Мана, Жаҳон чемпионатининг чорак-финал босқичига ҳам етиб келдик. Бу давр мусобақанинг энг қизғин даври саналади. Қуйида бутун дунё мухлислари томонидан эътироф этилган тарихдаги энг яхши бешта чорак-финал баҳсларини эслаб ўтамиз.
1. Уругвай 1-1 Гана ( пен. Уругвай 4-2 Гана), 2010 йил.
Сиз тарихда қўл билан ўйнаш бўйича фақат Марадонани "устаси фаранг" деб ўйласангиз, янгишасиз. 2010 йилда ундан ҳам қизиқ ҳолат юз берган. Уругвай ва Гана ўйинида 1-1 ҳисоби қайд этилаётган эди. Форлан ва Мунтари голларга муаллифлик қилган. Аммо ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида, ганаликларда супер вазият бўлади. Аммо очиқ дарвозага тўп кирмайди. Негаки, Суарес деган футболчи тўпни очиқчасига қўли билан тўсиб қолгади. Уругвай дарвозасига пенальти белгиланади ва Луис Суаресга қизил карточка кўрсатилади. Аммо пенальти голга айланмайди. Натижада, Форлан бошчилигидаги футболчилар 1-1ни ўйин охиригача ушлаб, пенальтилар сериясида 4-2 ҳисобида зафар қучади. Қарабсизки, Суарес қаҳрамон!
2. Голландия 2-1 Аргентина, 1998 йил.
Бундан 24 йил илгари Нидерландия ва Аргентина мундиалнинг айнан чорак-финалида тўқнашган. Бугун улар яна бир бор куч синашади. Асосий вақт 1-1 ҳисобида якун топади. Ариэль Ортега Эдвин ван дер Сарнинг бошига зарба бериб юборгани сабабли, майдондан четилатилади. 120 дақиқага яқин қолган бир пайтда, Франк де Бурнинг қулай узатмаси Деннис Бергкампга етиб боради. У эса ажойиб тарзда тўпни Карлос Роанинг дарвозасига жойлайди!
3. Болгария 2-1 Германия, 1994 йил.
Биласиз, Япония Германияга қарши гуруҳ баҳсида камбек орқали ғалаба қозонганди. Бу ишни яқин тарихда Болгария ҳам эплаган. АҚШда кечган турнирда болгарлар матонат кўрсатган. Лотар Маттеус пенальтидан гол уради. Аммо ундан кейин Христо Стоичков ва Йордан Лечковлар иккита гол билан "яшиллар"нинг ғалабасини таъминлайди. Шундан бери, немислар биринчи гол урган ўйинларида мағлубиятга учрамай келаётганди. Бу анъана Япония томонидан бузилганини эса ҳаммамиз кўрдик!
4. Голландия 2-3 Бразилия, 1994 йил.
Очиғи, АҚШдаги турнирнинг чорак-финал баҳслари фантастик даражада ажойиб кечади. Айниқcа, ўшанда, амалдаги чемпион саналган бразилияликлар ва "учар голландлар" ўртасидаги баҳс. Биринчи бўлим голсиз якун топади. Иккинчи бўлим фантастик кечди. Биринчи голни Бебетонинг узатмаси орқали Ромарио киритади. Кўп ўтмай, иккинчи голни Бебетонинг ўзи урди. Аммо нидерландияликлар таслим бўлмади. Бергкамп ва Винтерлар ҳисобни тенглаштиришди. Бироқ, ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида Бранко исмли футболчи фантастик жарима зарбаси бериб, Бразилияни ярим финалга олиб ўтади.
5. Аргентина 2-1 Англия, 1986 йил.
Ҳа, ҳамманинг ўзига яраша хотираси ва ёқтирган ўйинлари бор. Бу мўжизавий спорт тури. Унда ҳаммага жой етади. Аммо 1986 йилги мундиал ўзига хос бўлган. Унда инглизларнинг аламли мағлубияти қайд этилади. Марадонанинг 51 ва 55 дақиқаларда киритган голлари Аргентинани "Астека Стадиони"даги ғалабасини таъминлайди.
ИСМАТОВ Ж.