Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Қашқадарё вилояти футбол федерацияси вице президенти Норқул Даминов билан суҳбат

Баҳо:
+ | -

Жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳозирги даврдаги футболининг ривожида Қашқадарё футболининг муҳим ўрни бор. Вилоятда учта Олий лига мусобақаларида иштирок этадиган профеционал футбол клубларии, аёллар футболи бўйича нафақат юртимиз балки Осиё ва Европада таниш бўлган “Севинч” профессионал футбол клуби, шунингдек мамлакатмиз биринчилигида, вилоятимиз биринчилигида фаолият кўрсатаётган футбол жамоалри мавжуд. Бундан ташқари болалар футбол академиялари, футбол мактаблари ва спорт интернатлари фаолият олиб боришмоқда.

Қашқадарёда бир инсон борки, у кишини воҳамиздаги ҳамма футбол мухлислари ҳозирги воҳамизнинг футболини ривожланишида умрининг катта қисмини ва бутун билими ҳамда салоҳиятини бахшида қилган, футболимизнинг жонкуярларидан бири сифатида Норқул ака Даминовни эътироф этишади. Биз сайтмиз ташкил бўлгандан сўнг шу инсон билан суҳбат қилишни кўнглимизга тугиб қўйган эдик.

Биз шу мақсадда Норқул акага мурожаат қилдик, у киши бажонидил рози бўлдилар, тўғриси суҳбатимиз бошида у киши билан футбол тўғрисидаги суҳбатимизга бир-икки соат камлик қилишини билмаган эканмиз. Ҳаётимда у кишидек футбол ҳақида шунчалар тўлқинланиб гапирадиган инсонни ҳали учратмаган эканман. Сиз азиз мухлисларимиз эътиборига қўйида шу суҳбатни қисқартирган ҳолда ҳавола қилаяпмиз.

- Норқул ака биз мухлислар Сизни воҳамиз футболига  катта ҳисса қўшган ва футболимизнинг жонкуяр инсонларидан бири сифатида яхши биламиз аммо ўзингиз ҳақингизда кам биламиз, суҳбатимиз бошида ҳаётингиз ҳақида мухлисларимизга сўзлаб берсангиз.
- Раҳмат, мен 1962 йили Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қорақум қишлоғида таваллуд топганман, болалик даврим шу қишлоқда ўтган ўрта мактабни тамомлаб, ҳарбий хизматда бўлдим сўнг Москвадаги Машинасозлик олий ўқув юртида таҳсил олдим, биринчи мутахасислигим муҳандис–ихтирочи. Шунингдек, Қарши давлат университетини тарих факультетини, Қарши муҳандислик институтини иқтисодиёт факультетларида таълим олиб, ушбу соҳалар бўйича ҳам мутахасисликка эгаман. Меҳнат фаолиятимни Москва шахридаги Лехачева (ЗИЛ) заводида бошлаганман.

- Мана кўп йиллардан бўён футбол соҳасида фаолият кўрсатиб келаяпсиз, айтингчи бу футболга қизиқишингизданми? Ёки ҳаёт шуни тақоза қилганми?
- Тўғриси футболга ёшлигимдан меҳр қўйганман, футбол кейинчалик ҳаёт тарзимга айланиб кетди. Катта футболга кириб келишим, ҳозиргидек эсимда 1994 йил эди, мен Муборак тумани спорт қумитасида фаолият юритардим, ўша йили мамлакатимиз биринчилигида қатнашиб келаётган Муборакнинг “Машъал” жамоаси Олий лига йўлланмасини қўлга киритди. 1995 йили иккинчи даврадан кейин “Машъал” жамоасининг турнир жадвалида аҳволи жуда оғирлашиб қолди, ўша пайти мухлисларимизга яхши таниш Олег Қаҳҳоров билан дарвозабонлик ҳам қилганман, чунки жамоага ўша пайтда дарвозабон етишмаган.

