Лионель Месси 2021 йилда ўзининг еттинчи "Олтин тўп"ини қўлга киритган эди. Кўпчилик бу соврин Месси учун сўнггиси бўлади деб ўйлаганди. Аммо ҳозир вазият ўзгариб қолди. 2022 йилги мундиал Мессини 2023 йилнинг "Олтин тўп"ига даъвогарга айлантирди. Бензема бу йилги совринни қўлга киритганида, Месси шортлистда ҳам йўқ эди. Эндиликда, Месси саккизинчи "Олтин тўп"ни қабул қилиб олишига йўл очилди. Қуйида тарихдаги "Олтин тўпчилар" эслаб ўтилади. Улар бу мақомга ЖЧдан кейин эришган.
Лука Модрич (2018)
Айнан Модрич Месси ва Роналдунинг 10 йилдан ортиқ давом этган гегемонлигига нуқта қўйган футболчи бўлди. У 2018 йилдаги мундиалда кўрсатган қаҳрамонликлари сабабли бу совринни олган. Қолаверса, ўша йили "Реал" ўзининг кетма-кет учинчи ЕЧЛ кубогига эга чиққани ҳам Модричга ёрдам бериб юборади.
Фабио Каннаваро (2006)
Марказий ҳимоячи Италиянинг 2006 йилги ғалабасида катта ишни амалга оширган. Каннаваро турнирнинг ҳар бир дақиқасида майдонда ҳаракат қилган. Дарвозасидан эса бирорта гол ўтказиб юбормаган. Италиялик футболчининг бу ўйини уни "Реал"га ўтишига сабабчи бўлади.
Роналдо (2002)
1997 йилда тарихдаги илк жанубий америкалик "Олтин тўп"га эга чиқади. Унинг исми Роналдо эди. Бразилиялик қаҳрамонимиз "Барселона"дан "Интер"га рекорд суммада трансфер қилинади. 2002 йилда Корея ва Япониядаги ўйинлар Роналдони иккинчи "Олтин тўп" сари етаклади. Турнир якунлангач эса у "Реал"га йўл олди.
Зайниддин Зидан (1998)
Франция яшил майдонларида ўтган турнирда Роналдо энг яхши номига лойиқ кўрилади. Аммо финалдаги ўйинлари Зиданни қаҳрамонга айлантирганди. Шу сабабли у чемпион сифатида "Олтин тўп"нинг 1998 йилги версиясини қўлга киритган.
Лотар Маттеус (1990)
Маттеус Мессигача Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчи эди. Унинг шонли даври 1990 йилга тўғри келади. Маттеус бошчилигидаги Германия Марадонаси бор Аргентинани финалда 1-0 ҳисоби билан таслим этади. Шундай қилиб, Лотар ўша йилги "Олтин тўп"га эга чиқади.
ИСМАТОВ Ж.