Англиянинг амалдаги чемпиони бўлган "Манчестер Сити" устози Хосеп Гвардиола ЕЧЛ ўз жамоаси учун ҳали ҳам орзу ва мақсадлигича қолаётганини билдирди. Испаниялик мутахассис етти йилдан бери "шаҳарликлар"ни бошқариб келмоқда. Бу Гвардиола мураббийлик фаолиятидаги энг катта даврдир. Бу пайтда у 4 марта Англия чемпиони, 4 марта лига кубоги ҳамда бир марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Бироқ, ҳали-ҳамон Европа саҳнида бирор натижага эришилмади. У "Барселона" билан икки карра ЕЧЛни ютишга эришган. Ушбу соврин ҳақида мутахассиснинг ўзи шундай дейди:
"Мен натижаларга эришаётганимиз учун ҳали ҳам жамоага бошчилик қиляпман. Агарда соврин ютмаганимизда, мени ортиқ бу ерда қолдиришмаган бўларди ва мен буни табиий қабул қиламан. Мен ҳеч нарса ютмадим. Ҳамма ютуқ – жамоаники. Бу жамоадаги кўп вақтим осон кечди. Чунки менга ҳамма шароитни яратиб беришганди. Менга яшашим ёқади. Ҳамма нарса ўзгаради. Агарда клубда муаммолар бўлганида, мен етти йил давомида бу ерда бўлмасдим. Мен бу ерда ўзимни бахтли сезаман. Агарда бу ердан кетсам, бу ўз хоҳишимга кўра бўлмайди. Бу вақт амри ва танаффус олиш зарурати сабаб юз бериши мумкин. Бу нарса ЕЧЛ сабаб юз бериши мумкин эмас. Чунки у мақсад бўлишига қарамай, унга муккасидан кетмаганман. Яъни, доимо ҳаёлимда фақат ЕЧЛни ютиш турмайди".
"Ҳа, бу – катта орзу ва мақсад. Аммо мен ЕЧЛни ютишда қандай рақиблар борлиги ва турнирнинг қанчалик мураккаб эканидан яхши хабардорман. Балки одамлар мени бу гапимга ишонмас, баҳона қиляпти деб ўйлар. Аммо мен бу ерга ЕЧЛни ютиш учун келмаганман. Раҳбарият олдимга ҳеч қачон бундай талаб қўймаган. Албатта, ҳамма каби улар ҳам буни истайди. Биринчи навбатда, ўзим бунинг катта орзумандиман. "Бавария"дан ҳам худди шундай эди. Ҳар мавсумда ЕЧЛда зафар қучишни истар эдим. Аммо мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этсак, ҳечам ғамни ҳис қилмаганман. Ютган пайтимда ҳам ўзимни дунёлар даҳосидек кўрмасдим. Чунки футболда ғалаба ва мағлубиятларлар – оддий ҳол, уларнинг ораси бир қадам. Ҳар қайси жамоада фақат ҳаракат қилганман. Лекин ҳаракатларим замирида ЕЧЛ ғолиблиги турмаган".
Гвардиоланинг фикрича, уни "Манчестер Сити"да ушлаб турган ягона нарса бу жамоани янада ривожлантиришдир. У йиллар давомида катта ютуқларга эришган бўлса ҳам, клубни бундан ҳам яхши бўлишига ишонади. Гвардиола ўз фикрини давом эттирар экан, жумладан шундай дейди: "Мен ҳозирда хафаман. Негаки, Англия суперкубогини бой бериб қўйдик. Бунинг асосий сабабини эса ўз даражамизда ҳаракат қила олмаганимиз деб биламан. Бу ерда эса мен жамоани, ўйинчиларни яхшироқ бўлиши учун ҳаракат қиляпман. Ҳеч нарса абадий эмас. Буни ҳамма билади. Ҳатто "Манчестер Сити" ҳам. Ҳа, жамоа сўнгги йилларда муваффақиятли ҳаракат қилмоқда. Аммо бу ҳам бир кун келиб тугайди. Ҳамма бизни 5 йилда 4 марта АПЛни ютганимизни билади. Аммо биз бундан ҳам яхшироқ бўлишга қодирмиз. Мен шундай деб ўйлайман. Акс ҳолда, жамоадан кетардим. Агарда клуб бу мавсумда нимадир юта олмаса, мен бу ерни тарк этмоқчи эмасман. Чунки футболда ғалабадан кўра мағлубиятлар нормалроқдир. Балки эртароқ ёки кечроқ, лекин бу албатта содир бўлади. Бир кун келиб, албатта ЕЧЛда ғалаба қозонамиз!".
ИСМАТОВ Ж.