Матбуот анжуманида иштирок этган Равшан Муқимов ўйин қийин бўлганини таъкидлади.
— Қийин ўйинда ғалаба қозондик.
— Ўйиндан олдин айрим мутахассислар Бекободдаги ўйин 4:3, бу ўйин эса 3:1 ёки 2:1 ҳисобида якунланишини айтишганди. Уларнинг тахмини тўғри чиқди. Бу борада фикрингиз.
— Агар ўйиндан олдин менга шу гапни айтганингизда, бу гапга қўшилмаган бўлардим. Чунки бу футбол. Олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Ўйиндан кейин эса қандай башоратни ушлаб олиб, шу тўғри келди деявериш мумкин. Мен башоратчилар учун жавоб бермайман. Бу саволингизни уларнинг ўзига берганингиз маъқул. Нимага шаъма қилаётганингизни тушунмадим.
— Ўйин қийин бўлди, деяпсиз. Гол уриш қийин бўлдими ёки ҳимояланиш? Бугун “Бухоро” гол урилган вазиятдан бошқа умуман ҳужум қилмади.
— Рақиб учун жавоб бермайман. Биз ўз ишимизни бажардик. Ўйин осон бўлмади биз учун.
— "Бухоро" билан мавсум давомида учинчи марта тўқнаш келди...
— Бу жамоани яхши билардик. Иккинчи даврада бу жамоа кучайди.
— Хачатрян анчадан бери кўринмаяпти...
— Хачатрян “Бухоро” билан Кубок ўйинида белидан жароҳат олганди. Ҳозир Грузияда даволаняпти. Шифокорларимиз у биалан боғланиб туришибди. Эрта-индин қайтиб келиши керак.
— Жамоа биринчи даврада кўплаб очколарни бой берганди. Иккинчи даврада эса "Локомотив" ҳали ютқазмади...
— Ҳали ҳаммаси олдинда. Чемпионат якунланганидан кейин буни таҳлил қилсак тўғри бўларди. Биринчи даврада эса жамоа Биринчи лигадан Олий лигага энди чиққанди. Янги таркиб, янги мураббий. Ўзаро тушуниб ҳаракат қилиш учун ҳам футболчиларга вақт керак эди.
— Аюбхон Гаппаров асосий таркибда қачон тушиши мумкин?
— Аюбхон Гаппаров ҳозирча ёшлар жамоаси таркибида ўйнамоқда. У ўзини тиклаб олиб, асосий таркибга тайёр бўлса, ўшанда майдонга тушиши мумкин.