- Демак, унда ўзингиз ҳам футболчи бўлган экансизда?
- Йўқ, мен катта футболчи бўлган эмасман, лекин ҳаваскор футболчи бўлганим рост, талабалик йилларимда кўп футбол ўйнаганман, Москвада таҳсил олган пайтларим ўқув юртимизнинг терма жамоасида ҳужум чизиғида ўйнаганман, кейинчалик даврвозада (кулиб) туришга ҳам тўғри келган. Ҳозир ҳам футбол ўйнаб тураман. Спортни жуда яхши кўраман ва шундан бўлса керак битта соҳада эмас бошқа соҳаларда ҳам шуғулланганман масалан, футбол бўйича I разрядим бор, оғир атлетика бўйича спорт усталигига номзодман, каратэ бўйича қора белбоғ соҳибиман, лекин футбол ҳаммасидан кўра мени ўзига кўпроқ тортган. Колаверса 1996 йилда Тошкентда жисмоний тарбия иниститутини футбол буйича олий тренерлар мактабини тугатдим.

- Мана ҳозир ҳам Қашқадарё футбол федерациясида фаолият кўрсатаяпсиз, бизга маълумки, воҳамиз футболи ўзбек футболининг ривожланишида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда, федерация олдига келгусида қандай режалар қўйилган ёки воҳа футболи келгусида қандай ривожланади?
- Албатта воҳамиз футболи ҳақида гапириш мен учун ҳузур бағишлайди, эсимда бор болалик ва ёшлик пайтларимизда ҳозирги спорт иншоотлари ҳақида орзу қилиш у ёқда турсин ҳатто тушимизга кириши амру маҳол эди. Биз юртимизда бу соҳада бошқа юрт вакиллари 100 йилда эришган нарсаларга муҳтарам юртбошимизнинг саи-ҳаракатлари ва ғамхурликлари эвазига 20 йилда эришдик, мана шу қисқа вақт оралиғида ҳаммаларингиз гувоҳ бўлиб турибсиз мисли кўрилмаган ҳажмда спорт иншоотлари, футбол майдонлари барпо этилди ва бу ушбу кунларда ҳам жадал давом этмоқда. Бу катта ишларни чет элдан келган меҳмонлар ҳам эътироф этишганини ўзим кўп марта гувоҳи бўлдим. Мисол тариқасида эсингизда бўлса ФИФАнинг аёллар футболи бўйича вакиллари юртимизга ташриф буюрган эдилар. У кишилар вилоятимизда ҳам бўлдилар мен шахсан делегация аъзоларини футбол иншоотлари билан таништирдим. Улар вилоятимиздаги футбол иншоотларини кўришиб лол бўлиб қолишганини гувоҳи бўлдим, уларга “сизларга ҳаммасини кўрсатганимиз йўқ ҳали яна кўрсатадиган иншоотларимиз бор” – дедим улар бунга шубҳа йуқлигини билдирдилар, яъни уларни биздаги спортга ва футболга бўлган эътибору ғамхурликни бунчалик даражада юқори эканлигини кутишмаганини қайта-қайта айтишди ва бу ютуқларни юртимизнинг ҳамма жойида кўришларига шубҳа қилмасликларини такрор ва такрор эътироф этишди.

Энди биз мана шу яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак, токи келгусида ўзбек футболига ҳамма тан берсин. Биз ҳозир федерациямизнинг бутун диққат эътиборини шунга қаратганмиз. Келгусида футбол воҳамизда янада ривожланади, айниқса маҳаллий ёшларимизга бўлган эътибор жуда кучаяди.

Мени кўп йиллардан бери футболдаги камчиликларимиз қийнаб келади. Тўғри, танқидий фиклар кўп. Биз энди мана шу муаммоларга ечим топишимиз керак. Футболимизда ёшларни тарбиялаб, футболчилар билан ўзимизни-ўзимиз таъминлаш йўлига ўтишимиз керак. Биз чет элдан футболчи қидирмайлик, улар биздан келиб қидиришсин. Мен мана шундай кунлар жуда яқин қолганига ҳеч шубҳа қилмайман.  Федерациямиз мана шу соҳада ташаббус кўтариб, бир тизим яратиш устида изланишлар олиб бордик, ҳозир мана шу тизим дастури деярли тайёр бўлди, бу дастур ҳақидаги таклифимизни яқин кунларда ЎФФга тақдим этамиз агар ЎФФ шу таклифларимизни маъқулласа, Қарши шаҳрида футбол мутахасислари иштирокида катта илмий-семинар ташкил этиш ниятимиз бор.

