Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Унитилмас сиймолар: Ахбор Имомхўжаев

Баҳо:
+ | -

Миллий футболимиз равнақида машҳур шарҳловчи, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи», «Шуҳрат» медали соҳиби, республика тоифасидаги ҳакам, «Турон» Халқаро фанлар академияси профессори, марҳум Ахбор ака Имомхўжаевнинг ўз ўрни, катта изи бор. 8 ой муқаддам бандаликни бажо келтирган табаррук инсон ҳаёт бўлганида, 19 февраль куни қутлуғ 87 ёшга тўларди.

***

Ахбор дода ўзбек футболи билимдони ва жонкуяри сифатида маълум-машҳурдир. Устоз ўтган асрнинг 50-йиллари охирида ҳали ном-нишони бўлмаган спорт шарҳи мактабига биринчилардан бўлиб кириб келди. Ўша пайт ўзбек футболида порлаган «Пахтакор»нинг ўйинларини нафақат Тошкент, балки собиқ иттифоқнинг турли шаҳарларидан радио ор­қали шарҳлаб, минг-минглаб мухлислар қалбидан мустаҳкам жой олди. Ахбор ака шунинг баробарида ҳакамлик борасида ҳам ўз салоҳиятини намоён этиб, адолат мезонларига қатъий амал қилди. Бундай фидоийлик унга чексиз обрў-эътибор келтирди. Ахбор ака мамлакатимизнинг қайси бурчагига бормасин, унинг соҳир овозини эшитган эл-улус уни афсонадек қарши олди, юксак эҳтиром кўрсатди. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Даврада Ахбор ака футбол атрофидаги бир-биридан қизиқ воқеаларни ўзгача эҳтирос билан ҳикоя қилар экан, ўтган асрга боғлиқ ҳакамлик иллатларини ҳажв тиғига олганди. «Майдонда икки жамоа ўртасида қизғин кураш кетмоқда. Муросасиз баҳсда майдон эгалари ғалаба учун борларини беришмоқда. Бироқ ҳимояда мустаҳкам рақиб гол уришга имкон бермаяпти. Шунда мезбон жамоа вакилларидан бири ҳакамга икки бармоғини кўрсатиб, ғалаба қозонмасалар бўлмаслигини айтди. Шунда ҳакам икки қўлини пахса қилганча, ўйнаш ҳақида ишора қилди». Буни эшитган даврадошлар кулиб юборишди. Аслида Ахбор ака футболдаги ярамас қусурларни кулгуга олиш билан бирга ноҳақликлар кўплаб ўйинларнинг нохолис ўтишига сабаб бўлганини ўкинч билан ифодалаганди.

*** 

Ҳа, Ахбор ака ҳамиша футболда аввало, ҳалоллик қарор топиши учун жон куйдирарди. Ўзбекистон футбол федерацияси Ҳакамлар қўмитасида ишлаган кезлари ҳам шу ақидага қатъий амал қилди. Ҳакамларнинг янги авлодини танлаш, тарбиялаш борасидаги катта кўламли ишларда елкадош бўлди. Бунинг самараси ўлароқ, фақат Тошкент шаҳри эмас, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан иқтидорли, салоҳияти баланд ҳакамлар етишиб чиқишди. Ахбор Рустамович тоза қалб, кенг феъл, шу билан бирга юксак маданият соҳиби эди. Дейлик, ким билан учрашмасин, муомалани жойига қўяр, баъзи масалалар юзасидан ҳазил-мутойиба билан жавоб берардики, суҳбатдош нимадир оларди, албатта. Бир сафар Ахбор ака билан ўтирсак, кимдир қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрагач, дарҳол қайсидир масала бўйича гап бошлади. Шунда устоз суҳбатдошини енгил ҳазил билан тўхтатди: «Дўстим, шошилманг, аввало, ўзингизни таништиринг, акс ҳолда, сизга қизил карточка...». Ахбор ака бу билан суҳбатдошига самимият билан қайсидир маънода дашном берганди. Бу ҳам тарбия.

