Кириш Регистрация

“Воҳа дербиси” олдидан...

Баҳо:
+ | -

Кўз очиб юмгунча иккинчи давранинг биринчи ярми ҳам ортда қолди. Яна олти турдан кейин бу йилги мамлакат чемпионати баҳслари ҳам ўз якунига етади. Айни пайтда чемпионлик учун аввалги йиллардан фарқли равишда Олий лигада бир нечта клублар кураш олиб боришмоқда.

Улар орасида шубҳасиз “Насаф” жамоаси ҳам бор. Кейинги олтита турнинг тўрттасини қаршилик футболчилар ўз майдонларида ўтказишса, иккита учрашувда сафарда – “Нефтчи” ва “Андижон” жамоаси билан куч синашишади. Ушбу ҳафтада жамоамиз аъзолари Қаршида Муборакнинг “Машъал” жамоаси билан куч синашишади. Гарчи бу икки жамоанинг мавсум олдидаги мақсади турлича бўлсада, 27 сентябрь куни ҳар иккала жамоа фақат ғалаба учун майдонга тушиши аниқ. Хўш, ушбу ўйинга “Насаф” қандай ҳозирлик кўрмоқда. Ўтган турда Зарафшонда қайд этилган дурангдан керакли хулосалар чиқарилдими? Биз шу ва бошқа саволлар билан жамоамизнинг бир қатор футболчиларига мурожаат қилдик.

-Алоҳида таъкидлашим керакки, айни пайтда жамоамизда муҳит аъло даражада. Жамоамиз аъзолари бир мақсад сари дадил ҳаракат қилишмоқда,-дейди жамоа сардори Ботир Қораев. – Тўғри, ўтган турда Зарафшонда икки очко йўқотдик. Ўша ўйинда устунлик тўлиқ биз томонда бўлди. Кўплаб вазиятларни голга айлантира олмадик. Натижада мезбонларнинг кам сонли ҳужумларидан бири гол билан якунланди. Шунга қарамай учрашув охиригача кураш олиб бордик ва дурангга эришдик. Умуман мавсум олдидан клуб раҳбарияти олдимизга юксак мақсадларни вазифа қилиб белгиланган. Шу боис ҳаммаси ўз қўлимизда. Умид қиламанки, биз мавсум сўнггида олдимиздаги вазифани бажарамиз...

Кейинги тўрт мавсумда жамоамиз шарафини ҳимоя қилиб келаётган Жаҳонгир Жиямуродов анча вақтдан бери майдонга тушмай келмоқда. Бу эса мухлисларнинг хавотирига сабаб бўлиб келаётганди. Хўш, сирдарёлик ярим ҳимоячи қачон майдонга қайтади? Бу ҳақда футболчининг ўзи шундай дейди:

- Жароҳатим боис биринчи даврада охирги учрашувларини ўтказиб юборишимга тўғри келди.  Ўшандан кейин бироз соғлигимни тиклаб икки учта ўйида захирадан майдонга тушдим. Кейинчалик яна тиззамдаги жароҳатим безовта қила бошлади. Давралар оралиғида клубимиз базасида ўринбосарлар билан кечган баҳсда орттирган жароҳатим жиддий бўлиб чиқди натижада иккинчи даврада  ҳозирча бирорта учрашувда майдонга чиққаним йўқ. Ҳозир аста секин аввалги формамни тиклашга ҳаракат қилаяпман. Машғулотларда астойдил ишлаяпман. Мураббийларимиз ҳам менга ишонишларини айтиб далда бўлишмоқда. Охирги турда “Қизилқум”га қарши ўйинда мураббийлар мени таркибга киритишди. Олдимизда муҳим ўйинлар қолди. Ўйлайманки қолган ўйинларда асосий таркибга қайтаман, -дея ўз фикрларини билдириб ўтди Жиямуродов.

