Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Навбаҳор» ёш футболчилари тақдирланди

Баҳо:
+ | -

«Навбаҳор» футбол клуби қошида фаолият олиб бораётган «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 21 йиллиги ва ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб мактаб биринчилиги ўтказилди.

Биринчилик икки хил ёш тоифасида ташкил этилди. Яъни 1997-2000 ва 2001-2006 йиллар оралиғида туғилган ёшлар гуруҳларга бўлинган ҳолда бош соврин учун баҳс олиб боришди. 5-25 август кунлари бўлиб ўтган мусобақада мактабда тарбияланаётган барча гуруҳ жамоалари иштирок этди.

Аввалига қатнашчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда курашга киришишди. Гуруҳ босқичда муваффақиятли иштирок этган жамоалар совриндор бўлиш учун «плей-офф»да омадларини синаб кўришди. Якунда 1997-2000 йиллар оралиғида туғилган ёшлар ўртасидаги баҳсларда «Навбаҳор-1999» жамоаси футболчилари биринчи ўринни қўлга киритишди. Фахрли иккинчи ва учинчи поғоналар эса «Ураган-1997» ҳамда «Навбаҳор-2000» футболчиларига насиб  этди. 2001-2006 йилларда туғилган болалар ўртасида эса «Ураган-2003» жамоасига тенг келадигани топилмади. «Ураган-2001» футболчилари иккинчи, «Навбаҳор-2002» жамоаси эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. Шу ўринда айтиш жоизки, мактаб биринчилигининг ёпилиш ва тақдирлаш маросими чин маънодаги байрамга айланиб кетди. «Навбаҳор» футбол клуби маъмурияти, «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби ходим ва мураббийлари мусобақани ёшларни хотирасида ўчмас из қолиши учун астойдил ҳаракат қилишди.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида Наманган шаҳар ҳокими, «Навбаҳор» футбол клуби президенти Тўлқин Дадабоев, Наманган вилоят футбол федерацияси 1-вице президенти Баҳром Холмирзаев, «Навбаҳор» футбол клуби директори Дилмурод Мамажанов, «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби директори Акмал Раҳмановлар иштирок этишди. Шунингдек, «Навбаҳор» жамоасининг асосий таркиб футболчилари ҳам ёшларни тақдирлаш маросимида қатнашишди. Мусобақа баҳонасида мактаб тарбияланувчилари учун «Навбаҳор» жамоаси аъзолари «мастер класс» ўтказиб беришди. Таниқли акалари билан бир майдонда машқларни бажарган ёшлар бундай тадбирдан олам-олам қувонч олганликлари уларнинг юзларидан сезилиб турарди.

Тақдирлаш маросими аввалида, «Навбаҳор» футбол клуби раҳбариятининг ташаббуси билан ҳайрия тадбири амалга оширилди. Яъни Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган 26-сонли «меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларининг бир гуруҳига «Навбаҳор» футбол клубининг формалари топширилди. Бундан ташқари қалби ўксик болаларга турли даражадаги эсдалик совғалари ҳам топширилди. Совғаларни уларга «Навбаҳор» жамоасининг асосий таркиб футболчилари топширишди.

Шундан сўнг, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мусобақада ўзларини кўрсатиб, юқори ўринларни қўлга киритган ҳар бир жамоа аъзоларига шахсий совғалар ва турли даражадаги дипломлар топширилди. Биринчиликда ғолиб чиққан икки жамоага эса махсус тайёрланган кубок ҳам топширилди. Совриндорларга эсдалик совғаларини тадбирнинг расмий меҳмонлари ёш футболчиларга тантанали суръатда топширишди. Бундан ташқари олти номинацияда ғолиблар аниқланиб, уларга ҳам мукофотлар берилди. «Энг яхши дарвозабон» Акмал Эргашалиев («Ураган-2003»), «Энг яхши ҳимоячи» Азим Насимов («Ураган-2003»), «Энг яхши ярим ҳимоячи» Муҳаммадали Ҳасанов («Ураган-1997»), «Энг яхши ҳужумчи» Абдулазиз Жалилов («Навбаҳор-1999», «энг ёш футболчи» Аброр Олимов («Навбаҳор-2006»), «Энг ёш жамоа» «Навбаҳор-2006»).

Тадбир сўнггида сўз олган Наманган шаҳар ҳокими, «Навбаҳор» футбол клуби президенти Тўлқин Дадабоев барча йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 21 йиллиги билан қизғин тарзда муборакбод этди. Шу билан бир қаторда Дадабоев навбатдаги мусобақага меҳрибонлик уйи терма жамоасини ҳам таклиф этишни тавсия берди. Бу орқали болалар уйида тарбия топаётган ёшлар орасидан келгусида муносиб футболчиларни етишиб чиқишига имконият яратилиши мумкинлигини алоҳида эътироф этди. Тўлқин Дадабоевнинг фикрларини барча йиғилганлар бир овоздан маъқуллашди. Шундан сўнг «Навбаҳор-Умид» футбол мактабида жам бўлган футбол ихлосмандлари «Навбаҳор» жамоасининг одатий машғулотларидан бирини кузатиш имкониятига эга бўлишди.

Манба: www.fcnavbahor.uz
Киритилди: 11:53, 26.08.2012.
Ўқилди: 4748 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.