Рандаль Коло Муани Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ-2022да барчанинг ёдида қолди, у жароҳат олган Кристофер Нкункуга ўринбосар сифатида етиб келди. Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам 24 ёшли ҳужумчига Тунисга қарши ўйинда 90 дақиқа ўйнашга вақт берди, аммо у майдонда ҳеч нарса кўрсатолмади. Шунга қарамай 1/2 финалда Коло Муани 79-дақиқада майдонга тушди ва бир неча сониядан сўнг Марокаш дарвозасига иккинчи голни урди ва бу якунда жаҳон чемпионатининг сенсацион жамоасининг турнирни тарк этиши билан якунланди.
Шу тариқа, «Айнтрахт» ҳужумчиси жаҳон чемпионатлари тарихидаги захирадан майдонга тушиб гол урган учинчи энг тезкор футболчига айланди. У майдонга тушганидан 44 сония ўтиб гол урди. Уругвайлик Ричард Моралес (2002 йилда Сенегал, 16 сония ва даниялик Эббе Санд - 1998 йилда Нигерия, 26 сония Рандалдан тезроқ бу ишни уддалаганди.
Аргентина билан финалда Дидье Дешам таваккал қилиб, 41-дақиқада Оливье Жиру ва Усмон Дембелени майдондан олиб ташлади ва ўрнига Маркус Тюрам ва Коло Муанини қўйиб юборди. Қора танли футболчиларга билдирилган ишонч ўз самарасини берди. «Айнтрахт» ҳужумчиси пенальти ишлаб олди, бунинг натижасида Килиан Мбаппе ҳисобни минимал даражага туширди, Маркус Тюрам эса «ПСЖ» ҳужумчисига иккинчи голга ассистентлик қилди. Қолаверса, Коло Муани пенальтилар сериясида Кингсли Коман ва Аурелиен Тчуаменидан фарқли ўлароқ зарбани аниқ амалга оширди. Аммо Рандаль жаҳон чемпионатидаги энг муҳим дақиқани барбод қилди. 120+3-дақиқада 3:3 ҳисоби бўлиб турган бир пайтда Коло Муани Эмилиано Мартинес билан яккама-якка вазиятга чиқди ва дарвозабоннинг оёғини нишонга олди — гол ура олмади.
«Мен бу лаҳзани ҳали ҳам кўриб чиқаман, буни ёддан биламан. Яқин бурчакка зарба беришга ҳаракат қилдим, аммо дарвозабон ажойиб сейв амалга оширди. Тақдир шундай. Мен бу дуэлда ютқаздим. Менда бошқа вариантлар ҳам бор эди. Килианга пас беришим мумкин эди, чунки у ҳам яхши ҳолатда эди, лекин уни кўрмадим. Кейинчалик, видеони томоша қилганингизда, бошқа вариантлар ҳам борлигини кўрасиз - лекин жуда кеч бўларди, ҳеч нарса қилиш мумкин эмасди. Ҳали ҳам томоғимга бир нима тиқилади. Умрим охиригача бу хотиралар мен билан бирга қолади», — деди футболчи.
2022 йилнинг ёзида Рандаль эркин агент сифатида «Нант»дан «Айнтрахт»га ўтди ва 5 йиллик шартнома имзолади. Францияда ҳужумчи икки мавсумни яхши ўтказди, клуб учун 87 ўйин ўтказди, 23 гол урди, 16 голга ассистентлик қилди ва мамлакат кубогини қўлга киритди. Унинг тез ўсишига Кристиан Гуркюффнинг ишончи ёрдам берди - 2020/2021 йилги мавсумнинг 2-даврасидан бошлаб мураббий Коло Муанига асосий таркибдан жой бера бошлади. Ҳозирда «Айнтрахт»да Коло Муани ажойиб ўйин кўрсатмоқда: барча мусобақаларда 27 та ўйинда майдонга тушиб «гол+пас» тизимида 12+13 очко жамғарди, шулар қаторида Чемпионлар лигасида «Марсель» ва «Спортинг»га қарши ўйинларда ғалаба голларига муаллиф бўлди. Унинг шарофати билан немис клуби Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида «Наполи» билан ўйнайди. Бундан ташқари, ЖЧ-2022 кумуш медали совриндори Бундеслигада 18 та ўйинда «гол+пас» тизими бўйича энг яхши ва ассистентлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Transfermarkt томонидан 37 миллион еврога баҳоланган ҳужумчига «Бавария», «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» қизиқиш билдирган. L’Équipe хабарига кўра, «Айнтрахт» француз учун 80 миллион евро йиғмоқчи бўлган, аммо унинг муваффақиятли ўйинлари фонида улар нархни 100 миллион еврога кўтаришган. Агар «бургутлар» ўз мақсадига етиша олмаса, Рандаль ёзда клубни тарк этиши мумкин. «Айнтрахт» айни дамда Бундеслигада 5-ўринда бормоқда. Бир ой олдин журналист Флориан Плеттенберг Коло Муани аввалига «Бавария» ёки Дортмунднинг «Боруссия»сига ўтишни, кейин эса Премьер-лиганинг бир жамоаси сафига ўтишни истаётгани ҳақида ёзганди. Эндиликда Бундеслиганинг энг яхши тўпурарлари бешлигида бирданига учта француз бор - Кристофер Нкунку (12), Маркус Тюрам (10) ва Рандаль Коло Муани (9). Нкунку ёзда «Челси»га ўтади, Тюрам «Атлетико»нинг асосий мақсади ҳисобланади. Коло Муанида эса кўпроқ имкониятлар бор - ўйлаш керак бўлган нарсалар кўп.