Германия футбол лигаси Райнхард Раубалл Зеп Блаттернинг ФИФА президентлиги вазифасини тарк этишга чақирди. Бунинг сабаби ФИФА ижроқўми аъзоларининг ISMM/ISL маркетинг компаниясидан пора олганликлари ҳақидаги можаро билан боғланмоқда.
Аввалроқ ФИФАнинг собиқ раҳбари Жоао Авеланж ва Бразилия футбол конфедерацияси собиқ президенти Рикардо Тейшейра ноқонуний тўловлар олишгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу ҳақда Швейцария Олий судининг махсус билдириши эълон қилингандан кейин маълум бўлган.
96 ёшли Авеланж ва 64 ёшли Тейшейра ФИФА ижроия қўмитаси аъзолари ISMM/ISL маркетинг компаниясидан пора олганликлари ҳақидаги можарога алоқадор деб айтилмоқда. ISMM/ISL компанияси жаҳон чемпионатлари телетрансляциялари ҳуқуқини сотиб олган. Авеланж 1 миллион, Тейшейра 8,37 миллион евро пора олганлиги айтилган.
Бунга Блаттер қуйидагича изоҳ билдирган: "Менинг бу жиноятни билишим мумкин эмас эди. Ўтмиш билан ҳозирги замонни таққослаб бўлмайди. Олдин бу каби нарсалар қонунга хилоф эмас эди. Мен Авеланжни жавобгарликка тортишга қодир эмасман. Уни фахрий президент этиб ФИФА конгресси тасдиқлаган ва фақат конгресс унинг келажаги ҳақида қарор чиқариши мумкин".
Раубалл, шунингдек, Авеланжнинг фахрий президентлик унвонини олиб қўйиш учун тезроқ ФИФА конгрессини чақиришга чақирди.
"Ноқонуний келишувлар қила туриб, ҳалол ўйинни тарғиб қилиш керак эмас", - дея Раубалнинг сўзларини келтиради Европа ахборот агентликлари.