***

Ўтган асрнинг 70-йиллари Ахбор ака билан узоқ йиллар бахтли турмуш кечирган Фарида аянинг отаси Абдусамад ака уйимизда меҳмон бўлганди. Отахоннинг ўғли Абдулла ва Саъдулла акам илмий йўналишда ҳамкор эдилар. Хуллас, Абдулла ака падари бузрукворини Қашқадарё бўйлаб саёҳатга юборганди. Отахоннинг оҳиста сўзлаши мендек ёш ўспиринда катта қизиқиш уйғотгани эсимда. Шунда у кишидан куёвлари Ахбор ака ҳақида сўрадим. «Ахборхон ўз касбини севадиган йигит. Оилани эсдан чиқармаган ҳолда, ишни ҳам дўндиряпти. Ҳаттоки, катталар керакли кадр эканлиги учун ҳарбий хизматга жўнатмай, иш жойида қолдиришди», - дея ҳикоя қилганида, отахон куёвини ўз фарзанди қаторида суйганини тушунгандим. Абдусамад ака отам билан қадимий Шаҳрисабзда бўлиб, тарихий обидалардан бир олам таассурот олиб қайтди. Абдусамад ака тарихий мерос, Амир Темур қолдирган буюк хазинадан анча хабардорлиги унинг суҳбатида яққол сезилганди. 

*** 

Инсон ҳаётда ҳеч қачон кимгадир унинг мансаби, обрўси ёки бойлигига қараб яқинлашишга интилмаслиги керак. Ахбор аканинг йўли бу борада ҳам барчага ибрат. Қаерга, қандай маросим ёки тадбирга таклиф этишмасин, барчасини бажону-дил қабул қиларди: «Бир-биримизга нима учун керакмиз, ахир?» У киши иккиюзламачи, ёлғончи, иши битгунча парвона бўлишга интиладиган одамларни хушламасди. Қандай даврада бўлмасин, футболимиз, унинг истиқлол йилларидаги тараққиёти тўғрисида жўшиб сўзларди. Ҳаммани ёшларни спорт, хусусан, футболга меҳр, садоқат руҳида тарбиялашга, ватан шаъни, ор-номуси учун муносиб бўлишга даъват этарди. Тенгдошлари ва ўрта ёшли қадрдонлари билан «Тонг жамоаси»ни ташкил этганию, кичик майдонда тўп ортидан югуришни канда қилмагани соғлом турмушга амал қилгани, буни кенг тарғиб этганидан далолат. «Соғлом танда - соғ ақл» мақолига ҳамоҳанг тарзда умрининг охирги кунларигача доимий машғулотлар, жисмоний чиниқишга вақт ажратгани ҳам ибратнинг бир намунасидир. Ахбор ака эрта тонгда машғулотларда қатнашиш баробарида тунги вақт ётишдан олдин тоза ҳавода сайр қилишни одатга айлантирганди. «Ҳали шундай кунлар келади, «Ўзбек, Ўзбекистон» ҳайқириғи мундиал ареналарида баралла янграйди.  Чунки Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобурмирзо каби буюк бобокалонлар авлодларимиз. Жанубий Америка майдонларида кучли зарби билан дарвоза тўрини чилпарчин қилган афсонавий Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов, Владимир Фёдоров, Михаил Анни тарбиялаб дунё аренасига чорлаган, Василис Хадзипанагисдек грек ўғлонини жаҳон терма жамоаси сафида жавлон урдирган ўзига бек ўзбеклармиз» - Ахбор ака ҳамиша шундай ишонч билан баралла гапирарди.

*** 

Марҳум устоз ноширликда ҳам катта адабий мерос қолдирди. Унинг ўнга яқин ўқув дарсликлари, «Мафтунингман футбол», «Футбол қувончим-дардим», «Ўзбекнинг Миржалоли» (икки қисмдан иборат) рисолаларини мухлислар илиқ қарши олишган. «Асрдаги асл қадрдонларим» китоби мемориал асар бўлиб, йиллар давомида қилинган заҳматли меҳнат маҳсулидир. Дарҳақиқат, Ахбор ака элда эъзозли, юртда қадрли инсон эди. Бир қўлида қалам, иккинчисида ҳакамлик ҳуштагини тутган, шунинг баробарида микрофон олдида олиб борган шарҳлари ноёб мерос бўлиб қолди. Ана шундай устоз мақомидаги улуғ инсон бугун орамизда йўқ. Начора, ўлим ҳақ. Ҳаммамиз эртами-кеч бу фоний дунёдан кетамиз. Биздан қоладигани эса, яхшилик уруғи-ю, бой маънавий мерос, оқил фарзанд ва шогирдлар. Пировардида улар берадиган ҳосил юртимизни обод, халқимиз ҳаёти фаровон этажак!

Ҳусан ТЕМИРОВ

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 11:00, 24.02.2023.
Ўқилди: 1320 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.