Осиё Халқаро баскетбол федерацияси таркибига кирувчи мазкур ассоциацияга Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлиб кирди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматининг бугун маълум қилишича, янги ассоциация минтақада баскетбол спорт турининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Ассоциациянинг штаб-квартираси Олмаотада жойлашади, бироқ биринчи йиғилиш Тошкентда ўтказилди. Икки кун давом этган йиғилишда минтақадаги беш мамлакат вакиллари қатнашди ва Марказий Осиё мамлакатлари баскетбол ассоциациясини тузишга келишиб олишди.
Ўзбекистон баскетбол федерацияси бош котиби Равшан Ғаниевнинг айтишича, авваллари Осиё қитъаси бешта субзонага бўлинган бўлиб, ҳар бирининг ўз тарификацияси, юқорироқ даражаларга кўтарилиш учун ўз турнирлари бор эди. «1995 йили илк бор Осиё чемпионатида қатнашганимизда бизнинг жамоа бирданига 13 мамлакатни жамлаган саккизта субзонага кирди. Баскетболни ривожлантириш масалаларида бир қанча муаммолар туғиларди. Биз мазкур тузилмадаги янги давлат ҳисобланардик, бошқарув эса Ҳиндистонга тегишли эди. Ҳар доим бирор муаммо чиқиб турарди. Биз ўзимиз мусобақа ўтказиш, ўз овозимизга эга бўлишни истадик. Ассоциациямиз бош котиби Олмаотадан, шунинг учун ҳам штаб-квартира ўша ерда жойлашади», – деди у.