“Одамзод ҳаётида шундай воқеалар бўладики, улар ҳеч қачон унутилмайди, умрбод ёдда сақланади, унинг авлодлари томонидан ҳам фахр билан тилга олинади”.
Муҳтарам Президентимизнинг бу сўзлари жорий йил Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ҳамда ХIV Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини улуғлаган мардонавор спортчиларимизнинг иштироклари ҳамда қўлга киритган муваффақиятларига ҳам тўла таалуқлидир.
Олимпия ўйинларида эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Артур Таймазовни Олимпиада чемпиони деган шарафли номга учинчи маротаба (Афина-2004, Пекин-2008, Лондон-2012) сазовор бўлгани ҳар қанча тахсинга лойиқ. Машҳур полвонимиз 2000 йили Сидней (Австралия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлганганлигини ҳам инобатга олсак, Артур Таймазовни дунё спорт оламида нечоғлик юксак обрўга эга эканлигидан далолат беради. Таъкидлаш жоизки, жаҳон спорти тарихида бундай юксак ютуқларга эришган спортчилар камдан-кам бўлган.
Дунёнинг энг йирик спорт анжуманида яна уч нафар спортчиларимиз, дзюдо кураши бўйича икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров, бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ҳамда “Пекин-2008” Олимпиада ўйинлари совриндори Сослан Тигиев бронза медалларини қўлга киритишди. Халқаро дзюдо федераcияси томонидан “Замонамизнинг энг кучли дзюдо устаси” деб эълон қилинган Ришод Собиров, тўрт йил аввал Хитойда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида ҳам бронза медалига сазовор бўлган эди. Тажрибали полвонимиз Лондон Олимпиадасида ҳам совриндорлар сафидан ўрин эгаллаб, ўзбекнинг мард баҳодирлари нималарга қодирлигини дунё аҳлига яна бир бора исботлади.
Албатта, қўлга киритилган бундай буюк ғалаба ва ютуқлар келажагимиз эгаларига ўрнак ва ибрат бўлиш билан бирга, қанчадан-қанча ёшларимиз қалбида спортга бўлган мехрни янада шакллаништириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Мамлакатимиз спортчиларининг халқаро спорт майдонларида эришаётган муваффақиятлари доимо халқимиз назарида, Давлатимиз эътиборида бўлиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 14 август куни қабул қилинган “Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчиларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Олимпиада ўйинларида эришган ютуқлари билан Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун бронза медаллари соҳиблари бўлган Ришод Собиров ва Сослан Тигиев “Ўзбекистон ифтихори”, Аббос Атоев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонлари билан тақдирланди.
Лондон Олимпиадаси чемпиони Артур Таймазов юртимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш ишига қўшган улкан ҳиссаси, Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришгани учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
Маълумки, Олимпиада ўйинлари якунлангач, орадан икки ҳафта ўтиб Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган шаҳарда Паралимпия ўйинларига старт берилади.
Лондонда бўлиб ўтган XIV ёзги Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини 10 нафар спортчиларимиз ҳимоя қилишди. Агарда бундан тўрт йил муқаддам Пекин-2008 Паралимпия ўйинларида 2 нафар спортчиларимизни иштирок этганлигини инобатга олсак, кейинги тўрт йилда муваффақиятлар салмоғи сезиларли даражада юксалганлигидан далолат беради.
Эътиборлиси, юртимиз шарафини ҳимоя қилган 10 нафар спортчиларимиздан 9 нафари (Равил Диганшин “Пекин-2008” Паралимпия ўйинларида қатнашган) Паралимпия ўйинларида илк бор иштирок этганлигига қарамай, уларнинг деярли барчалари саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, ҳал қилувчи финал мусобақаларида медаллар учун кураш олиб бордилар.
Дзюдо устаси Шариф Ҳалилов вазни 73 кг.гача бўлган полвонлар беллашувида финалгача бўлган беллашувларни муддатдан аввал соф ғалаба билан ўз фойдасига ҳал қилиб, кумуш медал соҳиби бўлди. Бу Паралимпия ўйинларида расман иккинчи бор иштирок этган Ўзбекистон делегаcияси томонидан қўлга киритилган дастлабки медал бўлди. Қувонарлиси, ҳамюртимизнинг ушбу тарихий ғалабаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 21 йиллик байрами кенг нишонланаётган шукуҳли кунда қўлга киритилди.
