Лақаби - "қора юлдузлар"
ФИФА рейтингида 60-ўрин.
Тўртинчи бор жаҳон чемпионатига боради (2006, 2010, 2014, 2022).
Б гуруҳи. Рақиблар: Португалия, Уругвай, Жанубий Корея.
1-тур, 24 ноябрь. Португалия - Гана
2-тур, 28 ноябрь. Жанубий Корея - Гана
3-тур, 2 декабрь. Гана - Уругвай
Олдинги муваффақиятлари
Африкада ўтказилган илк жаҳон чемпионати Гана учун тарихий воқеа бўлди: "Қора юлдузлар" Камерун ва Сенегал билан бирга, турнирнинг чорак финалига қадар етиб борди. Ганаликлар ўшанда қийин гуруҳга тушишган эди: Германия, Австралия ва Сербия.
Биринчи даврада африкаликлар учун энг муҳим ва қийин рақиб – серблар бор эди, чунки гуруҳда Германия мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, шу терма жамоа тўсиғидан ўтиб олиш талаб этилар эди. Серблар жуда кучли таркибга эга эдилар ва улар Австралиядан кучлироқ эди.
Икки ҳиссиётли жамоа ўртасидаги прагматик ўйинда Гана ғалаба қозонди. Учрашувнинг 85-дақиқасида ярим ҳимоячи Здравко Кузманович ўз жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатди ва бунинг учун пеналти белгиланди. Асамоа Гьян сербларни пенальтида жазолади.
Иккинчи турда ганаликлар Австралия билан учрашишлари керак эди. Соф назарий жиҳатдан бу ўйинда Ганани дуранг ҳам қониқтирар эди. Учрашув бошидан яхши ўтмади. Гана дарвозабони Ричард Кингсоннинг хатосидан унумли фойдаланган Австралия 11-дақиқада олдинга чиқиб олди. Ганаликлар ўйинга қайтишга шошилишди ва рақиб дарвозаси томон ўтказган босимлари пенальтига сабаб бўлди ва австралияликлар ўн киши бўлиб қолди. Гьян турнирдаги пенальтидан киритган иккинчи голини нишонлади. "Қора юлдузлар" ўйинни охиригача назорат қилишган бўлсада, энди гол ура олишмади - 1-1. Параллел ўйинда Сербия сенсацион тарзда Германияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳдаги вазият янада мураккаблашади. Энди Гана немислар билан очко олиши ёки австралияликларнинг минимал ғалабасига умид қилиши керак эди. Германия билан "қора юлдузлар" муносиб кураш олиб боришди. Аммо барибир Месут Ўзил 66-дақиқада ўзининг ажойиб зарбаси билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Гана параллел ўйиннинг ижобий натижасига умид қилиши керак эди.
Ва бу содир бўлди ҳам! Серблар Австралияга 2:1 ҳисобида ютқазишди. Гана тўплар нисбати бўйича иккинчи ўринни қайд этди ва гуруҳдан чиқди. 1/8 финалда африкаликларни гуруҳда инглизларни ортда қолдирган АҚШ терма жамоаси кутиб турганди.
Учрашув нисбатан зерикарли тарзда ўтди, жамоалардан бирининг яққол устунлиги йўқ эди. Учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ Кевин-Принс Боатенг ҳисобни очди. Гана олдинга чиқиб олди, лекин 62-дақиқада океанорти вакиллари Клинт Демпсининг саъй-ҳаракатлари эвазига пенальти ишлади ва уни Лендон Донован голга айлантирди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Қўшимча вақт бошланганидан 3 дақиқа ўтгач, Гьян турнирдаги учинчи голи билан Ганани 2:1 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Қолган ярим соат америкаликлар назорати остида ўтди, аммо улар ўз вазиятларини голга айлантира олишмади. Ҳисоб бошқа ўзгармади ва Гана биринчи марта жаҳон чемпионатининг 1/4 финалига йўл олди. Чорак финалда "қора юлдузлар" Уругвай билан тўқнаш келишди.
Кўпчилик учун кутилмаганда бу ўйин жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин баҳслардан бирига айланди. Дастлабки 20 дақиқада Уругвай прессинг қилган бўлса, кейинчалик Гана ташаббусни қўлга киритди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Салли Мунтари узоқ масофадан кутилмаган зарба йўллаб, учрашувда ҳисобни очди. Гана 1:0 ҳисобида кутилмаганда олдинга чиқиб олди. Уругвай бунга 55-дақиқадаёқ жавоб қайтарди - Диего Форлан жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга оширди. Ҳисоб тенглашади ва асосий вақт охиригача шундай қолди. Яна экстра таймлар! Қўшимча таймлар якунида Гана уругвайликларни мағлуб этиши мумкин эди ва бу 120-дақиқада содир бўлгани ҳам эсда қоларли воқеага айланди. Луис Суарес бўш қолган дарвозага учиб келаётган тўпни қўллари билан қайтарди ва бунинг учун майдондан четлатилди, ҳакам пеналти белгилади. Аммо 11 метрлик нуқтани Гьян голга айлантира олмади. Якунда Уругвай пенальтилар сериясида ғалаба қозонди.
