Иккинчи давра бошланибдики, "Локомотив" ҳали мағлубиятга учрамади. Темирйўлчилар бугунги баҳсни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, учта ўйинда ғалаба қозонган бўлса, битта ўйинда дурангга эришишди (улар Ўзбекистон кубогининг чорак финалида "Бухоро"ни мағлуб этган бўлсаларда, пенальтилар сериясига кўра мусобақани тарк этишди).
"Машъал" эса сафардаги ўйинда 2та ўйинда дурангга эришиб, ўз уйидаги 2та ўйинда мағлубиятга учради.
Тошкентликлар Муборакка ғалаба умидида боришганини ўйин бошидан маълум қилишди — Зайниддин Тожиев ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Майдон эгалари мағлубиятга асло рози бўлмасликлари аниқ эди ва ўйиннинг 37-дақиқасида ҳакам "Локомотив" дарвозасига пенальти белгилади. Самандар Шодмонов жаримадан адашмади ва ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлим жамоаларнинг ўзаро ҳужумлари остида ўтди. Қайси жамоа гол урса, ўша ютиб кетиши аниқ эди. Бундай шарафга "Локо"чи Александр Шадрин муваффақ бўлди. Шадрин сўнгги пайтларда формасини тиклаб бораётгани сезилиб турибди.
Шундай қилиб, "Андижон"нинг ғалабасидан кейин "Машъал" яна сўнгги ўринга тушиб қолди. "Локомотив" эса очколари сонини 27тага етказганча, "Нефтчи"дан илгарилаб кетишга ва "Шўртан"га яқинлашиб олишга муваффақ бўлди.
Олий лига. 17-тур
"Машъал" - "Локомотив" - 1:2 (1:1)
Голлар: С.Шодмонов (37-пенальти) - Зайниддин Тожиев (10)