- Норқул ака энди воҳамизнинг бош жамоаси “Насаф” ҳақида суҳбатлашсак, ҳаммамизга маълум, ушбу клуб ташкил бўлишида ва оёққа туришида ҳам ўзингиз бевосита иштирок этгансиз.
- “Насаф”нинг қандай ташкил бўлиши ҳақида тўхталиб ўтирмайман буни ҳаммангиз яхши биласиз. Ҳеч кимга сир эмас мана шу клуб орқали воҳамиз футболи мамлакатимизда ва Осиёда эътироф этилди. Муҳтарам юртбошимизнинг катта йиғилишларда “Насаф” ҳақидаги тўлқинланиб айтган сўзларини ҳаммаларингиз гувоҳи бўлгансиз. Бу - биз учун катта ютуқ ва шараф, у кишининг бу мақтовлари келгусида янада кўпроқ ишлашимизга жуда катта руҳ ва кайфият бағишлайди.

Мен ҳеч қачон “Насаф”га бефарқ бўла олмайман, ҳаётимдаги жуда кўп воқеалар мана шу клуб билан боғлиқ. Эсимда бор, “Насаф”нинг эски стадиони ўз бағрига 10 мингга яқин томошабинни сиғдира оларди, бу кейинчалик камлик қилиши аён бўлиб қолди ва оқибатда кўп сонли мухлисларнинг ўз севимли жамоасининг ўйинларини стадионда туриб томоша қилиш имкониятини чеклаб қуя бошлади. Мана шуларни ҳисобга олиб ҳозирги стадион барпо этилган.

Муҳтарам юртбошимиз мамлакатимизда футболни ривожлантириш уни профессионаллик даражага кўтариш бўйича бир қанча қарорларга имзо чекканлар. Ушбу қарорлар орқали клубларимизга бош ҳомийлар ҳам бириктирилганки, бу футболимизни янада равнақ топишида муҳим рол ўйнамоқда. Ҳаммангиз гувоҳи бўлгансиз у киши вилоятимизга ташриф буюрганларида кўп марта “Насаф” клубида бўлиб, шахсан ўзлари клубдаги ишларни куздан кечирганлар ва қимматли маслаҳатларини берганлар.

Мана шу қарорларни ижро қилишда ва ҳаётга тадбиқ қилишда “Насаф” клубининг бош ҳомийси ШГКМ раҳбари А.Султоновнинг ҳам саи-ҳаркатлари таҳсинга сазовордир,  шунингдек у кишининг раҳбарлиги остида ШГКМ ҳомийлигида  вилоятимиз футболи янада ривожланди, қанчадан-қанча спорт иншоотлари ва стадионлар барпо этилди, бундан албатта вилоятимиз аҳли ва футбол мухлислари чексиз миннатдорлирлар.

- Сиз вилоятимизда фаолият олиб борган жуда кўп футбол мутахасислари ва футболчиларни яхши биласиз шунингдек ўзимизни мутахасис ва футболчиларни ҳам яхши танийсиз ва яқиндан биласиз, шу жумладан Рўзиқул Бердиевни ҳам.
- Биласизми, бир хил инсонлар борки, ўзининг бутун ҳаёти давомида эриша олмаган нарсага баъзи бир инсонлар жуда қисқа пайтда эришиб қўяди. Мен Рўзиқул Бериевни ана шундай инсонлар қаторига қўшаман. У куз олдимизда ўлғайди, элга танилди, мухлислар эътирофига эга бўлди, бу ҳам бўлса ўзининг меҳнати эвазига. Мен уни вилоятимиз футболининг келажаги деб биламан. Мен вилоятимиздаги кўпгина ёшлар қатори икки футболчини келажакда яхши мураббий бўлиб етишишига ишонаман, буларнинг бири Рўзиқул Бердиев бўлса, иккинчиси Асрор Алиқуловдир. Булардан футболчилик фаолиятидан ташқари келгусида яхшигина мураббийлар чиқади ишонаверинг. Биз Рўзиқулни “Насаф”нинг ОЧЛ мусобақаларидаги омадсизлигига қараб баҳо беришимиз нотўғри бўлади. Унга биз имкон беришимиз ва қуллаб-қўвватлашимиз керак. Мени эсимда бор, “Насаф”га А.Демьяненко таклиф этилди ва унинг олдига клуб раҳбарияти томонидан аниқ вазифа қўйилди, у киши раҳбариятдан таркибни кучайтириш ва шунга қараб “Насаф” бюджетини шакллантириш талабини қўйди. Бу амалга оширилди ва натижани ўзларингиз биласиз. Энди ОФК кубоги мусобақаларидан ОЧЛ мусобақаларининг савияси жуда юқори ҳисобланади. Аммо бунга бундай ёндошилмади, менимча ОЧЛ мусобақалари олдидан таркибни ҳам бошқа имкониятларни ҳам шунга қараб яратиш керак эди ва ундан кейин Рўзиқул Бердиевдан натижа талаб қилинса тўғри бўлар эди. Лекин Рўзиқул Бердиев бор имкониятдан келиб чиқиб, учрашувларда мағлубиятлар кўп бўлсада, менимча энг чиройли ва шиддатли ўйинлар ташкил эта олди. Буни ҳаммаларингиз гувоҳи бўлдингиз. Умид қиламанки, у ҳали “Насаф” жамоасига устозлик қилади ва бу масалани клуб раҳбарияти ва вилоят раҳбарлари билан муҳокама қилиш ниятимиз бор.

