Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Энди «миллат» тушунчаси шартлими?

Баҳо:
+ | -

Футбол оламида «миллат» тушунчаси йил сайин шунчаки, шартли ва аҳамиятсиз иборага айланиб бораётгандек, гўё.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, охирги ЖЧга борган жами 832 нафар футболчидан 137 нафари ўзи туғилган мамлакат термаси эмас, бошқа юрт жамоаси таркибидан жой олди. Улар орасида ҳаттоки, миллий жамоа либосини илк марта мундиал бошланишидан 1 ойча олдин кийиб кўрган «супердебютантлар» ҳам бор. Championat.com сайти маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги ҳикоя шундай энг ажабтовур персонажлар ҳақида.

Иньяки УИЛЬЯМС (Гана) ва Нико УИЛЬЯМС (Испания)

Муқобил вариантлар: Испания ва Гана

Ўта оғир иш шароити, очарчилик ва ҳарбий можаролар ўтган асрнинг 90-йиллари Феликс ва Мария Уильямслар оиласини Ганадан чиқиб кетишга мажбур этганди. Ўшанда ҳатто Мариянинг ҳомиладор эканлиги ҳам узоқ сафарга тўсиқ бўлмаган - оиланинг бўлажак фарзанди Иньяки туғилишига атиги 2 ой қолганди. Жуфтлик бор маблағини юк машинаси ҳайдовчисига берган, у эр-хотинни Европага элтиб қўйиш мажбуриятини ўз зиммасига олганди. Бироқ ҳайдовчи Феликс ва Марияни ярим йўлда ташлаб кетади. Оқибатда жуфтлик 4000 километрга чўзилган Саҳрои Кабирни босиб ўтиш азобига дучор бўлади. Сафар давомида Феликснинг оёқ кафтлари карахт бўлиб қолганига қарамай, жуфтлик бир амаллаб Ўртаер денгизига етиб олади. Кейин паромда Испаниянинг Мелилья шаҳарчасига боради. 1994 йилнинг апрелида эса Уильямслар Мелильядан Бильбаога йўл олишади. У ерда руҳоний Иньяки Мардонеснинг кўмаги билан турар-жой топишади. Кейин айнан руҳоний тавсия этган клиникада тўнғич фарзандлари дунёга келади. Чақалоққа шу олижаноб инсонга ҳурмат ўлароқ, исм танлашади - Инья­ки. Чамаси 2 йилча олдин Иньяки Уильямс Испания миллий жамоасидан жой олиш умидини батамом узди ва тарихий ватани шарафини ҳимоя қилишга қарор қилди. Унинг «Атлетик»да тўп сурадиган укаси Нико эса Луис Энрике чорловини қабул қилиб, Қатар мундиа­лига Испания термаси сафида йўл олди.

Тимоти ВЕА (АҚШ)                   

Муқобил вариант: Либерия

Тимоти Қатар мундиали гуруҳ раундидан ўрин олган Уэльс термасига қарши баҳс (1:1)да ҳисобни очгач, нафақат америкалик мухлислар, балки «нотаниш» Либериядаги футбол ихлосмандлари ҳам қувонишди. Ҳар ҳолда, Африканинг ушбу мамлакати пойтахти - Монровиядаги демократик ўзгаришлар Конгресси қароргоҳида улкан экран ўрнатилди, жуда кўп фуқаролар кичик Веа ўйинини томоша қилишди. Бинобарин, у ҳозирда Либерия президенти лавозимида ишлаётган афсонавий Жорж Веанинг ўғлидир. «Олтин тўп» совринига сазовор бўлган африкалик ягона ҳужумчининг ҳар икки ўғли ота изидан боришни ихтиёр этганини айтиш ўринли. Кичик Жоржнинг фаолияти Швейцариянинг ўртамиёна клубларида ўтди. 22 ёшли Тимоти эса акасидан иқтидорлироқ чиқди. У АҚШ футболни ривожлантириш академиясида таҳсил олгач, «Лилль» таркибида Франция чемпиони бўлди, мамлакат кубоги соҳибига айланди. Халқаро футболга келганда, Тимоти АҚШ терма жамоасини танлади. Президент Веанинг сиёсий рақобатчилари ўғлининг бу қароридан ҳам фойдаланишга уриниб кўришди. Бироқ Либериянинг оддий халқи Тиманинг танловини тўғри қабул қилди - вақтида Жоржнинг ЕЧЛдаги ҳайратомуз ўйинларидан ўзгача завқланган мухлислар энди унинг ўғли Уэльс термаси дарвозасини забт этганини бошқача нишонлашди.

 

Ансу ФАТИ (Испания) 

Муқобил вариантлар: Гвинея-Бисау, Португалия

ЖЧ-2022 Фати учун барқарорлик ва ўз салоҳиятига ишонч ҳосил қилиш имконияти эди. У Қатарга ҳаётидаги барча қийинчиликлар ўтмишга айланишидан умидвор ҳолда йўл олди. Ансу 6 ёшли пайти жонажон ватани - Гвинея-Бисауда очарчиликни бошдан кечирган. Чинакам футбол тўпини эса фақат Испанияда кўрди. Бундан 3 йил муқаддам Португалия футбол федерацияси ҳам Фатини ўз томонига оғдиришни ўйлади, бироқ иқтидорли йигит таклифга рад жавоби берди: «Отажон, португал тилини билмаган ҳолда, бу мамлакат терма жамоасида қандай ўйнайман? Сиз мени Испанияга олиб келдингиз, дўстларим шу ердалар, ҳаётим ҳам шу мамлакатда ўтмоқда. Хуллас, фақат Испания», - дея ўз қарорини тушунтирганди Фати отасига. 

 

Педру КОРРЕЯ ёхуд РО-РО (Қатар)

Муқобил вариантлар: Португалия, Кабо-Верде

ЖЧ-2022да антиқа лақаб остида майдонга тушган футболчининг асл исм-шарифи анча узун - Педру Мигель Карвалью Деуш Коррея. Унга бу лақабни бразилиялик икки афсона - Ромарио ва Роналдонинг ашаддий мухлиси бўлгани учун «ёпиштиришган». 32 ёшли Ро-Ро эсини таниганидан буён ўз кумирларига оид фото ва видеоматериалларни тўплаш билан овора. Албатта, уларнинг финтларини ўзлаштиришга ҳам вақт ажратади. Ро-Ро Португалиянинг Синтра шаҳрида, Кабо-верделик муҳожирлар оиласида дунёга келган, ҳатто 21 ёшлилар терма жамоасида ўйнашга ҳам улгурган. Лекин «Бенфика»нинг асосий таркибига қўшилолмагач, бирдан Қатар Юлдузлар лигасига йўл олди. Шу тариқа Хави бошқарган «Ал-Садд» билан 3 марта чемпионликка эришгач, мамлакат терма жамоасига жалб этилди. Дарвоқе, Ро-Ро 2019 йили Қатар термаси сафида Осиё кубогини қўлга киритди.

 

Ике УГБО (Канада)

Муқобил вариантлар: Нигерия, Англия

Икенинг отаси нефть компаниясида ишлаган ва кўп вақтини хизмат сафарларида ўтказган. Хусусан, кичик Угбо Англияда туғилган, Канадада улғайган. Болакай 4 ёшга тўлганида, оиласи Шимолий Америкага кўчиб ўтади. «Парвозлар пайти отам кўпинча Нигерия миллий жамоа­сининг ЖЧ-94да ажойиб иштирок этгани ҳақида гапириб берарди», - деганди Ике ўз интервьюларидан бирида. 6 йилдан кейин нигерияликлар Англияга қайтишади ва Ике «Челси» академиясига қабул қилинади. У 2015 ва 2016 йиллар УЕФА таснифидаги ўсмирлар турнирида сермаҳсул ўйин кўрсатиб, ёш «аристократлар» ғолиб чиқишларини таъминлаганди. Бироқ футболчига жамоанинг асосий таркибидан жой олиш насиб этмади. Шунингдек, унинг Нигерия терма жамоаси сафига қўшилиш бўйича уринишлари ҳам натижа бермади. Кичик Угбо шу тариқа 2021 йили Канада миллий термасига мурожаат қилди ва мақсадига эришди. Эътиборлиси, у мундиал стартига атиги 1 ой қолган вақт Канада термасида ўйнаш учун рухсат олди ва Қатарга парвоз қилди.

