Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Муҳрим Аъзамхўжаев 10 йил аввалги Ўзбекистон U16 терма жамоасининг чемпионлигини ёдга олди

Баҳо:
+ | -

Футбол мавзуси очилиб қолганига. Бир нарсани ўтказворибман — 6 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси биринчи марта Осиё чемпиони бўлганига 10 йил тўлганди. 2012 йил сентябрь–октябрида Эронда бўлиб ўтган мусобақа Ўзбекистонга терма жамоалар даражасидаги иккинчи Осиё чемпионлигини келтирган эди (бунгача биринчиси Хиросима–94 эди). Мен ҳам ўша жамоа аъзоси, жамоа матбуот котиби эдим. Эмоцияларга бой мусобақа бўлганди.

Ўзбекистон мусобақага фаворитлардан бири сифатида келганди. Гуруҳ босқичидан осон ўтасизлар, деганди ҳамма (ўзимиз ҳам шунақа ўйлаганмиз, албатта). Саралашда 9:0 ҳисобида мағлуб этилган Ҳиндистонни гуруҳ босқичининг 1-турида базўр 3:2 ҳисобида мағлуб этганмиз. 2-турда Хитой билан ўйинни зўр бошлаб, охири 1:1 ҳисобида тугатганмиз. Охирги турда эса жуда расво ўйин кўрсатиб, Сурияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Гуруҳда қолиб кетишимиз керак эди.



Лекин бизнинг ўйинимиз билан бир вақтда ўтган Хитой — Ҳиндистон ўйинида аутсайдер ҳиндлар сўнгги сонияларда пенальтидан гол уриб, Хитойни ўзи билан олиб қолиб, Ўзбекистонни чорак финалга чиқарган (2 дақиқа ичидаги бу кайфият ўзгаришини албатта кўриш керак).

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош мураббийимиз Дилшод ака Нуралиевнинг биринчи айтган гапи “Ҳиндистонга раҳмат!” бўлганди (бир гуруҳдаги жамоалар бир меҳмонхонада турарди, кечки овқат вақтида Хитой дарвозасига Ўзбекистонга “ғалаба” келтирган голни урган ҳинд футболчига совғалар бергандик).

Ана шундан кейин фаворит фаворитга ўхшаб ўйнай бошлаган. Гуруҳ босқичидаги нурсиз ўйинларимиздан кейин ҳамма “Жанубий Корея Ўзбекистонни чилпарчин қилиб ташлайди”, деб турганида, шунақанги чиройли ўйин кўрсатганмизки, ўйиндан кейин эронлик журналистлар бари “жамоангиз уч кун ичида худди алмаштириб қўйилгандек”, деганди. Камига, гуруҳ босқичида бирорта ўйинда ўйнамаган ҳужумчи Акобир Тўраев ҳамма учун сюрприз бўлганди. Корейсларни ютиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганмиз.

Шундан кейин елкадан тоғ ағдарилгандек бўлган — минимум вазифа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш эди-да. Ярим финалда мезбон Эрон билан ўйнаганмиз. Ўйиндан олдин “элчилар” келиб, “Эрон сизларни камида 5:0 га ютмоқчи экан”, дегани эсимда (ҳақиқатан ҳам кучли эди Эрон). 3:2 га ютганмиз, менимча, мусобақадаги энг чиройли ва энг енгил ўйинимиз шу бўлган. Отабек Шукуров шунақанги зўр рейд билан гол урган, ваҳ! Иззатилла Абдуллаевнинг пушка-голига ҳам гап йўқ!



Финални кўпчилик кўргандир, балки эслар олар — Япония эзиб ташлаган, лекин жамоа ҳақиқий матонат, маҳорат, айниқса, дарвозабонимиз Сарвар Каримов қаҳрамонлик кўрсатиб, чемпионликни қўлга киритганмиз. 10 кун аввал мусобақа билан хайрлашиб турган жамоа мана шундай қилиб Осиё чемпионига айланган.



Ўша таркибда бўлганлардан Жамшид Болтабоев (дарвоқе, Сурия билан ўйиндан кейин йиғламаган кам сонли футболчилардан бири, “йиғламаларинг” деб йиғлаётганларни уришиб ҳам берганди) ҳозир “Навбаҳор” етакчиларидан бири (суратлари постерларга  қўйиляпти, мана); Жавоҳир Сиддиқов ҳозир Қўқоннинг Мессиси; Отабек Шукуров эса ҳозир Туркияда Андреа Пирло қўл остида ўйнаяпти; Акрам Комилов , Иззатилла Абдуллаев, Достон Ҳамдамов ҳам Суперлигада ўз жамоаларида асосий ўйинчилар.

Хуллас, мен ҳам Осиё чемпиони бўлганимга 10 йил бўлди шу октябрда. Дарвоқе, нафақат Осиё чемпиони бўлганимга, балки Шерали Жўраевни эшитишни бошлаганимга ҳам. Мен матбуот котиби бўлсам, Жамолиддин Бобожонов жамоа оператори эди. ОАВ бир жойда яшайди-да. Устозим Жамол Бобо шунда “Сарбон”дан бошлаб, Шералини оҳиста эшитишни ўргатган (ҳа, қаришим Теҳронда бошланган). Мана шунақа.

Шу ғалабага алоқадор барчани яна бир бор табриклайман!

Муҳрим Аъзамхўжаев.

Киритилди: 08:31, 01.11.2022.
Ўқилди: 3148 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.