"ПСЖ" ҳужумчи Лионель Месси билан шартномани узайтириш бўйича таклиф тайёрламоқда, деб хабар беради GOAL.
Манбанинг хабарига кўра, Мессига Қатардаги жаҳон чемпионатидан сўнг Париж клуби билан янги шартнома таклиф қилиниши ҳақида аллақачон хабардор қилинган. Қайд этилишича, шартнома амалдаги маош билан икки йилга мўлжалланган. Ҳужумчининг ўзи "ПСЖ"да қолишга қарши эмас ва клуб аргентиналик футболчининг клубда бўлишида молиявий фойда кўради.
Манба, шунингдек, Мессининг 2023 йилнинг ёзида “Интер Майами”га ўтиши ёки “Барселона”га қайтиши эҳтимоли бу клубларнинг аргентиналикка қизиқишига қарамай, даргумон эканлигини айтади.
35 ёшли аргентиналик футболчи 2021 йилнинг августида "ПСЖ"га ўтган ва француз клуби сафида 53 та ўйинда майдонга тушиб, 23 та гол урган ва 29 та голга ассистентлик қилган.