Марокаш терма жамоаси бош мураббийи Волид Реграгий ЖЧ—2022'нинг учинчи ўрини учун Хорватияга қарши кечган баҳсдан (1:2) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Жаҳон Чемпионатларида энди Африкадан 9 та қатнашчи бўлади ва биз ўрганишда давом этамиз. Ишончим комил, 15–20 йилдан кейин Африка терма жамоаси жаҳон чемпионига айланади, чунки биз ўрганиб оламиз.
Босиб ўтишимиз керак бўлган маълум бир босқич бор. Ушбу натижани унутишимиз, яна-да кўпроқ ишлашимиз керак. Биз нафақат Марокаш учун, балки бутун минтақа учун ДНК яратамиз.
Кийиниш хонасида йигитларга агар тарихга киришни истасак, Африка Кубогида ғалаба қозонишимиз кераклигини айтдим. Ўз минтақамизда доминантга айланишни хоҳлаймиз.
Нақадар ақл бовар қилмас натижага эришганимизни эртага англаб етамиз. Қисқа вақт ичида катта тажриба тўпладик. Кутганимиздан узоқроққа бордик, бироқ бу етарли эмас. Бу кейинги қатнашчилар учун намуна бўлиши керак. Бу бутун Африка учун фойдали бўлади, деб умид қиламан.
Бизни ажойиб келажак кутяпти, олға юришда давом этамиз. Албатта, олдимизда қачонлардир Жаҳон Чемпионатини ютиш мақсади туради. Бундан кейин бизга нисбатан босим юқори бўлади.
Кучли жамоалар билан тенгма-тенг кураша олишимизни кўрсатдик. Бундай ўйинлар натижаси кичик деталларга боғлиқ бўлади», — дейди Реграгий.
Марокаш терма жамоаси Бельгия, Канада ва Хорватия билан бир гуруҳдан жой олди. Плей-оффда дастлаб Испания, кейинчалик Португалия таслим этилди. Ярим финалда Францияга имкониятни бой бериб қўйди.