Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан бири – Баҳодир Насимов тўп сураётган Озарбойжоннинг «Нефтчи» клуби Европа чемпионлар лигаси учинчи саралаш босқичи дастлабки учрашувида йирик ҳисобда имкониятни бой берди. Исроилда «Ирони Кирьят-Шмона» меҳмони бўлган бокулик футболчилар 0:4 ҳисобида енгилишди.
Жароҳати сабаб Баҳодир Насимовнинг ўзи мазкур беллашувда иштирок эта олмади. Қайд этиш керак, Насимов иккинчи босқичдан ўрин олган Грузиянинг «Зестафони» клубига қарши ҳар иккала ўйинни ҳам қўйиб юборганди. Ундан аввалроқ эса ҳужумчи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Иорданига қарши ўйинига қадар формасини тиклаб олиш ниятида эканини маълум қилган.
Баҳодир Насимов Европа чемпионлар лигасининг жорий мавсумида ўйнаши мумкин бўлган ягона ўзбекистонлик футболчи бўлиб турганди. Бироқ учинчи босқичдаги йирик мағлубият сабаб «Нефтчи» катта хавф остида қолди. 8 август куни бўлиб ўтадиган жавоб ўйинида вазият ўнгланмаса, Баҳодир Насимов ва у тўп сураётган клуб иштирокини Европа лигасининг плей-оффида давом эттиради. Маълумот ўрнида эслатиш керакки, Европа лигасида шунингдек Максим Шацких, Виталий Денисов, Тимур Кападзе, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев каби ўзбекистонлик футболчилар ҳам иштирок этишмоқда.