“Негрейра иши” туфайли “Барселона” ҳамон санкциялар хавфи остида қолмоқда. Бу ҳолатни УЕФА ҳам ўрганмоқда, Ла Лига президенти Хавьер Тебас эса кучли хавотирда.
Нималар бўлаётгани ҳақида қисқача: 1 ой олдин “Барселона” 3 йил давомида Испания футбол федерацияси (RFEF) ҳакамлар қўмитаси вице-президенти Энрикес Негрейрага пул тўлаб келгани аниқланди. Каталон клубининг ўзи Негрейрага ҳакамлар бўйича ҳисоботлар учун пул тўлаганини тасдиқлади.
Қайд этилишича, Негрейра 2001 йилдан бери каталон клубидан камида 7,3 миллион евро пул олган, аммо суд фақат охирги ўн йилликдаги ўтказмалар бўйича иш олиб боради. Шунингдек, Негрейра асосан 2014 йилдан 2018 йилгача олган 3 миллион еврога алоҳида эътибор берилади.
“Барселона” футболчиларига турли ҳакамлар билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги айтилган, клуб инвесторлари хавотирда
Marca нашрининг хабар беришича, Негрейранинг ўғли Хавьер Энрикес Ромеро “Барселона”га футболчиларнинг баъзи ҳакамлар билан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида ҳисобот юборган. Масалан, Неймарга Игнасио Иглесиас Вилянуэва бошқарувидаги ўйинларда рақиблар билан контактларни бўрттириб юбормаслик, акс ҳолда ҳакам қоидабузарликларни қайд этмай қўйиши айтилган.
Хорди Альба ва Серхио Бускетсга ҳакамлар билан баҳслашмаслик, Луис Суаресга эса Иньяки Биканди Гарридо ишлаётган ўйинларда симуляция қилмаслик, баҳслашмаслик ва ўзини яхши тутиши тавсия қилинган. Бош ҳакам Хосе Мунуэра Монтеро Херард Пикега нисбатан қаттиққўллиги маълум бўлган.
Испаниянинг La Vanguardia газетаси “Камп Ноу” ва унинг атрофидаги ҳудудларни модернизация қилиш лойиҳасини молиялаштирувчи Espai Barca инвесторларининг норози экани ҳақида ёзмоқда. Улар УЕФА тергови ва клубнинг мусобақалардан четлатилиши мумкинлигидан хавотирда. Инвесторлар “Барселона” учун энг ёмон сценарий қандай бўлиши мумкинлигини билишни хоҳламоқда.
Бундан олдин инвесторлар Хоан Лапортага Негрейра ишининг эҳтимолий оқибатлари ҳақида йигирмата саволдан иборат сўровнома юборган. “Барселона” президенти саволларга жавоб бериб, шахсий фикрлари билдирилган хат жўнатган. Аммо бу инвесторлар учун етарли эмас, улар батафсилроқ тушунтиришларни хоҳламоқда.
Прокуратура Негрейра ишида унинг “Барселона” учун қилган хизматларини санаб ўтди. У карточкалар устидан шикоят қилиш бўйича тавсиялар берган, RFEF ва лига ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида маълум қилган.
УЕФА тергови расман давом этмоқда. Ташкилот регламентида агар клуб миллий ёки халқаро миқёсдаги ўйинлар натижасига бевосита ва/ёки билвосита таъсир кўрсатган бўлса, бир мавсумга дисквалификация қилиниши назарда тутилади. Шу билан бирга ташкилот учун миллий арбитраж ёки давлат судининг қарори етарли.
Испан матбуотининг ёзишича, УЕФА бу ишни тафтиш қилиш орқали Суперлига ғоясидан воз кечмаган “Барселона”га сабоқ бериб қўймоқчи.
Ўз навбатида “Барселона” ҳам “қарши ҳужум”га ўтди. Mundo Deportivo нашрига кўр, УЕФА Испания судлари қароридан аввал “Барселона”га санкция қўллайдиган бўлса каталон клуби ташкилотни судга беради. “Барселона” УЕФАдан 100 миллион евро компенсация ундиришга ҳаракат қилади. Клуб Чемпионлар Лигаси бир мавсумидаги даромадлари ва йўқотишларга кетадиган пулни шунча ҳисоблаган.
Тебас кечалари ухлай олмаяпти ва Лапортадан “арвоҳлар йўқ жойда уларни кўришдан тўхтатишни” сўрамоқда
Испанияда вазият анча тинчроқ. Ла Лига президенти Хавьер Тебас лига клубга жазо бермаслигига аниқлик киритди, лекин улар суд қарорига бўйсунади (ва эҳтимоли кам бўлса-да клубни четлатиш имконияти мавжуд).
Тебаснинг ўзи шу қадар хавотирдаки, ухлашга қийналмоқда:
"Хоан Лапорта Негрейра иши бўйича нима учун изоҳ бермаётганини тушуниш ҳали ҳам қийин. Шу сабаб мен тунда ухлолмаяпман. Вазиятни обрў ва сиёсий миқёсда қандай ҳал қилишимиз мени хавотирга солмоқда — клубнинг аҳамияти, турнирнинг аҳамияти, орадан шунча йиллар ўтгани туфайли... Матбуотда “ҳамма шундай қилади” номли матн эълон қилинди. Лекин, билишимча, ҳакамлар қўмитаси вице-президентига ҳамма ҳам пул тўламайди".
Тебас УЕФА билан юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан афсусда: “Бу испан футболи тарихидаги энг ёмон воқеа. Лапорта арвоҳлар йўқ жойда уларни кўришни бас қилиши ва қўлидан келганича терговга ёрдам бериши керак”.