Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг яхши тўпурари Максим Шацких терма ўйинларига толиққан ҳолда бориш номуносиб иш эканлигини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда футболчи ўзи тўп сурадиган Киевнинг «Арсенал» клуби расмий сайтига берган интервьюсида маълум қилди. Шацкихнинг сўзларига кўра, у мавсум бошида клуби сафида ўтказган ўйинларида кўп куч йўқотган. «Мен терма жамоамиз мураббийлари билан гаплашиб, бўлажак ўйинларга кўп ҳам тайёр эмаслигимни тушунтиргандим. Футболчи миллий терма жамоа сафида тўп сураркан, у 100 эмас, 200 фоиз куч билан ҳаракат қилиши керак. Тан олишим керак, жисмоний жиҳатдан мен 200 фоизга тайёр эмасдим», - деди Шацких. «Чемпионат бошидан бери «Арсенал» билан биргаликда катта ҳажмдаги ишни амалга оширдик, ўйинлар кўп бўлди ва мен ҳар бир ўйинда ўз жамоамга бор кучим билан ёрдам беришга интилдим. Мен жисмоний жиҳатдан кўп куч сарфладим – шуниси факт. Терма жамоа сафига чарчаган ва тайёр бўлмаган ҳолда бориш – бу мен ҳақимдаги гап эмас. Мен ё тўлиқ куч билан ўйнайман ёки ўйнамайман», - дея қўшимча қилди Максим Шацких. Бундан аввалроқ, ЖЧ-2014 саралашидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея ўйини олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Миржалол Қосимов Шацких билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, унинг ёрдамчиси – Шуҳрат Мақсудов ҳужумчи билан боғланганида, у руҳан тайёр эмаслигини билдирганини маълум қилганди. 34 ёшли Максим Шацких Ўзбекистон миллий терма жамоасида 1999 йилнинг август ойида, Озарбойжон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида дебют қилган бўлиб (5:1, Шацких хет-трикка эришган), кейинги йиллар давомида терма жамоа сафида жами 60 учрашувда майдонга тушди. У 34та гол билан терма жамоанинг энг яхши тўпурари ҳисобланади. Сурат муаллифи - Ҳасан Пирмуҳамедов (ЎФФ матбуот хизмати).
Рейтинг:
|