Кириш Регистрация
27/05 00:00 Севилья 1-2 Барселона
27/05 19:00 Локомотив 1-1 Сурхон

Танловга: Ўзбек футболидаги «Боғи эрам»

Баҳо:
+2 | -

Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги йилларда ўзбек футболида қандайдир бўшлиқ борлигига амин бўласиз. Ушбу бўшлиқни бундан бир неча йил олдин бир футбол мухлиси бермуд учбурчагига қиёслаганди. Мен эса буни «боғи эрам»га ўхшатдим. Нима ҳақида гапираётганимни тушунмаганлар мақолани синчковлик билан ўқишларини маслаҳат бераман.

«Боғи эрам» ҳақида эшитганмисиз?
Келинг, аввало, «боғи эрам» нима ўзи, деган саволга жавоб излаб кўрамиз. Дунё харитасини очиб, Яқин шарқ минтақасидаги Саудия Арабистони ва Ироқ чегарасига разм солсангиз, алоҳида чегараланган «Бетараф ҳудуд»га кўзингиз тушади. Саҳродан иборат бўлган ҳудуднинг майдони ҳозирги Сурия чегарасидан олти баробар каттадир.

Гувоҳларнинг айтишларича, ушбу ҳудудга кирган инсон кўзига ақлбовар қилмайдиган сароббоғ кўринса эси оғиб қолар экан. Бунинг сирини ҳеч ким топа олмаётган бўлса-да, тадқиқотчи олимлар афсоналар билан чекланишмоқда. Афсоналарда эса у ўн минг йил илгари ер юзида ҳукмронлик қилган шоҳ Шаддод қурдирган ва ўзига кўриш насиб этмаган «Боғи эрами» деб талқин этишади. «Шаддод шоҳ ўзини Худо деб эълон қилди. Шунда унинг ёнидагилар Худо бўлсанг, жаннатинг қани дейишди. Бундан ғазабланган шоҳ жаннат қуришни буюрди.

Бир неча ойдан кейин боғ тайёр бўлди ва бу хабарни эшитган Шаддод ўз жаннатини кўргани шошилди. Аммо боғ томон қадам босиши билан жон таслим этди. Шу ондан бошлаб Тангри ушбу боғни саккизинчи мўъжиза сифатида тилсимлаб қўйди».

Шу-шу мазкур ҳудудга келганлар кутилмаганда шу боғга кириб қоладилар ва…
Тан олиш лозим, ўзбек футболи ҳам худди шу бетараф ҳудудга ўхшайди. Нега дейсизми? Унда мақола синчковлик билан ўқишни давом эттиринг.

Қани ўша қаҳрамонлар
2002 йилги мавсум ўзбек футболида алоҳида ўрин тутса ажаб эмас. Негаки, ўша йили Виктор Борисов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2003 йили бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритганди.
Бироқ мундиал қуръаси биз учун омадсиз келганди. Вакилларимиз – Мали, Аргентина ва Испания ёшлари билан бир квартетдан жой олишди. Биринчи ўйинда ҳимоядаги хатолар эвазига Малига мағлуб бўлдик. Аргентинага қарши баҳсда эса ҳакамлар бизга панд беришди. Аввалига Гейнрих жарима зарбасини ажойиб тарзда бажарганди. Кейин эса ҳакам Иномовни майдондан четлатган ва сўнгги дақиқада Нестеров дарвозаси томон пенальти белгилаганди. Натижада Жанубий Америка вакиллари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўша баҳсда Аргентина сафида Тевес, Кавенаги каби ўйинчилар тўп сурганди.
Испанияга қарши кечган ўйин ҳам жуда қизиқарли бўлган. Ўйиндаги ягона голни Иньеста киритганди.

Орадан шунча йил ўтди. Ўша Настеровни доғда қолдирган Иньеста барча совринларни қўлга киритиб бўлди. Бизникилар эса…

Очиғини айтиш керак, ҳозир ўша мундиал қаҳрамонлардан айримлари умуман футбол ўйнамай қўйишган. Гўёки «боғи эрам»нинг қурбонига айланишган. Бунга ким сабабчи, футболчиларми ёки мураббийлар?

Қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, будан ҳар икки томоннинг ҳам айби бор. Масалан, ўша Жаҳон чемпионатидан сўнг Мансур Саидов, Нодир Қўзибоев каби ёш футболчиларга Германиядан таклиф тушганди. Аммо Юрий Саркисян ўз шогирдларини қўйиб юборишни истамаган. Бунинг натижасида ўша футболчилар бир хил савияда қолиб кетишди. Агар Юрий Вазгенович уларга рўхсат берганида вазият бошқача бўлармиди...

Саидов ҳозир аҳён-аҳёнда терма жамоага таклиф этилаётган бўлса, Қўзибоев ҳозир майдон ташқарисида қолган. Бу каби мисоллар кўплаб топилади.
Ўшанда барчамиз терма жамоамизнинг келажаги порлоқ дея бонг ургандик. Аммо улардан садо чиқмади.