Бундан ташқари енгил атлетиканинг диск улоқтириш мусобақаларида Ҳусниддин Норбеков 4-ўринни эгаллаган бўлса, сузиш баҳсларида иштирок этган Кирилл Панков 6-ўринни банд этиш билан бирга, икки бор Осиё рекордини янгилади.
Ўзбекистон Паралимпиячилари қўлга киритилган медаллар бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида БИРИНЧИ (ушбу ҳудуддан фақатгина Ўзбекистон спортчиси совринли ўринга сазовор бўлди), Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ўртасида бешинчи, дунёда эса 167 давлат орасида 67-ўринни эгаллашди.
Мамлакатимиз спортчиларнинг ушбу муваффақиятлари Ўзбекистонда паралимпия ҳаракати қай даражада тараққий этиб бораётганлигининг амалдаги ёрқин исботи бўлди.
Бугун юртимиз спортининг кўзгуси ҳисобланган Олимпия шон-шуҳрати музейида ХХХ ёзги Олимпиада ҳамда XIV Паралимпияда ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган бир гуруҳ спортчиларимизни мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари У.Рўзиқулов, Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Акрамов, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциасияси раиси А.Шарафутдинов, Миллий Олимпия Қўмитаси президенти М.Бабаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга Давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар натижасида халқаро майдондаги муваффақиятларимиз салмоғи йилдан-йилга юксалиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, ўз олдиларига Ватанимиз шон-шуҳратини юксалтиришдек олийжаноб мақсадларни қўйган барча спортчиларимизга келгусида ҳам улкан зафарлар тиладилар.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарига мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун самимий миннатдорлик билдирдилар, бундай ғамхўрликка жавобан келгуси мусобақаларда ҳам Ўзбекистон байроғини сарбаланд этишга сўз бердилар.
Шундан сўнг, Олимпиада ўйинлари ғолиби Артур Таймазовга Тошкент шаҳри, А.Навоий кўчасида янги қад ростлаган уйдан 5 хонали, Олимпиада ўйинларининг бронза медалларига сазовор бўлган Ришод Собиров, Аббос Атоев ҳамда Сослан Тигиевларга 3 хонали квартираларининг калитлари тантанали суръатда топширилди. Маълумки, юқорида номлари зикр этилган спортчиларимизга бироз аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра пул мукофотлари ҳамда А.Таймазовга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Малибу” русумдаги автомобилнинг, Р.Собиров, А.Атоев ва С.Тигиевларга “Ласетти” русумидаги машиналарнинг калитлари топширилган эди.
Бугун бўлиб ўтган тадбирда, шунингдек, XIV Паралимпия ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган Шариф Ҳалиловга 75.000 АҚШ доллари, “Ласетти” автомобилининг калити тантанали суръатда топширилди. Бундан ташқари маҳоратли спортчимизга ўзи Бухоро шаҳри марказидан уч хонали квартира ҳам ажратилганлиги эътироф этилди.
Тадбирда Олимпиада ҳамда Паралимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган қолган спортчиларимизга ҳамда уларнинг устоз-мураббийларига ҳам пул мукофотлари топширилди.
- Бу кун менинг ҳаётимда энг ёдда қоларли кун сифатида мухрланди – дейди Пекин-2008 ҳамда Лондон-2012 Олимпиада ўйинлари совриндори, икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров. Муҳтарам Президентимиз томонидан биз спортчиларга қаратилаётган юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрликларига муносиб бўлиш учун, келгусида бунданда юқори натижаларга эришиб, она Ватаним довруғини янада улуғлаш ёълида бор куч ва маҳоратимни сафарбар қиламан.
- Шуни ишонч билан айтаманки, бугунги тадбир ҳар бир спортчи ва мураббийлар қалбида ғалабага бўлган интилиш ҳисларини янада жўш урдирди. Бугунги кунда спортнинг хоҳлаган бир турини олиб қаранг, спортчи ҳамда мураббийлар учун Давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Шундай экан, биздан фақат ўз устимизда кўпроқ ишлаб, яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Бугунги кун менинг хаётимда ҳам энг ёрқин дамлардан бири сифатида мухрланди – дейди дзюдо кураши бўйича Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Тўраев.
Биз ҳам ўз навбатида Ватан шаънини халқаро спорт майдонларида улуғлашдек шарафли вазифага бел боғлаган барча спортчиларимизга келгусида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати