Ўзбекистонлик футболчилар орасида турли мамлакатларда тўп сураётган легионерларимиз бор.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига номзод ҳимоячи Одилбек Абдумажидов жорий мавсумдан бошлаб Қозоғистон Премьер-лигаси иштирокчиси «Ордабаси» шарафини ҳимоя қилмоқда. Аслида футболчи «Металлург» клуби билан шартномаси бор, лекин у ерда етарлича ўйин амалиётига эга бўлмагани туфайли қозоқ клубига ижарага берилганди. Абдумажидов ёш бўлишига қарамай, қўшни чемпионатда яхши ўйин кўрсатмоқда ва жамоасига тез мослашиб кетди. Премьер-лиганинг 21-турида ҳамюртимиз «Атирау» дарвозасига гол урди ва жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Махсус мухбиримиз ушбу беллашув ва бошқа мавзуларда Абдумажидов билан суҳбатлашди.
- Муҳим ғалаба («Ордабаси»-«Атирау»-2:0)га голингиз билан ҳисса қўшдингиз. Бу ўйиндан кейинги таассуротларингиз қандай?
- Биз мазкур ўйинда ғалаба қозонишни жуда ҳам истагандик. Турнир жадвалидан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган баҳсларда муваффақият қозонмасак бўлмасди. Муҳим ғалабага эришдик ва бу ўйинда гол уриб, жамоамга ёрдам берганимдан хурсандман. Одатда, ҳимоячилар тўп киритса, унга янада қўшимча куч бағишлайди.
- «Ордабаси»нинг чемпионатда қайд этаётган натижаларига муносабатингиз қандай?
- Натижаларимиз чакки эмас. Лекин буни янада яхшилашимиз ҳам мумкин эди. Кўп ўйинларда омад биздан юз ўгирмоқда. Шунингдек, жамоамизда асосан ёшлар тўп суради. Шу боис, муҳим беллашувларда тажриба етишмаслиги кўзга ташланмоқда. Ҳали ҳам кеч эмас, мавсумни янада яхши тугатишимиз мумкин. Барчаси ўз қўлимизда.
- Қозоғистон чемпионатининг даражаси ҳақида нима дея оласиз?
- Савия яхши даражада. «Ордабаси»га ўсишни мақсад қилган ҳолда келганман. Мавсумни муваффақиятли ўтказиб, кейинчалик янада кучлироқ чемпионатга йўл олишни мақсад қилгандим. Ўйлайманки, бу қарорим тўғри бўлди. Ҳар бир ўйин жуда қизиқарли ва курашларга бой ўтмоқда. Бу эса ёш футболчиларни янада ўсишига хизмат қилади.
- «Ордабаси» билан келишув муддатингиз тез орада тугайди. Ундан кейинги режалар қандай?
- Биласиз, ҳуқуқий жиҳатдан «Металлург» клубига тегишлиман. «Ордабаси»даги фаолиятимдан кейинги режаларимни оилам билан маслаҳатлашган ҳолда тузаман. Ҳозирча бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Бор эътиборим жамоамизнинг навбатдаги учрашувларига қаратилган.
- Жамоа бош мураббийининг cизга бўлган ишончи қандай?
- Ҳаммаси яхши. Бош мураббий билан яхши муносабатдаман. У менга ишонч билдирмоқда.
- «Ордабаси» ўз сафига яна бир ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаровни қўшиб олди. У келиб, жамоангизнинг ўйинини кучайтира олдими?
- Ҳа, албатта. Умаров келганидан кейин жамоамиз натижалари янада яхшиланди. У жамоани кучайтирди. Шаҳбоз борасида ортиқча гапириб ўтиришим шарт эмас. У Беларусь футболида яхши мавсумларни ўтказиб, қай даражадаги футболчи эканини исботлаб бўлган.
- ФИФА кунларида ёшлар терма жамоаси билан Жанубий Кореядаги ўқув-йиғинда иштирок этдингиз. У ерда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Бу терма жамоамизга фойдали бўлдими?
- Дарҳақиқат, биз Жанубий Кореядаги йиғинда ўтказган ўртоқлик баҳсларимиз орқали янги тажриба олдик. Бу эса терма жамоага фойдали экани ҳеч кимга сир эмас.
ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди