Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзгараётган «Андижон», Арвеладзенинг эътирофи ёхуд вилоят ҳокими клубнинг истиқболли режаси билан танишди

Баҳо:
+ | -

“Андижон” футбол клуби янги мавсум учун аллақачон тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Андижон”ни янги мавсумга тайёргарлик кўриш бўйича ишларни шахсан ўз назоратига олган.

Жамоа мавқеини, имиджини ошириш ҳамда клубни янгича қиёфага олиб чиқиш, Суперлигада рақобатбардош даражага айлантириш ва айниқса ҳар жиҳатдан ривожлантириш бугунги кундаги муҳим масала ҳисобланади.

Барибир хоҳлаймизми-йўқми, вилоят ҳокимининг ёрдами билан жамоа аъзолари олдидаги барча қарздорликларнинг бартараф этилгани ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ. Айниқса, хорижда ишлаётган мутахассислар ҳам бу янгиликдан хабардор бўлишди ва юқори баҳо бердилар.

Масалан, “Пахтакор” клубининг собиқ бош мураббийи, европалик таниқли мутахассис, охирги бор Англия чемпионшип вакили – “Халл Сити” клубини бошқарган Шота Арвеладзе ҳам жамоадаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб турибди.

Жумладан, Шота Юстинович “Андижон” матбуот хизматига шундай деди: “Биринчи навбатда “Андижон” футбол клубини яна Суперлигага қайтгани билан табриклайман. Тўпланиб қолган иш ҳақларини бирданига берилгани яхши бўлибди. Нормал тизим шундай бўлиши керакки, маошлар ўз вақтида тўланиши лозим. Янги мавсумда ҳам “Андижон” жамоасига Суперлигада омад тилаб қоламан”, - дея ўзининг самимий тилакларини билдирди.

Айтмоқчимизки, “Андижон” жамоамизнинг янги мавсум учун ҳаракат бошлагани ва ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилгани айни муддао. Эътиборлиси, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Бобур Арена”даги ишлар билан яқиндан танишиш ва клуб келажагини муҳокама қилиш учун стадионга ташриф буюрди.

Вилоят раҳбари аввалига стадион майдонининг чимини алмаштириш бўйича қилинаётган ишларни диққат билан кўздан кечирди. Мутасаддиларга керакли топшириқларни берган ҳолда ҳаммаси ўз вақтида, кечикмасдан бажарилиши муҳимлигини эслатди.

Шундан сўнг, стадион биносида вилоят ҳокими учун “Андижон” жамоасининг янги мавсумга тайёргарлик жараёни ва бир неча йиллик ривожланиш режаси бўйича тақдимот ўтказилди. Клуб бош директори Улуғбек Мирзаев келаси йил учун харажатлар сметаси тузилганини ва уни қайси йўсинда ишлатиш бўйича асосланган ҳолда қандай режалар ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берди.

Масалан, 2023 йилда ойма-ой давомида маблағларнинг тақсимланган ҳолати ҳам намойиш этилди. ПФЛ талабларига кўра, Суперлига жамоасининг харажатлар сметаси асосий таркиб, U-21, U-19 жамоалари, шунингдек, футзал ҳамда аёллар жамоалари, қолаверса, клуб администрацияси ҳамда хизмат кўрсатувчи персоналлар каби бўлимлардан иборат. Тақдимотда ушбу вазиятга ҳам эътибор қаратилди.   

Шу билан бирга молиялаштириш манбалари ҳисобланган ҳомийлар масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бундан буён вилоятдаги барча футбол мактаблари фақат “Андижон” футбол клуби учун хизмат қилиши ва бунинг учун вилоят футболида яхлит тизим яратилиши алоҳида эътиборга олинди. Бу масала бўйича кейинроқ яна батафсил маълумот берамиз.

Энг муҳими, янги мавсумга тайёргарлик кўриш, селекция ишларини фаол тарзда олиб бориш, жамоани кучайтириш бўйича молиявий томондан барқарорликни таъминлаш масаласига вилоят ҳокими алоҳида эътибор қаратаётгани аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, яна қўшимча маблағлар ишлаб топиш бўйича ҳам мутасадди раҳбарлар вилоят ҳокимига янги ишлаб чиқилган режалар юзасидан маълумотлар берди.

“Андижон” Суперлигада ўз ўрнига эга бўлиши, элитада вақтинчалик жамоага айланиб қолмаслиги учун амалий ишларнинг бошлаб юборилгани албатта қувонарли. Бу борада вилоят раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов жамоани ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.  

"Андижон" матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 10:15, 01.12.2022.
Ўқилди: 3951 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.