Саман ГАДДОС (Эрон)

Муқобил вариант: Швеция

«Челси»нинг амалдаги устози Грэм Поттер мураббийлик санъатига Швецияда сайқал берган ва камтарин «Эстерсунд»ни ЕЛ 1|8 финалига олиб чиқиш воситасида ўз ватандошлари эътиборига тушганди. Тўғри, 2016|2017 йиллар мавсумидаги ўша қарама-қаршилик икки учрашув натижасига кўра, «Арсенал» фойдасига ҳал бўлган, лекин «Эстерсунд» Лондонда номдор рақибини 2:1 ҳисобида маҳв этганди. Швед клубининг шов-шувли ғалабасини эса эронликлар сулоласининг Швециядаги вакили Саман Гаддос «дубль» билан таъминлаганди. Ўша мавсум Швеция миллий жамоаси бош мураббийи Янне Андерссон форс йигитини Кот-д~Ивуар термасига қарши ўртоқлик учрашувига таклиф этди, аммо ҳамкорлик давом этмади. Шундан кейин футболчи Эрон вариантидан фойдаланишга қарор қилди: «Шу пайтгача ота-онамнинг юртига борган эмасдим. Улар талабалик даври Швецияга кўчиб келишган экан. Карлуш Кейруш Эрон термасида ўйнашим учун барча керакли ҳужжатларни таъминлагач, илк марта бувим ва бошқа қариндошларимиз билан кўришдим», - деганди Саман Гаддос.

 

Мэтти КЭШ (Польша)

Муқобил вариантлар: Англия, Украина

«Астон Вилла» ҳимоячисининг бобоси ва бувиси Станиславов шаҳри фуқаролари саналишган. Бу жой 1939 йилга қадар Польша таркибида бўлган. Собиқ иттифоқ ҳукумати кейинчалик шаҳарни Украина таркибига ўтказиб, Ивано-Франковск номини беради. Ришард ва Янина Томашевскилар оиласи эса Сибирга сургун қилинади. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги амнистияга кўра, Кэшнинг аждодлари аввалига Эрон, сўнг Ҳиндистон ва Танзанияда истиқомат қилишади. Ўтган асрнинг 50-йиллари эса Томашевскилар Ливерпулга йўл олишади. 1964 йили Мэттининг онаси Барбара туғилади. Кейинчалик у «Честерфилд» ярим ҳимоячиси Стбарт Кэш билан оила қуради. Хуллас, Мэтти Англия термасида ўйнаши мумкин эди. Бироқ у 2021 йилнинг октябрида Польша фуқаролигини олди ва янги ватани миллий жамоаси сафида Андорра термасига қарши саралаш учрашувида майдонга тушди.

Даниэль ШМИДТ (Япония)

Муқобил вариант: АҚШ

Ўтган йилнинг сентябрь ойида япониялик мухлислар ижтимоий тармоқлар орқали Шмидт Эквадор термасига қарши кечган ўртоқлик учрашуви (0:0) 83-дақиқасида пенальтини қандай тўсганини мириқиб томоша қилишди. Даниэлнинг бу борадаги моҳирлиги эҳтимолки, хорватларга қарши баҳсда қитъадошларимизга асқотиши мумкин эди. Бироқ у мундиални захира ўриндиғида ўтказди - мураббий Сюти Гондага ишонч билдирди. Шмидт АҚШда америкалик йигит ва япониялик аёл оиласида дунёга келган. Болакай 2 ёшга тўлганида, оила Японияга кўчиб ўтади. Баланд бўйли Даниэль (жамоанинг энг бўйдор футболчиси) волейболни жуда ёқтирар, футбол машғулотлари орасида бу спорт тури билан ҳам шуғулланиб турарди. Дарвоқе, у аввалига таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаган, кейинчалик дарвоза дахлсизлигини сақлашни афзал кўрган. Шмидтга кипер сифатида майдон вакили ролида тўплаган тажрибаси анча қўл келмоқда - тўпни 40-50 метр узоқликдаги жамоадошига бемалол қўли билан етказиб беради.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 14:32, 07.01.2023.
Ўқилди: 1203 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.