Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Самвел Бабаян: «Таркибда ёшларнинг кўплиги режамиздан ғалабаларни олиб ташламаган»

Баҳо:
+ | -

“Пахтакор” клуби вице-президенти Самвел Бабаян 9 август куни бўлиб ўтган "Пахтакор" - "Бунёдкор" учрашуви ҳақида ўз фикрларини билдириб, саволларимизга жавоб қайтарди.
   
— Самвел Вячеславович, бўлиб ўтган навбатдаги дерби сизда қандай таассурот қолдирди?
— “Пахтакор” ва “Бунёдкор” иштирокидаги ҳар бир баҳс доимо кескин курашларга бой кечади. Бу сафар ҳам шундай ўйин гувоҳига айландик. Гарчи, дуранг натижа қайд этиб, “Бунёдкор”ни чемпионат баҳслари доирасида яна мағлубиятга учрата олмаган бўлсак-да, футболчилар намойиш этган ўйиндан қониқдим. Биз бутун ўйин мобайнида рақибдан кўра ҳужумкор ўйин кўрсатдик. Меҳмонлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Бироқ ғалаба голини уриш жамоамизга насиб қилмади. Айниқса, иккинчи бўлимда ташаббус тўлиғича биз тарафда бўлганди. Ўйлашимча, биз “Бунёдкор”дан яхшироқ ўйнадик. Бунга стадионга йиғилган ишқибозлар ҳам гувоҳ бўлишди. Таркибимизда ёш футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. “Бунёдкор”га қарши ўйнаган таркибда 5 нафар ўйинчимиз 1991 ва ундан кейин таваллуд топганди. Шунингдек, олимпия терма жамоасига номзод бўлган футболчилар ҳам майдонда ҳаракат қилишди. Лекин бу билан мен “Пахтакор” учун бу яхши натижа демоқчи эмасман. Футболчиларимиз ёш бўлишига қарамай, биз ҳар қандай жамоани доғда қолдиришимиз керак. Бу кун тартибидан олиб ташланмаган. Рақиб ким бўлишининг бизга аҳамияти йўқ, ҳоҳ “Бунёдкор”, ҳоҳ “Металлург” бўлсин.

— «Пахтакор» намойиш қилган ўйин савияси сизга маъқул келдими?
— Биринчи навбатда холис баҳони ишқибозлар беришади. Ўйиндан кейин мухлислар футболчиларимизни қўллаб-қувватлаб, уларга миннатдорчилик билдиришди. Демак, биз яхши футбол кўрсатибмиз. Мен барча футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Улар ўйин охиригача жон-жаҳдлари билан ғалаба қозониш учун уринишди. Майдонда сўнгги сонияларгача қўйилган мақсад сари олға интилишди. Афсуски, иккинчи тўпни киритиш учун бизга омад етишмади. Аслида бу жиҳат бизга “Бунёдкор” билан учрашувларда анчадан буён етишмаяпти. Бунда ўз майдонимизда ўтказган охирги беллашувларни эслашнинг ўзи кифоя қилади. Ҳозирча биз олий лига баҳсларида ушбу рақибимизни доғда қолдира олмадик. Пайшанба куни кўплаб имкониятларни юзага келтирдик, бироқ улардан фойдаланишда муаммоларга дуч келдик. Қолаверса, дарвозамиздан навбатдаги марта оддий ҳолатда тўп олиб чиқдик. Бу хатоларни ёшларда тажриба етишмагани билан изоҳлаган бўлардим. Вақт ўтиши билан ушбу хатолар бартараф этилиб, улар янада яхши савияда ўйин намойиш қилишади. Менга бунга ишонаман.

— Жамоа бундан кейин ҳам асосий эътиборни академия тарбияланувчиларига қаратишда давом этадими?
— Ҳа, бу бизнинг танлаган йўлимиз. Шу таркибдаги ёш футболчилар билан ҳам барибир муваффақиятларга эришамиз. Совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган бошқа бирор клуб таркибида бундай ёш ва маҳоратли ўйинчилар жамланмаган. Ёшлар таркибидан яқин орада яна бир неча нафар ўта иқтидорли футболчилар асосий таркибга қўшилишади. Улар билан янада кучлироқ ўйин қилишимизга шубҳа қилмайман. Бизнинг таркиб нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда энг ёшларидан биридир. Биз ёшларга ва академиямиз тарбияланувчиларига эътибор беришни давом эттирамиз.

— Кечаги учрашувда мухлислар тарафидан ҳакамларга эътирозлар билдирилди. Бу хусусида нима дея оласиз?
— Учрашувни бошқариб борган Валентин Коваленко бир неча йиллардан бери Ўзбекистон номини халқаро беллашувларда муносиб танитиб келмоқда. У ва унинг ёрдамчилари ўйинни яхши бошқариб боришди. Ҳакамлик юқори савияда бўлди деб ҳисоблайман. Тўғри, улар баъзи хатоларга йўл қўйишди, лекин хато қилишдан ҳеч ким кафолатланмаган. Уларнинг хатоларини инсонийлик фактори билан изоҳлаш мумкин. Кўпчилик меҳмонлар гол урган вазиятдан аввал тўп майдонни тарк этганини таъкидлади. Лекин бу ҳар бир баҳсда содир бўладиган кичик ҳолатлардан бири ҳисобланади.

— Келаси учрашувларда жамоа олдига қўйилган мақсад қандай?
— Олий лига ва Ўзбекистон Кубогининг қолган учрашувлари биз учун жуда муҳим. Уларнинг ҳар бири худди финалдек ўтади. Чунки биз мавсумни совринсиз якунламоқчи эмасмиз. Чемпионатда ҳам, кубокда ҳам ғалаба учун имкониятимиз бор ва ундан фойдаланиш учун ҳаракат қиламиз. Ҳали олдинда кўплаб ўйинлар бор. Шу сабабли биз учрашувларни ғалаба билан якунласак, чемпионлик сари бемалол курашни давом эттирамиз. Мухлисларга шуни айтиб қоламанки, биз сизларни хурсанд этиш мақсадида майдонга чиқамиз. Мавсум якунида эса улар билан қўлга киритган совринларимизни бирга нишонлаймиз деган умиддаман.

Манба: www.pakhtakor.uz
Киритилди: 09:30, 11.08.2012.
Ўқилди: 4866 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.