Ёш иқтидор эгаси Шоҳруҳ Гадоев бу йил ҳақиқий кашфиётга айланди. Дастлаб ўсмирлар терма жамоасида, кейинчалик миллий терма жамоа таркибида дебют ўйинини ўтказди. Шоҳруҳнинг эндигина 21 ёшга қадам қўйганини ҳисобга олсак, бу унинг учун юксак натижа. Қолаверса, ушбу футболчи жамоа асосий таркибида дебют учрашувини Эрондаги “Озодий” стадионида “Истиқлол” жамоасига қарши ўтказди. Иккинчи давра учрашувларида “Насаф” таркибида у асосан захирадан майдонга тушиб келмоқда. Бунга футболчининг муносабати қандай?

-Албатта бир йил ичида ҳам клубда, ҳам терма жамоада дебют учрашувини ўтказиш футболчига қўшимча куч бағишлайди. Майдонга тушишимга келсак мураббийимиз асосан мени қанот ҳимоясида синаб кўрмоқда. Барчага маълум, чап қанотда бир неча йиллардан бери жамоамиз сардори Ботир Қораев муваффақиятли тўп тепиб келмоқда. Демоқчи бўлганим, жамоамизда ҳар бир чизиқда рақобат катта. Рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади. Ўз вақтида ҳужумда ҳам ярим ҳимояда ҳам тўп тепганман. Энди эса асосан ҳимоя чизиғида ҳаракат қилаяпман. Умуман мураббийлар қайси жойни маъқул кўришса шу жойда тўп тепаман.

Ўтган мавсум бошида клуб билан шартнома имзолаган Илҳом Юнусов ҳам қаршилик мухлисларнинг севимли футболчисидан бирига айланди. У ўтган турдаги натижа ва жамоанинг мақсадлари ҳақида қуйидагиларни билдириб ўтди:

-Гарчи ўтган учрашувдага натижа мухлисларимизни дилини хира қилган бўлсада, биз ўша ўйинни тўлиқ таҳлил қилиб чиқдик ва  кейинги ўйинларда янада яхшироқ ўйин намойиш этиш ниятидамиз. Шу мақсадда мураббийимиз кўрсатмаларини бекаму кўст амалга ошириш учун ҳаракат қилаяпмиз. Икки йилдан бери Қаршида тўп тепаяпман ва бу ерда мени барчаси қаноатлантиради. Жамоамизда ички муҳит ҳам яхши, мухлислар ҳам ҳар доим қўллаб қувватлашади. Насиб этса, мавсум якунига келиб бизни қўллаб қувватлаётган барча инсонлар ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

Давралар оралиғида “Насаф” таркибига келиб қўшилган тажрибали ҳужумчи Владимир Шишелов қисқа фурсатда жамоа ўйинига қўшилиб кета олди. Шу боис у иккинчи даврада бир қатор учрашувларда ҳал қилувчи голларни уриб жамоа муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Футболчининг ўз бу ҳақда шундай дейди:

-Ўтган турда Зарафшонда гарчи очко йўқотган бўлсакда, ўйлайманки, ҳали ҳаммаси ўз қўлимизда. Пешқадамдан бор йўғи уч ортда бораяпмиз. Атиги битта ўйин билан турнир жадвалидаги ҳолат ўзгариб кетиши мумкин. “Бунёдкор” ҳам иккинчи даврада ўз уйида “Андижон” билан дуранг ўйнаб қўйганди. Демоқчи бўлганим кутилмаган очко йўқотишлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Шу боис биз охиригача ҳаракат қиламиз. Чунки “Насаф” бу мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Мен эса қўлимдан келганича жамоамнинг ҳар бир ғалабасига ҳисса қўшиш ниятидаман. Умуман мураббийимизнинг иш услуби менга ёқади. Мен 2000 йилда ҳам Тошев қўл остида “Бухоро” жамоасида тўп тепганман. Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб,  мураббийимизнинг тажрибаси ошганига гувоҳ бўлаяпман. Машғулотлардаги ранг-баранглик барчага ёқади. Йигитлар билан муносабатимим ҳам аъло даражада. Клубимиз базасида ҳам биз учун барча шароит муҳайё этилган. Энди биз футболчилардан фақат чиройли ўйинлар ва ғалабалар талаб этилади. Буни барчамиз дилдан ҳис этиб турибмиз. Шу боис мақсад сари дадил ҳаракат қиламиз...

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 11:03, 26.09.2012.
Ўқилди: 3618 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.