"Манчестер Юнайтед" бугун АПЛнинг навбатдаги тури олдидан Лондонга ташриф буюради. "Қизил иблислар" "Челси"га қарши майдонга тушиши керак. Тен Хаг эса ушбу баҳсда жамоанинг икки ҳужумчисидан фойдалана олмайди. Хусусан, Роналду асосий таркибдан четлатилган бўлса, Марсьялда жароҳат мавжуд. Қуйида мана шундай ҳолатда, "МЮ"нинг таркиби қандай кўриниш олиши ҳақида сўз боради.
37 ёшли Роналду "Тоттенхэм" билан баҳсда майдонга тушишдан бош тортиб, майдонни финал ҳуштагидан аввал тарк этганди. Айнан шу сабаб клублар доирасида 700 та голга муаллифлик қилган юлдуз, асосий жамоадан ажратиб қўйилди. Бундай воқеа мавсум бошида, "Райо Вальекано"га қарши баҳсда ҳам кўзга ташланган эди. Шундан кейин Эрик тен Хаг ҳолатга жиддий реакция билдиришга мажбур бўлди. У Роналдуни жамоадан четлатди. Бу ҳақида нидерландиялик мутахассис шундай дейди: "Мен Роналдуни биринчи мартадан кейин огоҳлантирганман. Сиз футболчи бўлсангиз, жамоа билан бирга бўлишни билишингиз керак. Чунки бу жамоавий спорт тури. Ҳамма бир хил стандартларга кўникишга мажбур. Мен бу ерда бош мураббийман. Шунинг учун жамоадаги атмосфера, маданият ва муносабатларга жавобгарман. Жамоада қадрият бўлсагина, у шаклланади".
Хўш, энди "МЮ"нинг бугунги ўйинга тайёрлаб қўйган тахминий таркибига тўхталсак. Дарвозада Давид Де Хеа бўлади. Унинг олдида марказий ҳимоячилар Рафаэль Варан ҳамда Лисандро Мартинес ҳаракат қилади. Қанотлар Диегу Далот ҳамда Люк Шоуга ишониб топширилади. Таянч ярим ҳимоясида икки ҳамюртлар, Фред ҳамда Каземиро майдонга туширилади. Ҳужумкор чизиқда Бруну Фернандеш, унинг икки томонида Жейдон Санчо ҳамда Антони бўлиши кутилмоқда.
Номинал ҳужум чизиғида Антони Эланга ҳаракат қилади. Унинг ўрни эса, кези келганда Маркуз Рэшфордга берилади.
Шунингдек, Фреднинг ўрнида бошланғич таркибга Кристиан Эриксен ҳам қўшилиши мумкин.
ИСМАТОВ Ж.