Ўтмишдаги машҳур аргентиналик футболчи Габриэль Батистута Италия футболида ишлашга тайёрлигини маълум қилди.
«Мен Италияни яхши кўраман. Тан олишим керакки, у ерда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Мураббийлик курсларида бўлдим, лекин ўзимни кўпроқ клуб директори сифатида кўраман. Мен ишлашга тайёрман деб ўйлайман, лекин менга келган биринчи таклифни қабул қилишим шарт эмас. Агар қизиқарли лойиҳа пайдо бўлса, мен «ҳа» деб айта оламан», деди Батистута Dazn нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, ўз вақтида Италияда Габриэль Батистута «Фиорентина», «Рома» ва «Интер» клубларида тўп тепган. Аргентиналик футболчи 2005 йил бошида футболчилик фаолиятини якунлаган эди.