Мамлакат XXXI миллий чемпионатининг 15-турида “Металлург” ўз майдонида Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилади. Бу мазкур жамоалар ўртасидаги юбилей – 50-учрашув бўлади.
Бугунгача жамоалар 49 марта куч синашган. Шулардан 30 тасида қаршиликлар ғалаба қозонган, 12 учрашувда “Металлург” рақибини таслим этган. 7 та ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати “Насаф” фойдасига 80:39.
Жамоаларнинг биринчи даврада Қаршида кечган ўйинида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилганди. 80-дақиқада Ҳусайн Норчаев ҳисобни очган бўлса, 90-дақиқада Аброрбек Тошқўзиев аниқ зарбаси билан жавоб голини киритганди.
“Насаф”нинг Бекобод клуби устидан қозонган йирик ғалабаси – 7:0 (2004) га тенг. “Металлург” эса ушбу рақибини 3:0 (2002) ҳисобида мағлуб эта олган.
Бекободда бўлиб ўтган сўнгги бешта учрашув:
23.06.2021 «Металлург» – «Насаф» 2:1
26.10.2020 «Металлург» – «Насаф» 0:2
23.06.2019 «Металлург» – «Насаф» 0:1
12.06.2018 «Металлург» – «Насаф» 2:2
26.05.2017 «Металлург» – «Насаф» 1:0
“Насаф” ҳақида
Қашқадарё вилояти маркази шарафини ҳимоя этувчи мазкур клубга 1985 йилда асос солинган. Жамоа дастлабки мавсумларни “Геолог” номи остида ўтказган. 1992 йилда “Пахтачи”, 1993-95 йилларда “Насаф”, 1996 йилда “Динамо-Насаф” номи билан мусобақаларда иштирок этган. 1997 йилдан шу кунга қадар олий лига баҳсларида “Насаф” номи билан қатнашиб келаяпти. Клуб қисқа фурсат ичида жуда бой тарихга эга бўлди. 2011 йилда мамлакат вице-чемпионлигига эришди. Бу натижани орадан олти йил ўтиб (2017) такрорлади. Миллий биринчилигимизда энг кўп – 10 марта бронза медали билан тақдирланди. Ўзбекистон кубоги соҳиби – 2015 йил. Беш марта кубок ўйинларининг финалчиси. 2001/2002 йилларда Осиё чемпионлари кубоги мусобақасида ярим финалгача етиб борган бўлса, 2011 йили ОФК кубогини қўлга киритган. Бундан ташқари 2016 йилда Ўзбекистон Суперкубогига ҳам сазовор бўлган. Икки марта (2002, 2011 йиллар) ОФКнинг “Ҳалол ўйин” совринини қўлга киритган.
Миллий чемпионатларимизда клуб шарафини энг кўп ўйинда ҳимоя этган футболчиси Рўзиқул Бердиев саналади. Бугунги кунда бош мураббийлик лавозимида ишлаб келаётган Р.Бердиев 314 ўйинда футболчи сифатида майдонга тушган. Жамоа тўпурари Зафар Холмуродов. У рақиблари дарвозасига 181 та гол урган. Битта мавсум бўйича ҳам энг яхши кўрсаткич Зафар Холмуродовга тегишли – 30 та гол, 2000 йил.
Жамоанинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси – 8:1 (2004 йил – “Андижон”), 7:0 (2004 йил – “Металлург”). Энг йирик мағлубияти эса – 0:6 (1998 йил – “Андижон”). Энг сермаҳсул учрашув эса 2006 йили “Хоразм” жамоасига қарши кечган учрашув бўлган – 9:3.
“Насаф” бугунгача кучлилар сафида 742 та ўйин ўтказган: 405 та ғалаба, 151 та дуранг, 188 та мағлубият. Рақиблар дарвозасига 1313 та гол киритган ҳолда, ўз дарвозаси тўридан 801 та тўп олиб чиққан.