Ҳозиргина Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган учта қизиқарли учрашув якунига етди.
Кеча турнинг иккита учрашуви "Сурхон" - "Қизилқум" (2:0) ҳамда "Пахтакор" - "Локомотив" (2:0) жамоалари ўртасида бўлиб ўтганди.
Бекободда "Металлург" "Нефтчи" жамоаси билан беллашиб, кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва ўз ҳисобига навбатдаги уч очкони ёздириб қўйди.
Бугун эса чемпионлик учун кураш олиб бораётган "Навбаҳор" ҳамда "Насаф" жамоалари ўз майдонида ўйин ўтказишди. Наманганда "Навбаҳор" етакчи жамоаларнинг ҳақиқий бош оғриғига айланган "Олимпик" жамоаси қаршилигини енга олмади. Аниқроқ қилиб айтганда, мағлубиятдан аранг қутулиб қолди. Жамшид Искандеровнинг Месси услубида жарима зарбасини амалга ошириши, "Навбаҳор"ни ўз майдонида шарманда бўлишдан сақлаб қолди.
Қаршида эса "Насаф" "Бунёдкор" билан беллашди. Аввалига Жасур Ҳакимов "Насаф" дарвозасини ишғол қилиб, тошкентликларни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлим бошида Хусайн Норчаев мувозанатни тиклади.
Беллашувнинг қўшиб берилган дақиқалари ўтиб бораётган паллада ўйин бош ҳаками Тимур Тўхтасинов тошкентликлар дарвозасига пенальти белгилади. "Насаф" жамоасининг сербиялик легионери Марко Станоевичнинг йўллаган зарбасини "Бунёдкор" посбони Суҳроб Султонов қайтариб қолди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
"Навбаҳор" ва "Насаф"нинг очко йўқотишларидан кейин "Пахтакор"нинг кеча "Локомотив" устидан қозонган ғалабаси бугун жуда қўл келди.
Эртага бўлиб ўтадиган "Қўқон-1912" - "Сўғдиёна" ҳамда АГМК - "Динамо" жамоалари ўртасидаги беллашув 23-тур ўйинларига якун ясаб беради.
Суперлига қизғин паллага кирмоқда.