Кириш Регистрация

Энди «Бунёдкор» яққол пешқадам

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг 11-туригача мусобақа жадвалида пешқадам жамоа ўзидан келаётган жамоадан 3 очкодан ортиқ масофага ўтиб кетмаганди. Биринчи давра тугашига 1та тур қолганида “Бунёдкор” “Насаф”ни 5, “Пахтакор”ни 6 очкога ортда қолдирмоқда.

“Насаф” бухоролик мутахассис Усмон Тошев бошчилигида Бухорода маҳаллий жамоа меҳмони бўлди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. “Бунёдкор”нинг ўзи эса Тошкент дербисида “Пахтакор”ни илк марта 2та тўп фарқи билан мағлубиятга учратди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида пахтакорчилар иштиёқ эвазига майдон эгалари билан тенгма-тенг кураш олиб боришди. Ҳаттоки майдонда айрим вазиятларда устунлик қилиб, “Бунёдкор”га ўз ўйинини кўрсатиш имконини бермади. Дарвоза томон зарба беришда эса Мурод Исмоилов шогирдларига аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлимда ўз ўйинини топиб олган “қалдирғочлар” қисқа вақт ичида рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилди. Лутфулла Тўраев дарвоза томон зарба бераётганда “Пахтакор” ҳимоячиларидан бири ортда қолиб кетди ва тўп рекошет ҳолатида Шавкат Саломовга келиб тушди. Темур Жўраев Шавкатнинг олдини тўсиб улгурганига қарамай, бухоролик футболчи чиройли тарзда дарвозабонни доғда қолдира олди.

Ташаббусни қўлдан бермаган Қосимов шогирдлари ўзларининг иккинчи голларини чиройли комбинация натижасида киритишди. Саҳоб Жўраев жарима майдончасига кириб борди ва тўпни орқага — Ян Козакка қайтарди. Болқонлик футболчи тўпни айланма зарба билан дарвозанинг олис бурчагига йўллади. Дарвозагача беш-олти метрлар масофада, шунингдек офсайд ҳолатида Шавкат Саломов турганди ва у энгашиб қолиб, тўпни ўтказиб юборди. Тўп эса дарвозанинг олис бурчагига бориб тушди.

Бу ерда бироз баҳсли ҳолат юзага келди. Биринчидан, Саломов офсайдда эди ва у дарвозабонни чалғитди. Иккинчидан, у дарвозабоннинг нигоҳларини тўсмаганди. Учинчидан, қанот ҳаками байроғини кўтармади ва бош ҳакам Саломовнинг дарвозабон нигоҳини тўсмаганини кўрди ва офсайдни қайд этмади. Замонавий ҳакамликда ҳакамлар бундай ҳолатларни алоқа воситаси ёрдамида тезда муҳокама қилишади ва якуний қарорни чиқаришади. Серазетдинов (қанот ҳаками) офсайдни кўрсатиб, байроқ кўтаришга асос йўқ эди. Чунки ҳужумчи тўпга тегмади. Эрматов эса футболчининг офсайдда қолиб кетганини билмасди. Хуллас, жуда баҳсли вазият. Ҳакамлар хато қилса ҳам инсон фактори туфайли хато қилишди. Бундай ҳолатларни олдини олишнинг ягона йўли ҳакамларга алоқа воситаларини тақдим этишдир.

Олий лига ўйинлари доирасида ўтказилган 10та Тошкент дербисининг 7таси дуранг билан тугаган бўлса, 3та ўйинда “Бунёдкор” ғалаба қозонганди ва учала ўйин ҳам 2:1 ҳисоби билан тугаганди. Бу сафар эса пахтакорчилар ҳисобни қисқартира олишмади. “Шерлар” ўз рақибларининг жарима майдончасига ёриб кира олишмагани туфайли, асосан узоқдан зарба бериш билан чекланишди. Бир нечта зарбаларни Нестеров қайтаришга муваффақ бўлди. Виктор Карпенко эса ҳисобни 3:0га етказиш имкониятидан фойдалана олмади — дарвозабон билан бирга-бир вазиятда Жўраевни доғда қолдира олмади.

“Пахтакор” юзага келган 6 очколик фарқни яна 3тага қисқартириш имкониятига эга. Бунинг учун 15-тур доирасида 9 август куни ўтказиладиган ўйинда “Бунёдкор”ни мағлуб этса кифоя.

ЎзПФЛ. 12-тур
БУНЁДКОР – ПАХТАКОР 2:0 (0:0)
Голлар: Шавкат Саломов (52), Ян Козак (64).
«Бунёдкор»: Игнатий Нестеров, Саҳоб Жўраев, Хайрулла Каримов, Артем Филипосян, Акмал Шораҳмедов, Лутфулла Тўраев, Ян Козак (Руслан Мелзиддинов, 80), Жавлон Иброҳимов, Шавкат Саломов (Баҳодир Пардаев, 88), Виктор Карпенко, Анваржон Солиев (Камолиддин Мурзоев, 62).
«Пахтакор»: Темур Жўраев, Илҳом Суюнов, Егор Кримец, Акбар Исматуллаев (Аббосбек Махсталиев, 68), Алексей Николаев, Дилшод Шарофетдинов (Иракли Климиашвили, 44), Кахи Махарадзе, Владимир Козак, Станислав Андреев, Ойбек Қиличев, Шахбоз Эркинов (Темурхўжа Абдухолиқов, 46).
Огоҳлантиришлар: Лутфулла Тўраев (90) - Егор Кримец (76), Ойбек Қиличев (84)
Ҳакамлар: Р. Эрматов (Тошкент), А. Расулов (Тошкент), Р. Серазитдинов (Тошкент), Ш. Қосимов (Тошкент).
Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:53, 26.06.2012.
Ўқилди: 5705 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.