Лионель Месси барча даврлардаги энг яхши тўпурарлардан бири саналади. 2004 йилда Месси "Барселона"да илк марта майдонга тушади ва илк ўйинидаёқ гол уришга эришади. Европанинг кучли лигаларидаги футбол шиддат билан ўзгариб бормоқда. Вақт ўтгани сари Зидан, Ширер, Роналдо каби буюклар ўз бутсаларини деворга илди. Аммо Месси ўз йўлида ҳамон давом этмоқда. Хўш, аргентиналик даҳо давридаги энг яхши тўпурар ким? Бу саволга қуйида жавоб олишингиз мумкин.
10. Эдин Жеко – 221 та гол
Босниялик ҳужумчи 2007 йилдан бери катта саҳналарда ўзини кўрсатиб келмоқда. Голлар борасида унинг натижаси Руни, Обамеянг, Иммобиле ва Вильяларникидан қолишмайди. Жеко 2008-09 йилги мавсумда "Вольфсбург" билан Германия чемпиони бўлади, "Манчестер Сити"га илк АПЛ титулини тақдим этади. У "Рома" сафида ҳам узоқ ҳаракат қилиб, 199 та баҳсда 85 та гол уришга эришганди. Айни дамда 37 ёш бўлган қаҳрамонимиз "Интер" шарафини ҳимоя қилмоқда.
9. Гонсало Игуаин – 237 та гол
Ўз авлодининг энг яхшиларидан бири бўлган футболчи, голлар уриш борасида ўта барқарор эди. Игуаин "Реал" сафида 100 дан ортиқ голга муаллифлик қилади. "Наполи" билан ҳам 71 та гол уришга эришади. "Ювентус" сафида аргентиналик ҳужумчи Италия чемпионига айланади.
8. Луис Суарес – 248 та гол
Суарес 2011 йилнинг аввалида "Аякс"га олиб келинади. Ўшанда у 24 ёш эди. "Ливерпул"да катта саҳнага чиққан ҳужумчини 2014 йилда "Барселона" харид қилади. Суарес Каталонияда 6 мавсум ҳаракат қилиб, клуб тарихидаги учинчи энг яхши тўпурарга айланиб олган эди.
7. Серхио Агуэро – 259 та гол
Мессининг энг яхши дўстларидан бири бўлган Агуеро 2006 йилда, 18 ёшида Европага йўл олади. У "Ателтико" сафида 74 та гол уришга эришган. "Манчестер Сити"даги даври Агуэронинг юқори даражаси сифатида қаралади. Ҳужумчи 10 мавсум давомида 4 марта чемпионликка эришган эди. Юрак билан боғлиқ муаммо Агуэрони 33 ёшида футболдан кетишга мажбур қилганди.
6. Эдинсон Кавани – 267 та гол
Уругвайнинг номсиз жамоасидан 2007 йилда "Палермо" 20 ёшли ҳужумчини харид қилади. Ҳеч ким Каванининг ҳозирги даражасига чиқади деб ўйламаган. Уругвайлик футболчи "Наполи" ва "ПСЖ"да фантастик ўйинлари билан ёдимизда қолган. "Манчестер Юнайтед", ҳозир эса "Валенсия"да, у ўз ишини давом эттирмоқда.
5. Карим Бензема – 276 та гол
Месси сингари Бензема ҳам профессионал футболга 2004 йилда кириб келган. У "Лион"да ўсишни бошлайди. 2009 йилда "Реал" француз ҳужумчисини харид қилади. Тўққиз йил давомида Роналду соясида юрган футболчи, айни дамга келиб асл даражасини намойиш этмоқда. Бензема "Реал" билан 233 та гол уришга муваффақ бўлди.
4. Златан Ибрагимович – 298 та гол
Ибрагимович "Ювентус" томонидан 2004 йилда сотиб олинади. У бу дамга қадар "Мальмё"да 16 та, "Аякс"да эса 35 та гол уришга эришганди. Шундан кейин, ушбу ном юзлаб голлар урди. Улар Италия, Франция, Испания ва Англияда юз берди. Айни дамда 41 ёш бўлишига қарамай, Ибрагимович ўз йўлидан ҳали қайтгани йўқ. Нафақа у учун бегоналигича қолмоқда.
3. Роберт Левандовски – 329 та гол
Польшалик ҳужумчи дунёга Юрген Клоппнинг "Боруссия Дортмунд"ида танилди. "Бавария" томонидан сотиб олингач, Левандовски ҳар йили Германия чемпионлигига эришди. Ўтган мавсумда "Барселона"га ўтган қаҳрамонимиз, ўзининг дебют мавсумидаёқ 17 та гол уришга эришди.
2. Криштиану Роналду – 491 та гол
Ушбу рўйхатдаги ягона Мессидан олдин дебют қилган футболчи Роналдудир. У 2003 йилда "Манчестер Юнайтед"га йўл олади. Португалия юлдузи Мессининг дебютига қадар АПЛда 4 та гол уришга эришганди. "Реал"да афсонага айланган футболчи, Италиянинг "Ювентус" клубида ҳам бир муддат ҳаракат қилди. У кучли бешлик чемпионатларида гол уриш борасида рекордчи ҳисобланади. Агарда Роналдунинг "Спортинг" ва "МЮ"даги голларини ҳам қўшсак, у 498 та гол билан Мессидан ошиб кетган бўларди.
1. Лионель Месси – 494 та гол
Месси бўлмаса, яна ким ҳам бўларди? Бу сўзнинг айтилилиши ҳар қандай солиштиришларда деярли муқаррардир. "Барселона" сафида аргентиналик афсона 520 та ўйинда 474 та голга муаллифлик қилди. Бу эса Европадаги мутлақ рекорд саналади. Месси "ПСЖ" билан ҳам 20 та гол уришга эришди.
ИСМАТОВ Ж.