Кириш Регистрация

"Машъал" мураббийи: "Майдонга ишончсиз ва қўрқув билан чиқяпмиз"

Баҳо:
+ | -

“Машъал” – “Андижон” (1:2) учрашувидаги кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Дилявер Ваниев соғлигида муаммо пайдо бўлгани сабабли иштирок эта олмади. Унинг ўрнига ёрдамчи мураббий Отабек Нарзуллаев қатнашди.

— Ўйин хусусида фикрингиз?
— Бу учрашув қийин бўлишини олдиндан билардик. Бизга ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. “Андижон”нинг стандартдан ўйнашини билардик. Шунга қарши тайёргарлик кўрдик. Бу – футбол. Футболни алдаб бўлмайди. Йигитларга раҳмат, улар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Бизга озгина омад етишмади. Нима деймиз? Футболчиларга мувозанат етишмади. Охирги нуқтани қўядиган футболчилар бўлмаяпти. Имкониятлар бору, аммо фойдалана олмадик.

— Жамоа “Сўғдиёна” ва ҳатто сафарда “Андижон”га қарши ҳам яхши ўйнаганди. Бугун биринчи бўлимда бўшроқ, иккинчи бўлимда бошқача...
— Худди иккинчи таймда тушиб гол уриб ютиб кетамиз, дегандек ҳаракат қилишяпти. Ўзларидаги бор ишончни намойиш эта олмаяптилар. Жамоамиздаги барча ўйинчилар иқтидорли. Жамоамиз ёмон эмас. Фақат йигитларга бироз ишонч етишмаяпти. Негадир биз майдонга қандайдир ишончсиз ва қўрқув билан чиқяпмиз. Агар қўрқсак футбол ўйнай олмаймиз.

— Биринчи бўлим сокин ўтди, иккинчи бўлимда зўр бўлди. “Машъал”ни олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Натижа учун доим мураббий жавобгар. Энди “Машъал” Суперлигани мақсад қилмаса ҳам бўлади, шунақами?
— Йўқ, бундай деб ўйламайман. Ҳали кучли бешталикка алоҳида тайёрланамиз. Тўғри, рақиблар ҳам очко йўқотиши керак ва бунинг учун биз ҳам ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимиз лозим. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бизнинг мақсадимиз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Балки 3-ўринни олиб плей офф орқали чиқишимиз ҳам мумкин. Ёки 2- ёки 1-ўрин билан ҳам чиқишимиз ҳеч гап эмас. Худо билади. Ютқазса мураббий айбдор бўлади. Ютса жамоа ютади. Ҳаёт давом этади ва ишлашни давом эттирамиз. Футболчиларга эътирозлар йўқ. Улар қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Футболчилар ўзларига ишонишса бўлди, биз ўйлаган мақсадимизга эришамиз. Ўйинчилар ўзларига тўлиқ ишонмаётгани учун биринчи бўлимда шунақа вазиятлар келиб чиқяпти. Ўйлайманки, иккинчи бўлимда рақибга нисбатан кўпроқ вазиятларни яратдик. Гол уролмадик. Дарвозабон яхши ўйнади. Яна баъзида зарбаларга аниқлик етишмади ва маҳорат ҳам камлик қилди.

— Ҳисобни тенглаштириш учун жисмоний ҳолат ҳам панд бердими?
— Ўйлайманки, жисмоний томонлама ютқазмадик. Ҳар бир учрашувни таҳлил қилиб чиқамиз. Жисмоний тарафдан ҳеч бир жамоага ютқазмадик. “Сўғдиёна”га қарши учрашувда 2:0 ни 2:2 га айлантирдик. Якунда ютқаздик.

— Про лиганинг барча клублари билан ўйнадинглар. Сизингча, про лигада энг кучли жамоа қайси?
— Бирорта кучсиз жамоани айтиб бўлмайди. Ҳар бир ўйин жуда муҳим. Осонликча ғалабага эришиб бўлмаяпти. Олдинги йилларга қараганда про лига анча кучайди. Суперлига даражасига деярли тенглашиб қолди. Бу ерда савия кўтарилди. Ҳеч қайси клубни ажратиб кўрсата олмайман. Бизни ҳам ўзимизга яраша мақсадимиз бор эди.

— “Машъал”да молиявий томондан қарздорлик бўлмаса керак. Барча шароитлар бор. Хуллас, раҳбарият тарафидан Суперлигага чиқиш учун шароитлар яратиб берилган. Мабодо, мавсум якунигача шу шароитлардан келиб чиқиб олдига қўйган мақсади – Суперлигага чиқиш вазифасини уддалай олмаса, жамоада қон алмашиши, мураббийлар штаби ўзгариши керакми?
— Бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Ҳа, бизда молиявий тарафдан ҳеч қанақа қарздорлик йўқ. Ҳаммаси вақтида. Сентябрь ойигача ойлик маош ва мукофот пуллари бўйича ҳисоб-китоб қилинган. Клубни қарзи йўқ. Клуб раҳбарларига ва ҳомийларга шунча шарт-шароит яратиб берганига раҳмат айтамиз. Ҳеч қанақа камчилик йўқ.

“Андижон” матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 23:39, 07.09.2022.
Ўқилди: 1188 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.