқда олдин ҳам ўйнаган. Одил бугун ишончни оқлади. У ва бошқа футболчиларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Узоқ танаффусдан кейин биринчи расмий учрашув бўлгани учун ҳаяжон сезилиб турибди.
Банашак сизларни эмас, бизни лол қолдириши керак. Ўйинчи сифатида ундан қониқяпман. Унинг трансфери бўйича шахсан ўзим шуғулландим. У – ҳақиқий ҳужумчи, Шаркич марказий ҳужумчи эмасди. У орқароқда тўп тепарди. У ўйнайдиган чизиқда ўзимизда ҳам талайгина футболчилар топилади. Мен у билан гаплашдим. Оливер қолганида, захирада қолиб кетарди ва ўйин амалиётига эга бўлмасди. Яна бир бор қайтараман, Пшемислав Банашак – ҳақиқий форвард, Шаркич орқароқда ўйнарди.
Ҳамма футболчиларимиз борини бериб ҳаракат қилишди. Ўзингиз кўрдингиз. ўйин охирида ҳам жуда қийин бўлди, Барчасини ҳаяжонга боғлаган бўлардим.
Ҳимоядаги ўйинимизга келсак, 2 та гол ўтказдикми, демак, бизда муаммолар бор. Ўйинни кўриб чиқиб, хулоса чиқарамиз. Ўз майдонида гол ўтказишга "Пахтакор"нинг ҳаққи йўқ. Нафақат уйда, балки меҳмонда ҳам. Афсуски, "Насаф" билан ўртоқлик ўйинидан тўғри хулоса чиқармабмиз, стандарт ҳолатда оқсадик. Бу муаммони бартараф қилишга ҳаракат қиламиз. Бошқа бундай хатолар такрорланмаслиги даркор.