Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Бавария»нинг рекордчи дебютанти

Баҳо:
+ | -

Бундеслига доирасидаги «Бавария» - «Штутгарт» қарама-қаршилигида майдон эгаларининг 17 ёшли ҳужумчиси Матис Тель ўйин қаҳрамонларидан бири сифатида эътироф этилди.

Учрашувнинг 36-дақиқасида ёш дебютант Альфонсо Дэвиснинг узатмасига «лаббай» деб жавоб қайтарган ҳолда ҳисобни очди.

Ҳа, Мюнхен гранди яна муҳим очколарни ҳавога учирди: 90-дақиқада 2:1 ҳисобида олдинда бораётган мезбонлар ҳимоячиси де Лигт жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузди, ҳакам 11 метрли жарима зарбасини белгилади, меҳмонлар ҳужумчиси Серу Гирасси эса уни голга айлантирди - 2:2. Шу тариқа «Бавария» қаторасига 3-дурангга имзо чекишга мажбур бўлди. Табиийки, жамоа мухлисларини жорий мавсум стартидаги натижалар мутлақо қониқтирмасликлари аниқ. Устига-устак, гранд қимматли очколарни бой бериш билан якунланган 3та ўйиндан кейин ўртамиёна «Аугсбург»дан дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди. Натижада Бундеслигадаги интрига янада кучайиб кетди.

Лекин шахсан Матис Телнинг мазкур омадсизликда айби йўқ - охирги ўйинда у майдонга тушмади. Аниқроғи, туширилмади. Ваҳоланки, Юлиан Нагельсманн ноёб иқтидор соҳибидан мавсумда камида 10та гол кутишини баён этганди. Демак, «Бавария»нинг янги аъзоси билан яқиндан танишиш пайти келди:

-  Матис 17 ёш, 136 кунлик пайтида Бундеслига учрашувига бошланғич таркибда тушди ва гол урди. «Бавария»нинг асосий таркибидан бу қадар барвақт жой олиш ва гол уриш клуб тарихида шу пайтгача ҳеч қайси футболчига насиб этмаганди;

-  Сал аввалроқ Тель Германия Кубоги турнирининг 1-раундида Кёльннинг «Виктория» жамоаси дарвозасини ишғол этганди. Ўшанда навқирон ҳужумчи 17 ёш, 126 кунлик эди. Бу ҳам «Бавария»нинг мазкур мусобақадаги энг ёш голи бўлди. (Ҳисоб-китоб 1965 йилдан бери юритилмоқда)

Матис Тель мюнхенликлар сафига шу йилнинг ёзида келди: у учун жамоа «Ренн»га 20 млн. евро тўлади. Бундан ташқари, яна 8,5 млн.ли бонуслар ҳам кўзда тутилган.

Эҳтимол, ҳозир Матис дунёнинг энг қимматбаҳо 17 ёшли футболчисидир - «Боруссия» Жуд Беллингем учун 25 млн. сарфлаганди, Телнинг баҳоси эса бонуслар билан 28,5 млн.га боради.

«Бавария» бош мураббийи Юлиан Нагельсманнинг кайфияти чоғ: «Биз ёш ва иқтидорли футболчиларни топишга интиламиз. Мақсадимиз , уларни жаҳон миқёсидаги профессионаллар қаторига олиб чиқиш. Яқин келажакда Тель ҳар мавсумда 40тадан гол урадиган тўпурарлар сафидан жой олишига ишонаман. Жорий мавсумда 10та гол урса, беҳад мамнун бўлардим».

Мураббийнинг фикрича, Матис олдинги чизиқда исталган позициясида самарали ўйин кўрсатишга қодир. Клуб мутасаддилари уни Мбаппега тенгламоқдалар.

Тель 13 ёшли пайтида ҳимоя марказида тўп сурарди. «Ренн»да у ҳозир «Реал»да ўйнаётган Камавингадан аввалроқ ўз дебютини нишонлаганди. «Ренн»га ўтишидан аввал у «Париж»нинг ҳимоя чизиғида скаутлар эътиборини тортганди. Агент Гадири Камара ўша пайтдаёқ «Ренн»га олиб келган бўлсада, ёши Лига1 талабига тўғри келмаганлиги туфайли, яна 2 йилни пойтахтда ўтказишга мажбур бўлганди.

Янги жамоада иқтидорли ҳимоячи ҳужум чизиғига тезда мослашиб олди.

«Биз Телнинг қатъиятли ўйинчи эканлигига, голлар уриб, ўйин тақдирини ҳал қила олишига ишонч ҳосил қилгандик. Айнан шу қобилияти унга олдинги чизиққа ўтиш имкониятини берди. Ҳозир Матис самарали универсал ўйинчига айланди: ҳужумда ҳам, ўрта чизиқда ҳам сермаҳсул ўйин кўрсата олади», - дейди Камара.

«Телнинг ёрқин фаолият юритишини таъминлайдиган оладиган ихтисосни ҳозирча аниқлай олмадик. Назаримда, у «ўнталик» позициясида ўзини эркин ҳис этади», - деганди агент 1 йилдан кейин.

Ҳозир Телни кўпроқ ҳужум марказига мос дейишмоқда.

Матис болалик йилларидан бери Тьерри Анрининг мухлиси. Уни Лига1даги ноёб иқтидорларнинг бири деб ҳисоблашади. Матис ўтган мавсумда, Эдуардо Камавингадан 1 ой олдин ўз дебютини нишонлаганди. Яъни, 2021 йилнинг августидаги «Ренн»нинг «Брест»га қарши учрашувида майдонга тушганида, 16 ёш, 110 кунлик йигитча эди. Лига1нинг 11-энг ёш дебютанти тез орада 2024 йилгача мўлжалланган дастлабки профессионал шартномани расмийлаштирди.

«Ренн»нинг асосий жамоасида Матис 10та ўйинда 79 дақиқа тўп суриб, натижага эриша олмади. Лекин ўринбосарлар жамоасидаги 6 учрашувда 6та гол урди.

Бундан ташқари, Тель Франция 17 ёшлилар терма жамоасининг сардори эди (9та ўйин, 5та гол). У ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатиб, чемпионликка 2тадан гол ва самарали узатмалари билан ҳисса қўшганди.

Собиқ устозларининг фикрича, Матис Телнинг ўйинлари камчиликлардан холи, фақат айрим жиҳатлари ҳозирча мукаммаллик даражасидан пастроқ.

«Матисда асл баҳодирларга хос фазилатлар бор. У ўз ёшига нисбатан анча бақувват. Матис жуда тез ва кўп югуришга қодир. ғоядан кўзлаган асосий мақсадимиз , унинг ўйинни кўра олиш қобилиятини 360 градусга етказиш, сезгирлигини янада оширишдан иборат», - деганди «Ренн» ўринбосарлар жамоаси мураббийи Ромен Феррье.

Афтидан, Нагельсманнинг мавсумдаги 10та гол орзуси рўёбга чиқадигандек - Тель асосий жамоадаги фаолиятини бошлаб юборди. Услуб жиҳатидан у Роберт Левандовскига умуман ўхшамайди. Лекин польшалик голеадор йўқлиги оқибатларини бартараф эта олади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 10:58, 20.10.2022.
Ўқилди: 1814 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.