Суперлиганинг 2022 йилги мавсуми якунига яна 3 та тур қолди. Айни вақтга келиб совринли ўринлар масаласи, Про лигага йўл олувчи иккинчи жамоа номи ҳамда плей-офф учрашуви иштирокчиси аниқ бўлиб улгурмаган. Ҳар тур ва ҳар бир беллашув қизиқарли, курашларга бой ўтаётгани миллий чемпионат учрашувларига файз киритмоқда, дея оламиз.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Қатар мезбонлигидаги жаҳон чемпионатини инобатга олиб, -cола Суперлига сўнгги турини баҳордаёқ 19 ноябрга режалаштирганди. Бироқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 16 ноябрь куни Қозоғистонга қарши беллашувда майдонга тушиши масаласи куз ойида маълум бўлди. Натижада биз 26-турни 11 ноябрга қадар суриш режасини ишлаб чиқдик. Боиси, миллий терма устози Сречко Катанец терма билан йиғинни 12 ноябрда бошлашни режалаштирган.
Маълум бўлишича, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳри Туркий давлатлар ташкилоти саммитига мезбонлик қилади. Самарқанд кетма-кет иккинчи бор йирик тадбирни қабул қилаётганидан келиб чиқиб, МТРК техникалари 11 ноябрь куни мазкур шаҳарга жалб этилади.
Шу куни Самарқанд шаҳрида «Динамо» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашув бор. Қолаверса, сўнгги тур беллашувлари Регламент асосида бир вақтда старт олиши таъминланиши керак. Табиийки, мазкур жараёнда ҳал қилувчи 7 та беллашувни ўтказиш трансляция масаласида муаммолар келтириб чиқаради. Телевидение бирор объектга ўз техникаларини ўрнатиб, уни қайта демонтаж қилиши жараёни ҳам бир неча соатларга чўзилади. Шунга қарамай, МТРК билан ҳамкорликда барчасини тезлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бу эса Суперлига сўнгги тур учрашувлари бир кунга кечиктирилишини талаб этади.
Сўнгги тур беллашувлари мухлисларга яхши футбол учрашувларини тақдим этишига шубҳа йўқ. Бу жараёнда шаффофликни таъминлаш учун ЎзПФЛ беллашувларнинг жонли эфирга олиб чиқилишидан манфаатдор. Мазкур жиҳатлар инобатга олиниб, 26-тур 12 ноябрь куни бўлиб ўтади. Футбол мухлислари ҳамда Суперлига иштирокчиларидан мазкур вазиятни тўғри тушунишлари сўралади.
Ўз навбатида МТРКга вазиятдан чиқиш учун биз каби режаларини ўзгартираётгани ҳамда барча учрашувларни жонли эфирга олиб чиқишдаги ҳаракати учун миннатдорчилик билдирамиз.