Убайдуллаевнинг «полопонлари»
Ёшларимизнинг иккинчи мундиали 2009 йилга тўғри келди. Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги жамоа Осиё чемпионати финалига қадар етиб бориб, Мисрда ўтказилган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишганди. Аммо иккинчи мундиалда ҳам қуръа бизга кучли рақибларни тақдим этди – Гана, Уругвай ва Англия.

Гуруҳ босқичида вакилларимиз бир очко ишлаб олишганди. Шерзод Каримов сардорлигидаги жамоа кўрсатган ўйинларни кўриб, рости бизда ҳам кучли терма жамоа пайдо бўлганидан қувонгандим. Бироқ, хурсандчилигим узоққа чузилмади. Орадан ҳеч қанча утмай, бу юлдузлар ҳам «боғи эрам»га кириб қолишди.
Ўша мундиалда хорижлик скаутлар назарига тушган Шерзод Каримов айни дамда «Пахтакор» сафида ёрқин ўйин кўрсатаётгани йўқ. 2008 йилги Осиё чемпионати қаҳрамонлардан бири дарвозабон Дониёр Усмоновнинг қаерда ўйнаётгани эса номаълум. Энг ачинарлиси, ушбу ёшдаги футболчилари Лондон олимпиадаси йўлланмасидан ҳам маҳрум бўлишди. Менимча, буни эслашга ҳожат бўлмаса керак.

«Мексика сериали»
Ўтган йили Мексикада ўтган ўсмиралр ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ажойиб ўйинлари орқали барчани хушнуд этишганди. Ҳозир орадан бир йил ўтиб, уларни эсламай қўйдик.
Ўша биз билган Равшан Ҳайдаров, Давлатбек Ёрбеков каби футболчилар деярли ўйнашмаяпти. «Пахтакор» мураббийлари бу футболчиларни ёш деб атамоқда. Бироқ, 18 ёшли футболчини ёш дейиш тўғримикан. Ахир футбол қироли Пеле 18 ёшида Жаҳон чемпиони бўлган-ку? Майкл Оуэн эса Жаҳон чемпионатида ўйнаганида ҳали 18 га кирмаганди. Бизда эса 23 ёшли ўйинчини ҳам ёш дейиш одатга кирган. Нега мураббийлар ёш футболчиларга имконият беришмайди? Нима учун терма жамоамиз таркибида ёш футболчиларни кўрмаймиз? Агар бу кетиш бўлса, бир неча йилдан кейин бош жамоамиз кадр масаласида жиддий муаммога дуч келиши мумкин-ку? Бунинг олдини ҳозир олмасак, кейин кеч бўлиши турган гап. Ҳозир кўпчилик Жепаровлар даври ўтган дейди. Лекин обдон ўйлаб кўрсак, уларнинг ўрнири боса оладиган футболчи йўқлиги ойдинлашади.
Аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни тан олиш лозим, бизда болалар футболига бўлган эътибор унчалик юқори эмас. Умуман олганда, футболдаги тизимнинг ўзи таъмирга мухтож десам адашмайман.

Евстафеевга нима бўлди?
Алексей Евстафеев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар (22) терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичини ўтказди. Терма жамоамиз гарчи қитъа биринчилигига йўлланма олган бўлса-да, вакилларимиз кўрсатган натижадан кўнглимиз тўлмади. Унча кучли бўлмаган рақиблардан мағлубиятга учрадик ёки дуранг ўйнадик. Ростини айтиш керак, бу ўйин билан Осиё чемпионатида қандай каромат кўрсатамиз ҳаронман.

Яна бир гап, Евстафеев бир йил ичида шунчалик ўзгардими? Ҳозир бир йил олдинги Евстафеевдан асар ҳам қолмаган кўринади. Ёки у икки жойда ишлаб чарчадимикан? Биласиз, Евстафеев «Қизилқум»да ҳам ишлайди. Бу эса бор эътиборини терма жамоага қаратишга тусқинлик қилиши мумкин. Ҳар ҳолда икки қуён ортидан қувиш, битта қуён орқасида югуришдан қийинроқ.

Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, терма жамоаларимиз орасида боғлиқлик йўққа ўхшайди. Ўсмирлар, ёшлар терма жамоасида ўзини кўрсатган футболчилар терма жамоага етиб боришмаяпти. Уларни гўёки «Боғи эрам» ўзига тортиб олгандек. Менимча, турли терма жамоаларда ишлаётган мураббийлар орасидаги муносабат ҳам яхши эмасга ўхшайди. Ҳар бир мутахассис ўзи бошқараётган жамоани кучайтиришни ва натижа кўрсатишни ўйламоқда. Келажак ҳақида эса ҳеч ким қайғурмаяпти. Бу ҳолат қачонгача давом этади?

Яна бир гап, яқинда бир футбол мактабида бўлиб, мураббийлардан бири билан суҳбатлашдим. Суҳбат жараёнида қизиқ ҳолатга дуч келдим. Унга ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси хусусида савол берсам, бундай терма жамоалар ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Қизиқ, наҳотки, футболимиз келажаги шундай мураббийлар қўлида қолган бўлса? Нега биз бундай жараёнларни кўриб-кўрмасликка оламиз? Саволлар, саволлар маржон мисол терилаверади, жавоби эса…

Аброр Деҳқонов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:42, 18.08.2012.
Ўқилди: 6137 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.