Суперлига йўлланмасини нақд қилган "Андижон" клуби матбуот хизмати жамоанинг октябрь ойидаги ўйинлари статистикасини улашди.
"Октябрь ойи ҳам “Андижон” жамоаси учун муваффақиятли кечди. Ушбу ойда жамоанинг Суперлига масаласини ҳал қилиши кутилганди ва амалда бу ўз тасдиғини топди.
Виктор Кумиков жамоаси ўтган ойда 4 та учрашув ўтказди. Натижалар қуйидагича: “Андижон” – “Бухоро” – 2:1, “Хоразм” – “Андижон” - 0:1, “Андижон” – “Турон” – 1:1 ва “Андижон” – “Машъал” – 4:2.
Гувоҳи бўлганингиздек, “Бургутлар” 4 та беллашувда 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, муддатидан илгари про лига ғолиблиги ҳамда Суперлига йўлланмасини нақд қилиб қўйдилар. Энди жамоа мутлақо хотиржам! Вазифа муваффақиятли бажарилди.
Тўплар нисбатида бу сафар анча сермаҳсуллик кузатилди. Боиси, жамоамиз октябрь ойида рақиблар дарвозасига 8 та гол уриб, ўз дарвозасидан 4 та тўп олиб чиқди. Умумий ҳисобда “Андижон” биринчи бўлимда 3 та, иккинчи бўлимда 5 та гол урди.
Октябрь ойида киритилган 8 та голлар муаллифи кимлар? Шаҳбоз Эркинов 4 та гол урди. Шунингдек, Илдар Маматказин ўз ҳисобига 2 та гол ёзиб қўйди. Қолаверса, черногориялик легионерлар – Богдан Милич билан Горон Милойко ҳам дарвозани бир мартадан ишғол қилдилар.
“Бобур Арена”да 3 та учрашув ташкил қилинди. “Бухоро”, “Турон” ва “Машъал”га қарши ўйинлар ўтказилди. Хўш, томошабинлар ташрифи қандай? 10 октябрь куни “Бухоро” қабул қилинган баҳсда дисквалификация сабабли ўйин томошабинларсиз ўтди. 24 октябрда “Турон” қабул қилинган учрашувда 3207, “Машъал”га қарши беллашувда эса 3987 ишқибоз стадионда кузатиб борди. Умумий ҳисобда “Андижон” иштирокидаги учрашувларни 7194 нафар мухлис томоша қилди.
Илдар Маматказин, Горон Милойко, Владимир Бубанья, Абдувоҳид Ғуломов нима билан ажралиб турганини биласизми? Тўртта ўйинчи “Андижон” жамоасининг октябрь ойидаги тўртта учрашувида тўлиқ, ўзгаришларсиз иштирок этишди.
Шунингдек, октябрь ойида жамоамиз пенальти тепмади ва ўз навбатида дарвозамиз томон ҳам пенальти белгиланмади.
Ўтган ойда футболчилар тартиб-интизом масаласида анча яхши таассурот қолдиришди. Иккита ўйинда жамоа аъзолари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳаракат қилдилар. Фақат иккита баҳсда 4 нафар футболчига сариқ карточка кўрсатилди. Булар - Суҳроб Бердиев (2 та), Горон Милойко ва Илдар Маматказин. Қизиғи шундаки, 22-тур доирасида “Хоразм” – “Андижон” баҳсида бош мураббий Виктор Кумиковга 90-дақиқада ҳакам қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. Натижада Виктор Балютович учта ўйинга дисквалификация қилинди.
Ноябрь ойида чемпионат якунига етади. Олдинда “Андижон”ни учта учрашув кутиб турибди. Сафарда “Бухоро”, “Бобур Арена”да “Хоразм” ва меҳмонда “Турон”га қарши ўйинлари бор.
Умид қиламизки, муддатидан олдин про лига ғолиби бўлган жамоамиз ушбу ойда ҳам ғалабали юришини давом эттиради" - дейилади "Андижон" клубининг расмий баёнотида.