Мураббий ва ўйин услуби
Отто Аддо Гана терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Отто кўпроқ футболчи сифатида танилган. У бутун фаолиятини Германияда ўтказди. "Ганновер 96" (1996-1999), "Боруссия Дортмунд" (1999-2005) Аддо фаолиятидаги асосий клублар ҳисобланади. Дортмунд билан ганалик 2002 йилда Германия чемпионлигини қўлга киритган ва УEФА кубоги финалида ўйнаган.
Отто мураббий сифатида ҳали катта муваффақиятларга эришгани йўқ. 2009 йилдан 2015 йилгача Аддо "Гамбург"нинг ёшлар жамоасини бошқарган. 2013 йилда асосий жамоасига ҳам жалб этилди, аммо бу узоқ давом этмади, фақат иккитагина ўйин холос. 2014 йилги жаҳон чемпионатида у Гана терма жамоасининг бош скаути бўлган. Кейинчалик Отто бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Аввалига 17/18 мавсумда Дания клуби билан, кейинчалик уч йиллик танаффусдан сўнг Дортмунднинг "Боруссия"си билан 20/21 мавсумда ишлади.
Энди эса Оттога 2021 йилда Гана терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Милован Ражевачнинг мураббийлар штабига кириш таклифи тушмоқда. Дарвоқе, Жанубий Африкадаги жаҳон чемпионатида шов-шувга сабаб бўлган жамоани айнан Ражевач бошқарган эди.
Бу сафар сербиялик мураббий иш бермади: 2022-йил январида бўлиб ўтган Африка кубогида Милован истеъфога чиқарилди. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун плей-офф босқичига 2 ой қолганида жамоа мураббийсиз қолди.
Отто Аддонинг тайинланишида жамоатчилик босими катта роль ўйнади. Гана футбол ассоциатсияси идорасига маҳаллий мутахассисни мураббий этиб тайинлашни талаб қилувчи хатлар билан тўлиб кетди. Ассоциация мухлислар фикрини тинглаб, Оттога терма жамоа бош мураббийи лавозимини вақтинчалик таклиф қилди, мураббийнинг келажаги Нигерияга қарши плей-офф ўйинлари натижаларига боғлиқлиги айтиб ўтилди. "Қора юлдузлар" катта қийинчилик билан турнирга йўл олишди. Нигерия билан иккита дуранг (аввал уйда 0:0, кейин сафарда 1:1) ганаликларга меҳмондаги гол туфайли турнирга йўл олиш имконини берди.
Қатарга саралашдан муваффақиятли ўтган Гана футбол ассоциацияси Отто Аддога жамоани турнирга олиб чиқишни таклиф қилди ва у билан йил охиригача шартнома имзолади.
Гана терма жамоасининг ўйин схемаси: 4-2-3-1.
Гана Нигерияга қарши плей-оффда 4-2-3-1 схемасида ўйнади. Шунингдек, Япония билан ўртоқлик ўйинида учта ҳимоячи ва 3-5-2 схемасида қизиқ тажриба ўтказилди. Аммо ўйин натижасига кўра (1:4 ҳисобида мағлуб бўлди) у муваффақиятсизликка учради. Ўйин услуби - қанотлар орқали фаол ўйин, юқори ҳимоя чизиғи. Ганаликларнинг кўп ҳужумлари ҳимоя қанотлари орқали қурилган. Умуман олганда, Гананинг қанот ҳимоячилари ўйиннинг исталган босқичида фаол ҳаракат қилишини таъкидлаш жоиз: улар рақибга босим ўтказади, ҳужумга қўшилади, майдон марказида ўзини ҳимоя қилади. 4-3-3 схемаси ярим ҳимоячиларнинг марказий учбурчагини айлантиради ва ҳужумкор қанотларнинг рақиб дарвозасига яқинроқ ҳаракат қилишига имкон беради, бу эса ўз навбатида ҳимоя қанотларига кўпроқ жой беради.
Турнирдаги "қора юлдузлар"нинг асосий умиди Томас Парти ҳисобланади.
Айнан унга марказий чизиқни бошқариш вазифаси юклатилган. Томас кўп қиррали ўйинчи, кўп жиҳатдан у ҳужумда шерикларини қўллаб-қувватлайди, рақибни ўз ҳимоясида ушлаб туриш ҳам унга боғлиқ, бу Гана учун муҳим роль ўйнайди. Бундай футболчи ҳар қандай жамоада фойдали бўларди.
Қуйида Партининг Гана терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан голи видеосини кўришингиз мумкин.
Жордан Айю жамоанинг энг яхши тўпурари ҳисобланади. У буюк Абеди Пеленинг ўғли бўлиб, тарихдаги энг яхши африкалик футболчилардан биридир. Жорданнинг укаси ҳам бор - Андре Айю. Уни яхши танийсиз. Айю фаолияти давомида Англия Премьер-лигаси ва Франция 1-лигасида шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди.
30 ёшда бўлган Айю ҳали ҳам Гана футболи саҳифаларида ўз исмини олтин ҳарфлар билан ёзиш имкониятига эга. Қатардаги турнир, эҳтимол, Айюнинг бутун фаолияти давомида кутган ягона имкониятидир. Айюнинг асосий фазилатлари - юқори тезлиги ва ажойиб дриблингидир. Айнан мана шу икки омил Жорданга асосан ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаб, терма жамоа сафида 19 та гол уриш имконини берди.