2022 йилги мавсумни ижара асосида «Ордабаси»да ўтказган, ҳуқуқий жиҳатдан Бекободнинг "Металлург" клубига тегишли бўлган ҳимоячи Одилбек Абдумажидов sports.kz интернет нашрига берган интервьюсида Чимкентдаги фаолияти борасида тўхталиб ўтди.
Айтиш мумкинки, ўзбекистонлик футболчи ёш бўлишига қарамай, ҳимояда ишончли ўйнаш билан биргаликда жамоасининг ҳужумдаги ҳаракатларида ҳам иштирок этиб турди. У Қозоғистон премьер-лигасида 4 марта тур рамзий жамоасига киритилди.
Ҳозирда Одилбек "Металлург" сафида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда.
— Одилбек, ўтган мавсум сиз учун қандай кечди?
— Биринчи навбатда, барчага — мураббийлар, ўйинчилар, мухлислар ва қолганларга раҳмат айтмоқчиман. Мен учун жуда яхши йил бўлди, алҳамдулиллаҳ.
— Сиз ҳимояда ишончли ўйнадингиз ва ҳужумга ҳам самарали қўшилиб, «Ордабаси» етакчиларидан бири бўлдингиз. Нима учун клубни тарк этдингиз?
— Мен у ерда ижарада ўйнадим. Келишув якунига етгач, "Металлург"га қайтдим.
— «Ордабаси» сизни ўз сафида олиб қолишга ҳаракат қилдими?
— Албатта, — улар жамоада қолишимни исташди.
— Чимкент жамоасида молиявий муаммолар борлиги ҳақида гап-сўзлар юрганди. Сизга шартнома бўйича барча пулларни тўлаб беришдими?
— Клубда молиявий муаммолар борлигини сезмадим. Ҳаммасини ўз вақтида бериб келишди.
— Қозоғистоннинг бошқа клубларидан ҳам таклифлар тушдими? Бошқа жамоалар эътиборини ҳам тортган бўлсангиз керак.
— Бу ҳақда аниқ маълумот менда йўқ. Буни агентим яхши билади.
— Агар молиявий шартларни олиб қарайдиган бўлсак, қайси жамоада яхшироқ: «Металлург» ёки «Ордабаси»да?
— Мен Қозоғистонга ўз даражамни намойиш этиш учун боргандим. У ерда ҳам, бу ерда ҳам деярли бир хил.
— «Металлург» сизни яна «Ордабаси»га ижарага бериши мумкинми?
— Бу борада клуб билан келишишим керак, аммо катта эҳтимол билан бунинг имкони бор. Ҳозир БААда йиғин ўтказиш учун жўнаб кетяпмиз ва у ерда 23 январга қадар бўламиз. Сафардан қайтганимиздан кейин қайси жамоада ўйнашим аниқ бўлади.
— Чимкент шаҳри нимаси билан ёдда қолди?
— Шаҳар менга ёқди. Инсонлари меҳрибон. У ерга жуда тез мослашиб олдим.
— Умуман олганда, Қозоғистон чемпионати ҳақида нима дея оласиз? Ижобий ва салбий жҳатлари?
— Қозоғистонда ижобий жиҳатлар кўп. Бу ҳақда тўхталиб ўтиришим шарт эмас. Буни барча билади. Салбий томони — майдонлар яхши эмас.
— «Астана» ҳақли равишда олтин медалларни қўлга киритдими?
— Албатта. «Астана» ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритди. У Қозоғистоннинг энг кучли клуби.
— Мавсум-2022да қайси ўйинчиларни эътироф этасиз?
— Бир ўйинчини ажратиб кўрсатиш қийин. Ҳар бир жамоада яхши ижрочилар ва етакчилар бор.
— Ҳимоячи сифатида қайси футболчига қарши ўйнаш қийин бўлди?
— «Астана», «Қайрат» ва «Каспий» сафидаги техникаси юқори футболчиларга қарши ўйнаш қийин бўлди.
— Бизда Қозоғистон ва Ўзбекистон футболини доимий равишда таққослаб келишади. Қайси чемпионат кучли ва нима учун?
— Техник жиҳатдан Ўзбекистон, жисмоний жиҳатдан Қозоғистон футболи кучли.