Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Баҳром Давлатовдан таклиф!

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ажойиб қатнашувига ҳам бир йил бўлди.

Аввалги материалимда мен футболчиларни тайёрлаш ва ривожлантириш яҳлит тизимини ташкил этиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш қанчали аҳамиятли эканлигига эътибор қаратган эдим. Бугун ушбу йўналишдаги фикрларимни давом эттириш истагидаман.

Биз барчамиз мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари қайд этишаётган натижаларнинг секин-аста ривожланиб бораётганини мамнуният ила тилга оляпмиз. 2003 йили футбол мухлислари Ўзбекистон термасининг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига борганининг ўзигаёқ хурсанд бўлган эдилар. Мундиалда Виктор Борисов шогирдлари Испания ва Аргентина каби кучли рақибларга минимал ҳисобларда бой беришди. Биз буни муносибдай қабул қилдик.

Иккита ЖЧ ўтиб, Аҳмад Убайдуллаев жамоаси Осиё вице-чемпионлигига эришди ҳамда Мисрдаги жаҳон чемпионатига йўл олди. Курраи-заминнинг бўлажак чемпионларидан муносиб мағлубият, футбол ватани Англия билан дуранг ва гуруҳдаги учинчи ўрин олдинга ташланган қадам сифатида баҳоланди.

Ва ниҳоят, 2011 йилнинг ёзида 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қитъа вице-чемпиони сифатида борган Алексей Евстафеев жамоаси ўзбек футболининг жаҳон чемпионатларидаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқди, 1/8 финалда австралияликларни йирик ҳисобда доғда қолдирди, кучли саккиз иштирокчи қаторидан жой олди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда мамлакат раҳбарияти футболни ривожлантиришга қаратаётган катта эътибор маҳсулидир.

Шу билан бирга мутахассислар ўша турнирларда тўп сурган йигитларнинг кейинги фаолиятини қунт билан кузатиб боришяпти. Агар хорижий кўплаб футболчилар ўша мусобақалардан сўнг катталар ўртасидаги халқаро беллашувларда ҳам ўзларини ёрқин намоён қила олишган бўлса, афсуски, бизникилар тўғрисида бундай фикр билдириш мушкул.

2003 йилги жамоадан баланд даражада Игнатий Нестеров билан Александр Гейнрих ўйнай олишди. Марат Бикмаев, Камолиддин Тожиев ва Жасур Ҳасанов чет элда тўп суришни давом эттиришмоқда. Ислом Иномов, Ярослав Крушельницкий, Мансуржон Саидов, Шавкат Раимқулов, Илҳомжон Суюнов олий лига клубларида бош ролларда. Элдор Магдеев, Нодиржон Қўзибоев, Илёс Зейтуллаев ва бошқалар ўз салоҳиятларини тўлиқ намойиш эта олишмади. Қўлни кўксимизга қўйиб, айтишимиз лозимки, бирорта ҳамюртимиз ўзи билан ўша маҳал ёнма-ён тўп сурган тенгқурлари - Андрес Иньеста, Карлос Тевес, Хавьер Маскерано, Фернандо Кавенаги, Пабло Забалета, Хуанфран, Дуду, Даниэль Карвальо, Клебер, Нилмар, Фернандиньо ва жаҳоннинг бошқа футбол юлдузлари даражасига чиқа олишмади.

ЖЧда қатнашган кейинги жамоамиздан ҳам ҳеч ким миллий термамизда алмашиб бўлмас савияга чиқа олмади. Шерзодбек Каримов, Иван Нагаев ва бошқалар умидли футболчилар сафида қолишни давом этишяпти.

Евстафеев шогирдларидан жорий мавсумда ўз жамоаларининг асосий таркибларида пахтакорчилар Аббосбек Махсталиев, Тимур Ҳакимов, “Машъал”даги Сардор Раҳмонов ва Бобур Давлатов, “Бухоро”да Азизбек Муротов пайдо бўлишди. Қолганлар эса ҳозирча ёшлар лигаси ёки биринчи лигада майдонга тушишяпти. Агар ёшларда зарур мотивация мавжуд бўлмас экан, биз уларнинг жиддий ўсишига эриша олмаймиз.

Биз иқтидорли футболчиларни улар ёшликдан катта футболга ўтишлари даврида йўқотаётган бўлиб чиқяпмиз.

Бунинг олдини олиш учун нима қилиши керак?

Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, биздаги болалар, ўсмирлар, ёшлар жамоалари ва фарм-клублар ўртасидаги мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ислоҳ қилиш керак. Олий лига тайёрлов гуруҳлари ҳамда биринчи лига турнирлари ҳозирги ҳолатда бизга катта рақобатли баҳсларни таъминлаб беролмайди. Биринчи лигада “бир ҳафтада - битта тур” циклига эришиш даркор. Иккала минтақа вакилларини битта зонага бирлаштириш ва улар ўзаро бир-бирлари билан куч синашганлари маъқул, деб ҳисоблайман. Фақат шундагина истиқболи бор ёшларга биз трамплин ярата олган бўламиз. Эътибор беринг – биз, “Пахтакор”, “Машъал” биринчи лига мусобақасига 1994-96 йилларда таваллуд топган болаларни қўйдик. Тўғри, улар тажрибали футболчиларга қарши роса қийналишди. Аммо айнан шу йўл уларга келажакда асқотади, улар катталар орасига тез киришиб кета олишларига замин бўлади. Бироқ мавжуд тизим мавсумнинг биринчи ярмидан сўнг бизнинг фарм-клубларимизни “ўйиндан ташқари ҳолатда” қолдирди.

Масалан, ёш футболчиларни янада тез ва мазмунли ўсиб боришлари учун УЕФА ёшлар жамоалари ўртасида ҳам алоҳида Чемпионлар лигаси ташкил этмоқда.

Яна бир таклиф. Ёшлар лигаси баҳсларини олий лига клубларидан буткул мустақил ўтказиш керак. Ёки бошланишига асосий ва ёшлар жамоалари учрашувлари кунларини бир-бири билан алмаштириш керак.

Бу нима беради?

Йўл ҳамда яшаш учун ҳаражатлар ўзгармайди. Лекин бу ўзгариш мураббийларга яқин орадаги захирани самарали тайёрлаб бориш имконини беради. Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ҳозир ёшлар жамоаси таркибида эртага асосий жамоалар ўйинида керак бўлиши эҳтимоли бор футболчиларни ҳам майдонга чиқаришмоқда. Бироқ бундай футболчилар кўпинча майдонда тўлиқ ва берилиб ҳаракат қилишмайди. Улар ўзларини эртанги учрашувга асрашади, йўқ жойдан жароҳат олиб қолмасликни ўйлашади. Мураббийнинг ўзи ҳам бундай ўйинчиларни одатда бир тайм ўйнатади холос. Аммо бундай футболчи эртага албатта майдонга тушишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шу тариқа ўйинчи тўлақонли амалиётдан қуруқ қолиши ҳеч гап эмас. Агар ёшлар жамоаси ўйини эртаси куни ўтказилса, мураббий кеча майдонга туширилмаган барча футболчилардан максимал даражада фойдаланиши мумкин. Футболчининг ўзи ҳам бутун жон-жаҳди билан тўп суради, у мураббийларга ёмон ҳолатда эмаслигини исботлаш учун ҳам ҳаракат қилади.

Ҳозир ёшлар жамоаси ўз беллашувини ўтказиб, бирдан уйга равона бўляпти. Яъни асосий жамоалар учрашувини ёшлар кўришмаяпти. Биз клубларда авлодлар алмашинуви ҳақида баралла гапирар эканмиз, бу ҳолатга чек қўйиш зарур. Агар асосий таркиб билан ёшлар баҳслари кунларини алмаштиришса, ёшлар ўз ўйинидан бир кун олдин меҳмонга келади. Кечки маҳал асосий жамоани қўллаб-қувватлаган ҳолда, учрашувни бевосита томоша қилади ҳамда ёшлар ўз имкониятларини аниқ баҳолаб олиш имкониятига эга бўлишади.

Менимча, олий лига клублари раҳбарлари уй учрашувларига ўз футбол мактаблари тарбияланувчиларининг ташриф буюришларини ҳам алоҳида ўйлашлари керак. Ҳар бир мураббий ўз жамоаси билан асосий таркиб ўйинига албатта келиши лозим. Шундагина уларда клубга нисбатан ватанпарварлик руҳи шаклланади. Эртасига эса ҳар бир мураббий ўз шогирдларига кечаги ўйинни таҳлил қилиб бериб, ўсиб бораётган болакайларга қимматли назарий билимлар тақдим этиши мумкин.

Катта футболнинг пойдевори болалар-ўсмирлар ва ёшлар футболида қўйилади. Агар ушбу тоифадаги болалар футболи тизимини биз замонавий талаблар даражасида ташкил эта олсак, келажакда албатта бунинг мевасини оламиз. Ва бизнинг терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларига баъзида эмас, доимий равишда боришади.

Баҳромжон ДАВЛАТОВ,
"Бунёдкор" ФК вице-президенти

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 18:24, 20.07.2012.
Ўқилди: 6432 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.