Хориж чемпионатларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари сўнгги дам олиш кунлари ўз клублари сафида расмий учрашувларда майдонга тушишди.
ҚОЗОҒИСТОН
Қозоғистон Премьер-лигасининг 22-турида Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчиларнинг барчаси ўз клублари сафида майдонга тушишди. Ярим ҳимоячи Темур Кападзе ва ҳужумчи Марат Бикмаев чемпионатнинг яққол аутсайдери –«Окжетпес»га қарши ўйинда «Актобе» сафида 90 дақиқа ҳаракат қилган бўлса, ҳужумчилар – Александр Гейнрих («Актобе») ва Улуғбек Бақоев («Иртиш») 78-дақиқада алмаштирилишди.
«Актобе» – «Окжетпес» учрашуви 5:2 ҳисобида майдон эгалари ғалабаси билан якунига етди. Ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг яхши тўпурарларидан бири Александр Гейнрих дублга эришди. Бу унинг Қозоғистон чемпионатидаги учинчи голи бўлди.
Улуғбек Бақоев эса «Тараз»га қарши ўйинда пенальтидан гол урди, бироқ бу «Иртиш»ни мағлубиятдан қутқариб қола олмади. Улуғбек Бақоев айни вақтда 10та гол билан (ундан учтаси пенальтидан урилган) Қозоғистон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Эътиборли томони, Қозоғистон чемпионатида уриладиган кейинги гол Бақоев учун қўшни мамлакат биринчилигидаги 100-гол бўлади. Таъкидлаш жоиз, хориж чемпионатларида 100тадан ошиқ гол урган ягона ўзбекистонлик футболчи, шу вақтгача, Максим Шацких эди.
Қўшимча сифатида: Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўйинлар ўтказиш бўйича рекордчи ҳисобланган «Актобе» ярим ҳимоячиси Темур Кападзе, Қозоғистоннинг нуфузли «Sports.kz» интернет-нашри танловига кўра, мамлакат Премьер-лигасининг энг яхши дебютант-легионери сифатида тан олинди. «Ушбу футболчи чемпионатимизда тўп сураётганига эндигина бир неча ой бўлди, бироқ у Қозоғистон футбол жамоатчилиги орасида ўзига яраша номга эга бўлиб улгурди. Бугун «Актобе»нинг ўйинини Кападзесиз деярли тасаввур қилиб бўлмайди», - дейилади интернет-нашрдаги хабарда.
ХИТОЙ
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги икки учрашувида майдонига тушган марказий ҳимоячи Анзур Исмоиловнинг жамоаси – «Чангчун Ятаи»нинг «Циндао Жонун»га қарши ўйини қолдирилди. Хитой чемпионатидаги бошқа бир ўзбекистонлик – Камолиддин Тожиев эса ўз жамоаси – «Жиангсу Сейнти» Хитой чемпионатининг 24-турида «Гуижоу Рене» жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Тожиев ўйинда 90 давомида ҳаракат қилди. Ушбу ғалаба «Жиангсу»га мусобақа пешқадами – «Гуангчжоу Эвергранд»ни изма-из таъқиб этиб бориш имконини берди.
РОССИЯ
Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда Ўзбекистонга бир очко келтирган гол муаллифига айланган Владикавказнинг «Алания» клуби ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов Россия Премьер-лигасининг 8-туридан ўрин олган ЦСКАга қарши сафар учрашувида 66 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди. Бахтга қарши, «Алания» ушбу ўйинда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олмади. Санжар Турсунов захирага чиқарилишидан 17 дақиқа аввал Япония терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кейсуке Хонда ҳисобни очишга улгурган эди. Ўйин якунланиши арафасида Хонда яна бир марта «Алания» дарвозасини ишғол қилиб, ЦСКАга 2:0 ҳисобида муваффақият келтирди.
«Анжи» ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ўтган ҳафтадан бошлаб машғулотларга киришди. Доғистон клуби расмий сайти хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг етакчиларидан бири тренажер залда шуғулланишни бошлаган. «Анжи»нинг ўзи сўнгги турда «Краснодар»ни қабул қилиб, 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Россия 1-дивизиони иштирокчиси – «Нефтехимик» жамоасида тўп сурувчи Вагиз Галиулин 17 сентябрь куни «Балтика»га қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин. «Нефтехимик» 11 учрашувдан сўнг 16 очко тўплагани ҳолда 17 жамоа орасида 7-ўринни эгаллаб турибди.
САУДИЯ АРАБИСТОНИ
Жанубий Корея терма жамоасига қарши ЖЧ-2014 саралаш ўйинида бурчак тўпларини ажойиб тарзда амалга оширган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров Саудия Арабистони 6-туридан ўрин олган «Ар-Риёд»га қарши сафар ўйинида «Аш-Шабоб» сафида майдонга тушмади. Шунга қарамай, «Шабоб» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ҳамда мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда.
Шавкат Муллажонов тўп сурувчи «Ан-Наср» жамоаси тур доирасида «Ҳажр» клубини қабул қилди. Ўйин тақдирини 64-дақиқада Абдулраҳмон ал-Қаҳтоний томонидан киритилган гол ҳал қилди. Муллажонов ушбу ўйинда 83-дақиқа давомида ҳаракат қилди, сўнг Умар Ҳавсавийга алмаштирилди.
7-турда Жепаровнинг клуби 24 сентябрь куни «Ал-Ҳилол» меҳмони бўлса, Муллажонов жамоадошлари билан 7-турдан ўрин олган «Ал-Иттифоқ»га қарши ўйинни 11 ноябрь куни ўтказишади. Шундай қилиб, Муллажонов клубининг энг яқин ўйини 29 сентябрь куни Саудия чемпионати 8-тури доирасида «Ал-Ваҳда»га қарши ўтказилади.