Пойтахтимизда теннис бўйича анънавий тарзда ўтказилиб келинадиган «Tashkent open» халқаро турнирида бугун яккалик баҳсларда ярим финал учрашувлари ўтказилиб, бош соврин учун кураш олиб борадиган ракетка усталарининг номлари маълум бўлди.
Дастлабки ярим финал баҳсида хорватиялик Донна Векич чехиялик Ева Бирнеровани 6-1, 3-6, 6-1 ҳисобида енгиб, финалга йўлланма олди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Донна Векич жорий йилдан бошлаб катталар ўртасидаги мусобақаларда илк мавсумини ўтказаётганлигига қарамай, тажрибали теннисчиларни муносиб қаршилик кўрсатмоқда. Хорватиялик ракетка устаси саралаш босқичидан мусобақада иштирок этяпган бўлиб, бугунги кунга қадар етти беллашувда ғалабага эришди. Бу эса ўз навбатида, «Tashkent open» халқаро теннис турнирини янгидан-янги иқтидорларни кашф этадиган мусобақага айланганлигининг яна бир бора ёрқин исботи бўлмоқда.
Энди, 16 ёшли Донна Векич ҳал қилувчи финал учрашувида руминиялик Ирина-Камелия Бегу билан баҳс юритади. Руминиялик теннисчи ярим финал беллашувида турнирда иккинчи рақам остида сараланган Урсула Радванскани (Полъша) 6-3, 6-3 натижаси билан мағлуб этди. Эслатиб ўтамиз, Ирина Камелия Бегу бироз аввал Нью-Йорк (АҚШ)да бўлиб ўтган «US Open» халқаро турнирида Каролин Вазняcкидан устун келиб, катта шов-шувга сабабчи бўлган эди.
15 сентябр куни пойтахтлик теннис мухлислари «Tashkent open» халқаро турнирининг бир йўла икки финал баҳсига гувоҳ бўладилар. Дастлаб, соат 11:30да жуфтликлар ўртасида ҳал қилувчи беллашув ўтказилади. Унда Анна Чакветадзе (Россия) / Весна Долонc (Сербия) дуэти Паула Каниа (Польша)/ Полина Пехова (Белоруссия) жуфтлиги билан ўзаро куч синашади.
Шундан сўнг, соат 14:00да кортга яккалик баҳсларининг финалчилари тушадилар. Бош соврин учун Донна Векич (Хорватия) ҳамда Ирина-Камелия Бегу (Руминия) баҳс олиб борадилар.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати