"Аделаида Юнайтед" бош мураббийи Жон Космина бугун ўтказилган матбуот анжуманида жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири Дарио Видошичнинг "Бунёдкор"га қарши ўйинда майдонга тушиш имкониятини 50/50 дея баҳолади.
Косминанинг айтишича, клуб мутахассислари Видошични ўйинга тайёрлаш борасида қўлдан келган барча ишни қилишади.
"Видошич бироз хафа бўлди, аммо врачларнинг айтишича, у олган жароҳат унчалик хавфли эмас", дейди Космина.
Эртанги ўйин "Аделаида Юнайтед" ва "Бунёдкор" ўртасидаги бешинчи тўқнашув бўлиб, бунгача австралияликлар 2та ғалаба ва 1та дурангга эришишган. Бир ғалаба эса тошкентликлар томонида бўлган.
"Клублар яқин ойлар ичида ва аввал ҳам ўзаро ўйинлар ўтказишган. Умид қиламан, бу ҳолат бизнинг фойдамизга ишлайди. Айниқса, ўз уйимиздаги ўйин бизга катта ёрдам бериши керак", дейди мураббий.
Австралияда ҳали миллий чемпионат ўйинлари бошланмаган бўлсада, Жон Космина олиб борилган тайёргарликдан кўнгли тўлганини айтиб ўтди.
"Биз "Бунёдкор" қандай ўйнашини яхши биламиз. Улар бизга ёки "Сёнгнам"га қарши ўтказган ўйинларидан кескин фарқ қиладиган ўйин кўрсатишмаса керак. Биз эса ўз ўйинимизни кўрсата олсак, ҳаммаси жойида бўлади. Ўйинга турли тактикаларни танлашингиз мумкин, аммо ўйинда қайсидир футболчи яхши ҳаракат қилмаса ёки рақиб жамоа кучли ўйнаса, майдонда вазиятга қараб иш кўриш керак бўлади", дейди Жон Космина матбуот анжуманида.