- Норқул ака мана суҳбатимиз давомида ўзингиз эсга олдингиз, вақтида “Насаф”нинг эски 10 минглик стадионига мухлис сиғмаган, ҳозир эса “Насаф” ўйинларига баъзан мингта ҳам мухлис кирмай қўйди, бу ҳақдаги фикрингиз қандай?
- Афсуски, бу “Насаф”га ярашмайдиган ҳол. Мухлис стадионга аввало чиройли футбол томоша қилгани келади қолаверса ўйиндан завқ олиб ўзининг озроқ бўлсада ташвишларидан масуво бўлиб ҳордиқ чиқариш учун келади. Агар мухлисни жамоа ўйини қониқтирмаса у стадионга ташриф буюрмайди ўзининг кўнглига футболдан олаётган ҳаловат ўрнига бошқа соҳадан имкон қидира бошлайди, оқибатда жамоа ўз мухлисларидан айрилиб қолади. Ҳозирги футболда жамоа нафақат чиройли ва жозибадор ўйин намойиш этиши балки клубнинг мухлислар билан яқинлиги ҳам бўлиши керак. Улар билан тез-тез учрашув ва шунга ўхшаш тадбирлар ташкил этилиши керак, уларнинг таклиф ва истаклари эътиборга олиниши керак. Мухлисни ҳурмат қиладиган жамоанинг келажаги бор деб ҳисоблайман, аслида ҳам футбол мухлис учун ўйналади. Бунга ҳозир “Насаф”да ҳамма имкон ва шароитлар бор фақат ишлаш керак, ҳаракат қилиш керак.  Илгари бунақа имкониятлар кам эди, биз олдин клуб ва жамоа билан мухлислар орасини доимо яқинлаштиришга ҳаракат қилганмиз, мухлислар билан ташкил этиладиган учрашувлардан ташқари, улардан тузилган жамоалар билан тез-тез футбол мусобақалари ҳам ўтказилар эди.

Кўриниб турибдики, “Насаф”да бу соҳада кўп ишларни амалга ошириш керак, маъсулият билан ёндошиб, шунча саи-ҳаракату, харажатларни қолаверса имкониятларни қадрига етиш керак. Мухлисларни стадионга қайтариш чораларини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этиш керак.

- Норқул ака мазмунли суҳбатингиз учун Сизга сайтимиз ва барча воҳамиз футбол ишқибозлари томонидан каттадан-катта ташаккурлар изҳор этамиз. Ўйлаймизки Сиз билан ҳали яна суҳбат қиламиз.
-Сизларга ҳам ўз ташаккуримни айтиб қоламан ва барча футбол мухлисларига, футболни севинг ва футболдан ҳеч қачон ўзоқлашманг деб қоламан.

Ренат Эрназаров суҳбатлашди.

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 22:20, 09.07.2012.
Ўқилди: 5747 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.