“Металлург” устидан қўлга киритилган ғалабадан сўнг жамоамиз бош мураббийи матбуот анжуманида иштирок этди.
Мурод Исмоилов («Пахтакор» бош мураббийи):
«Климиашвили, Жўраев ва Махарадзеда жароҳат борлиги учун уларни майдонга тушира олмадим. Суюнов, Шарофетдинов ҳамда Николаев эса жароҳат билан ҳаракат қилишди. Шу сабабли ёшларга ишонч билдирдик. Улар эса ишончни оқлашди. Биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик қовушмади. Иккинчи таймда эса барчаси ўрнига тушди. Натижада керакли ютуққа эришдик»
Жамшид Искандеров жуда истеъдодли футболчи. Ўзбекистонда ўйинни бундай яхши тушунадиган, ҳужумларни ташкил этадиган футболчилар деярли йўқ. Ҳаттоки, катталар орасида ҳам. Фақат унга аста-секинлик билан ишонч билдириб, катта футболга мослаштириб бориш керак. Яккакурашлар ва ҳимоявий ҳаракатларда унинг камчиликлари бор. Махсус дастур асосида ишлаб, Жамшидни курашларга кириша оладиган футболчи қилиб тарбиялашимиз лозим.
«Бунёдкор»га қарши ўйинда ёшларнинг бир гуруҳини бирданига ўйнатиш жудаям таваккал иш бўларди. Бугун бошқа ўйинчилар бўлмагани туфайли шундай йўл тутдик. «Бунёдкор»га қарши беллашувда улар ўзларини йўқотиб қўйишлари мумкин эди. Бу ёшларга тажриба тўплаш зарур.